Линклар

Яқинда, тасодифан икки муҳожир-ишчининг мубоҳасаси гувоҳи булдим. Суҳбатлашаëтганлар Янги йил арафасида арча дарахтини безаш керакми ëки йўқми масаласида баҳс юритардилар.

Биринчи ўзбек: Арча байрам бизга ўрислар билан бирга кириб келган, демак бизнинг маданиятимизга умуман тўғри келмайди. Бизнинг ота-бобомиздан колган Янги йил байрами- бу Наврўз! Ана ўша бизнинг ҳақиқий Янги йил байрамимиз!

Иккинчи ўзбек: Энди ўрислар билан кирган бўлсаям, биз ахир Янги йилни ҳозир ҳижрий саноқ билан ўлчамаймизку! Биз бутун дунëда қабул қилинган календар буйича 1 январдан ҳисоблаймизми?! Демак, нимаси ёмон арча безасам? Фарзандларга ўзи шундан бошқа бир байрам ҳам қолмади…Мустақиллик байрами куни ҳеч қаерга чиқиб бўлмаса, байрам фақат Тошканда¸ катталар учун бўлса...энди шу арчаниям бекор қилайликми!

Биринчи ўзбек: Барибир, ўртоқ, ўрислашиб кетгансиз – мусулмончиликка тўғри келмайди ахир Рождествони нишонлаш! Тўғрими гапим?! Ўз қадриятларимиз йўқолиб кетаяпти, деб дод соламиз яна… Бунақада йўқолмасдан нима бўлсин!

Сўнгги йиллари бу каби тортишувларга кўп гувоҳ бўлдим. Бу суҳбат беш йил олдинги бир воқеани эсимга келтирди…

Янги йил арафасида ишхонага келиб¸ ажойиб бир янгилик эшитдим. Эмишки, президентимиз арча-байрам бизнинг қадриятимизга тўғри келмаслиги, уни Ғарб маданияти томонидан бизнинг онгимизга сингдирилаëтганлиги тўғрисида таъкидлагани боис, бу йилдан бошлаб боғча-мактаб-олийгоҳ ва турли муассасаларда арча безаш ва янги йил тантаналарини нишонлаш бекор қилинади! Олиб кел дўппини!!!! Ўша йили 2-синфда ўқийдиган кизчам мактабдаги Янги йил байрамига тайёрлаган куйлагини кия олмагани учун хафа бўлганини кўрсангиз эди… Унга сиëсатнинг кўпинча шунақа мантиқсиз бир нарса эканини қандай қилиб тушунтириб берасиз?!
Ҳамма гап ҳақиқий ва нисбий тушунчалар ўртасидаги фарқдадир… Биз кўпинча ўзимиз хоҳлаган нарсага ишонгимиз келади ва энг ачинарлиси, бошқаларни ҳам ишонтирмоқчи бўламиз. Масалан, «арча байрами» тўғрисида биз нима биламиз? Бир унинг тарихига нигоҳ ташлаб кўрсак…

Қизиқ, Инжилда Рождество байрами, яъни Исо пайғамбарнинг туғилган кунини нишонлаш тўғрисида ҳеч қандай маълумот келтирилмаган. Боз устига, унинг туғилган куни тўғрисида ҳеч қандай маълумот ҳам йўқ. Ҳақиқат шундан иборатки, бизга Исо Масиҳнинг на туғилган кунлари, на ойи ва на ҳатто йили маълум! Бундан эса нима учун Католик черкови томонидан нишонланадиган Исо Пайғамбарнинг туғилган кунлари айнан 25 декабр куни нишонланади? деган савол туғилади.

Қизик бир факт: Инжил нозил бўлган Фаластин ҳудудида арча ўсмайди, у ерда ҳатто қор ёғмайди. Лекин қадимги Бобилда 25 декабр куни катта байрам сифатида нишонланган. Россияда эса Пëтр I нинг махсус буйруғига биноан арчани безаш ва Янги йилни 1 сентябрдан эмас (олдин руслар янги йилни шу кундан бошлаб ҳисоблашган), балки милодий 1 январ 1700 йилдан бошлаб ҳисоблаш жорий этилган: бу билан у «тараққий этган Европа» урф-одатларини рус халқига сингдирмоқчи бўлган. Ўрта асрларда христианлар Исо Масиҳнинг тугилган кунини 19 январ куни нишонлашган. Демак, руслар арча байрамининг вужудга келишига ҳеч қанақасига алоқадор эмаслар! Унда арча байрами қандай килиб насронийлик байрамининг асосий атрибутига айланиб колди?

Қадимдан, Олтой туркларида муқаддас дарахт сифатида айнан арча кабул қилинган. Тангричиликда шундай бир афсона бўлган: оқ чопон кийган, оппоқ узун соқолли қария Улган-бобо ëвузлик ва ўликлар дунëси тимсоли бўлган. Лекин бир йилда бир маротаба у сахий ва меҳрибон бўлган. Албатта, 22 декабр куни! Чунки шу кундан бошлаб кун узайган. Улган-бобо уйқудан туриб, арча дарахти остига ўтириб, арча атрофида қўл ушлашиб қўшиқ айтаëтган болаларга совға улашган. Улган-бобо тўрвасидан кўпроқ совға олиш учун арча дарахти яхшилаб безатилган, ўйин-кулги ташкил этилган.

Арча туркий халкларининг муқаддас дарахти бўлган. Чунки у ерда ўсадиган асосий дарахт хам арча булган. У шаклан осмонга йул кўрсатиб турган. Рус туркшунос олими Мурад Аджининг фикрига кўра русча «ель» сўзи туркча «йўл» сўзидан келиб чиққан. Тангричиликда арча уч дунëни: Юқори, Ўрта ва Қуйи Дунëни ўзида бирлаштирган (Ўликлар дунëси, Борлиқ ва Тангри).
Европага арчани халкларнинг Буюк кўчиши даврида, хуннлар билан бирга жангга отланган кўплаб туркий қабилалар олиб келган. Биринчи бўлиб арчани Европада герман қабилалари безай бошлаган. Айтишларича¸ кўплаб немислашиб кетган туркий қабилалар ўз урф-одатларини унутмасдан сақлаб колганлар. Уларда ҳатто рун ёзувлари сақланиб қолган. Келиб чиқиши ҳанузгача ноъмалум қолаëтган жанубий герман қабилалари, хусусан бургундларнинг, муқаддас дарахти АРЧА бўлган! Уларда ҳам, туркийлардагидек, вафот этган одамнинг уст-бошига арча шохлари ётқизилган…

Шундай қилиб арча байрами дунë кезиб яна ўзимизга янги «либосда» кириб келди. Нима учун биз бундай ажойиб байрамдан воз кечишимиз керак. Ахир ҳеч кимнинг хаëлига «четдан келтирилган» телевизорлардан, самолëтдан, картошкадан, сигаретдан воз кечиш келмайдику?! Бундай буйруқларни чиқараëтган одамлар костюм-шимда, галстукда бўлса керак? Ëки улар шалварда, дўппи кийиб бундай мантиқсиз буйруқларни бераëтирмилар?! Савол туғилади: қандай қилиб оқ дўппи кийган ëки арча безаган одамнинг калласида «экстремистик», «бузғунчи» фикрлар пайдо бўлиши мумкин?

Буюклардан бири айтган экан «Ақл-заковат муайян даражада юқори бўлади; фақат ахмоқлик тубсиздир!»

Бир нарсани йўқотиш ëки бузишдан олдин ўйлаш қобилиятини ишга туширсак анча-мунча муаммолардан қутилар эдик.

Дарахтларни кесишдан олдин, миналаштиришдан олдин, дўппиларни тақиқлашдан олдин, пахта экишдан олдин, одамга «лой» чаплашдан олдин, бажариб бўлмас талабларни қуйишдан олдин, қўшни билан муносабатни бузишдан олдин, пластик карточка чиқаришдан олдин….

Ахир инсонга Юқоридан берилган энг олий неъмат – бу фикрлаш қобилиятидир. Келинг, Янги йилда Қорбободан шу қобилиятни кам қилмасликни сўрайлик!

Москва, 29декабр, 2009 йил.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG