Линклар

2009 йил - ўзбек ҳуқуқ фаоллари ҳаëтида


Ўзбекистонлик ўнлаб ҳуқуқ фаоллари 2010 йилни қамоқхона панжаралари ортида кутиб олдилар.

Ўзбекистонлик ўнлаб ҳуқуқ фаоллари 2010 йилни қамоқхона панжаралари ортида кутиб олдилар.

2009 йилда ҳам Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари борасида тўхтовсиз равишда халқаро ҳамжамият танқидларига учраб келди. Ўтган йил ҳам ҳуқуқ фаоллари ва мустақил журналистларни ҳибсга олишларсиз, калтаклашларсиз, провокацияларсиз ўтмади.

2009 йил бошида “Ўтюраклар клуби” раҳбари, фарғоналик ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева Американинг “Жасоратли аёл” мукофоти билан тақдирланди.

АҚШ Давлат департаментининг “Жасоратли аёллар... Узоқни кўзловчи аёл” мукофоти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда катта жасорат кўрсатган хотин-қизларга тақдим қилинади.

Мўътабар Тожибоевага ушбу мукофот АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва президент Барак Обама рафиқаси Мишел Обамалар томонидан топширилди.
- Бугунги кунда шу мукофотнинг айнан менга берилишида ўзгача бир рамзий маъно бор, деб ҳисоблайман. Яъни бу Ўзбекистонга бутун ҳамжамиятнинг эътиборининг кучайгани¸ Ўзбекистондаги вазиятга жиддий қараб¸ бу ҳолатга ўз муносабатларини билдираëтганликларини исботлайди, деган эди Мўътабар Тожибоева 11 март куни Вашингтондан туриб Озодликка берган интервюсида.

Мўътабар Тожибоеванинг АҚШ ҳукумати томонидан тақдирланиши ўзбекистонлик бошқа ҳуқуқ фаоллари дилига ҳам мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига халқаро эътибор кўпроқ қаратилиши умидини солди.

Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон йил давомида халқаро ташкилотлар эътиборида бўлгани кузатилди. Ҳар қандай халқаро ҳисоботларда Ўзбекистон ҳам албатта тилга олинди. Табиийки, бу ҳисоботларда Ўзбекистон, асосан, салбий жиҳатлари билан намоён бўлди.

Масалан, Freedom house - Озодлик уйи ташкилоти ўз ҳисоботида Ўзбекистонни “Ёмонларнинг ёмони” рўйхатига қўшди.

Freedom house ташкилотига кўра, “Ёмонларнинг ёмони” сифатида тилга олинган дунёдаги саккиз давлатда, жумладан, Ўзбекистонда қатағонлар энг шафқатсиз тарзда амалга оширилади ҳамда инсон ҳуқуқлари энг кескин поймол қилинади.

АҚШ Давлат департаментининг инсон ҳуқуқларига оид йиллик ҳисоботида эса Ўзбекистонда айрим ижобий ўзгаришлар кузатилгани қайд этилгани ҳолда¸ умумвазиятнинг ночорлигича қолаëтгани айтилди.

2009 йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида кузатилган ижобий ўзгаришлардан бири мамлакат Омбудсменига қамоқхоналарга ҳеч қандай тўсиқсиз, истаган вақтида кира олиш имкони берилгани бўлди.

Шунингдек, Халқаро Қизил хоч ташкилоти вакиллари ҳам 2009 йилда Ўзбекистон қамоқхоналарига кириш имконини яна қўлга киритишди.

Лекин таҳлилчиларга кўра, бу билан Ўзбекистон қамоқхоналаридаги вазият ўзгармади.

Мисол учун, Жаслиқ қамоқхонасида қолаётган диссидент шоир ва мухолифатчи Юсуф Жуманинг йил давомида мунтазам қийноққа солингани мунтазам айтилди.

Диссидент шоир Юсуф Жума Жаслиқ қамоқхонасида аёвсиз қийноққа солинмоқда.
- Аҳволлари ачинарли. Менга елкасини¸ белини кўрсатди. Белларида дубинканинг қорайиб кетган изи турибди. Изоляторга ташлашдан олдин роса калтаклашибди, деган эди шоирнинг қизи Феруза Жаслиқда отаси билан учрашгач.

Ўн беш йилдан буён қамоқхонада сақланаётган Мурод Жўра ҳам йил давомида бир неча бор жазо изоляторига ташланиб, озодликка чиқишига саноқли ойлар қолганида эса, унга яна уч йил қўшиб берилди.

Қамоқхоналарда қолаётган бир қатор ҳуқуқ фаолларининг аҳволи оғирлашгани ҳақидаги совуқ хабарлар ҳам йил давомида тўхтамади.

Жумладан, Алишер Кароматов билан Норбой Холжигитовлар соғлиги ёмонлашгани боси Тошкентдаги маҳбуслар шифохонаси – “Сангород” га кўчирилдилар.

Шунингдек, 2009 йилда ҳам қама-қамалар давом эттирилиб ўнга яқин ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар турли айбловлар билан қамоққа тиқилди.

Ҳуқуқ фаоли ва мустақил журналист Дилмурод Саййид товламачилик ва бошқа бир қатор айбловлар билан 12, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Аппеляция суди ҳам бу ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.

2009 йилда Дилмурод Саййид ўзининг қамалгани етмагандай, устига устак, оиласидан ҳам ажралди. 5 ноябр куни Навоийдаги қамоқхонага бориб Дилмурод Саййид билан учрашмоқчи бўлган унинг рафиқаси Барно Жуманова ва олти яшар қизчаси Руҳшона автоҳалокатга учраб¸ фожиа жойида ҳалок бўлдилар.

Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Дилмурод Саййиднинг қамоққа олинишини Тошкент ҳукуматининг эркин фикр ва ҳуқуқ ҳимоячиларига мутлақ тоқатсизлигининг навбатдаги намунаси сифатида баҳолади.

- Менимча¸ бу ҳолат яна бир бор Ўзбекистонда эркин фикр билдириш имконлари йўқлиги ва Тошкент ҳукуматининг сўз эркинлигига тоқатсизлиги далолатидир. Ташкилотимиз журналистни озод этишни талаб қилади, деган эди ташкилот вакили Элза Видал.

Бошқа бир қатор халқаро ташкилотлар жумладан, Ҳюман Райтс Уотч, ЕХҲТ нинг Матбуот эркинлиги бўйича махсус идораси¸ қароргоҳи Ню-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳам Дилмурод Саййиднинг узоқ муддатга қамалишини қоралаб, Ўзбекистон ҳукуматини Дилмурод Саййидни озод этишга чақириб келмаяптилар.

Шунингдек, 2009 йилда дунёдаги 32 та халқаро ташкилот қўшма баёнот билан чиқиб, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовдан журналист ва ҳуқуқ фаоли Солижон Абдураҳмоновни қамоқдан озод қилишни сўради.

Солижон Абдураҳмоновнинг ҳамкасблари унинг касбий фаолияти учун қамалганини таъкидлаб келадилар.
Айни пайтда Қаршидаги қамоқхонада сақланаётган Солижон Абдураҳмонов банг моддаси сотишга ҳаракат қилганликда айбланиб, 10 йил муддатга қамоқ жазосига маҳкум қилинганди.

2009 йилнинг 25 март куни Қорақалпоғистон Олий суди Солижон Абдураҳмоновнинг назорат тартибидаги аризасини кўриб чиқиб, ўн йиллик қамоқ жазосини ўз кучида қолдирди.

Ўтаётган йилда марғилонлик ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхонов беш йил, тошкентлик ҳуқуқ фаоли Фарҳод Мухторов тўрт йил ва асакалик кекса журналист Кушодбек Усмонов олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм этилдилар.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянсининг 10 нафар аъзоси ноқонуний пикет ўтказганликда айбланиб, жаримага тортилди. Йил давомида Альянснинг яна бир қанча фаоллари турли айбловлар билан маъмурий жавобгарликка тортилдилар.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли, қаршилик Нодир Аҳатов ҳам жорий йилда интернет нашрлари орқали ёлғон маълумот тарқатганлик айби билан маҳкамага тортилиб, суд ҳукмига мувофиқ, унга 300 минг сўмга яқин жарима солинди.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли ва фермер, 35 ёшли Оязимхон Хидирова 28 июл куни ҳибсга олиниб, унга нисбатан 13 та айблов шу жумладан безорилик, фирибгарлик ва солиқ тўлашдан бош тортиш айбловлари илгари сурилган эди.

18 август куни Ҳюман Райтс Уотч баёнот эълон қилиб, Оязимхон Хидировани дарҳол озод этишга чақирди. Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўлими раҳбари Холли Картнер Хидированинг ҳибсга олиниши жиддий хавотирланишга асос беришини айтганди.

- Биз Ўзбекистонда коррупцияни фош этаётган ва фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилаётган ҳуқуқ фаолларининг кўпроқ таъқиб этилаётганини кузатмоқдамиз. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг таъқиб этилиши бу мамлакатга хос одатий ҳолатдир, деган эди Ҳолли Картнер.

Кейинчалик бир ойлик ҳибсдан сўнг Оязимхон Хидирова амнистия асосида суд залидан озод қилинди. Хидирова Ўзбекистон Мустақиллигининг 18 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистияга асосан озод этилган биринчи ҳуқуқ фаоли бўлди.

2009 йили маҳаллий ва халқаро жамоатчилик учун кутилмаган бир тарзда “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси етакчиси Санжар Умаров ҳам қамоқдан озод қилинди.

Санжар Умаров 2005 йил октябр ойида қўлга олинган ва 2006 йил март ойида, дастлаб, 14¸5 йилга, кейинчалик эса аппеляция суди қарори билан 10¸5 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

“Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси етакчиси Санжар Умаровнинг озод қилиниши кўпчилик учун кутилмаган янгилик бўлди.
Жазо муддатининг тўрт йилини ўтаган Санжар Умаров 2009 йилнинг 7 ноябр куни, жамоатчиликка кутилмаган ва сабаблари ошкор қилинмаган тарзда, муддатидан аввал озод қилинди.

Санжар Умаровнинг озод этилганини олқишлай туриб Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти Ўзбекистон қамоқхоналарида ўта аянчли вазиятда қолаëтган бошқа сиëсий маҳбусларнинг ҳам зудлик билан озод қилинишини сўради.

2009 йилда жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячилари Зиёдилло Раззоқов ва Оллоназар Ҳасанбоевлар билан боғлиқ маҳкама ҳам бўлиб ўтди. Лекин бу маҳкамада ҳуқуқ фаоллари даъвогар сифатида иштирок этишди ва судда ғолиб чиқишди. 2008 йил охирида Зарбдор туманидаги 1-ўрта мактаб директори буйруғига кўра ишдан бўшатилган Зиёдилло Раззоқов билан Оллоназар Ҳасанбоевлар суд қарори билан ишга қайта тикландилар.

Айни пайтда ҳибсда сақланаётган қаршилик ҳуқуқ фаоли Ғайбулло Жалилов эса ҳозирда суд ҳукмини кутаяпти. Ғайбулло Жалилов ва унинг уч шериги Қаршидаги бир қатор объектларни, жумладан, Қарши шаҳар аэропорти ва “Хонобод” ҳарбий базасини портлатишга тил бириктиришда айбланаяптилар.

2009 йил давомида ҳуқуқ фаоллари ва мустақил журналистларга нисбатан бир қатор провокация кўринишидаги ҳаракатлар ҳам кузатилди.

Жиззахлик фермер ва ҳуқуқ фаоли Оязимхон Хидирова раҳбарлардан 22 гектар жойдаги буғдойни ўз вақтида ўришга рухсат берилишини талаб қилгани учун калтакланди.

БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига кетаётган пайтида уч нафар ҳуқуқ фаоли – Елена Урлаева, Саломат Бойматова, Элнур Абдуловлар шафқатсиз калтакланиб, кейин милиция бўлимига олиб кетилди.

Елена Урлаева кейинчалик ҳам бир неча бор калтакланди. Лекин Елена Урлаева раҳбарлигидаги Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси йил давомида мамлакат ичкарисида мунтазам равишда норозилик акциялари ўтказиб келдилар.

11 ноябр куни жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиëр Ҳамроев номаълум шахслар томонидан дўппосланган бўлса¸ яна бир фаол - Маъмуржон Азимовни милиция ходимлари калтаклаган. Иккала ҳуқуқ фаоли ҳам калтаклаш воқеаси “Бирдамлик” ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориев билан учрашувдан кейин содир бўлганини билдиришган эди.

Ҳюман Райтс Уотч тадқиқотчиси Таня Локшинага Қарши ва Марғилонда ҳуқуқ фаоллари билан учрашишига тўсқинлик қилиниб, унга ҳатто номаълум аёл ҳужум ҳам қилган.

- Қаршида менга нотаниш аёл ҳужум қилди. Мен юз фоиз аминманки, бу провокация эди. Маҳаллий куч ишлатар тузилмаларининг провакацияси эди. Нотаниш аёл бақира-чақира менга ташланиб, сочимдан юла бошлади. Ўзбекистонда мен билан содир бўлган воқеалар маҳаллий ҳуқуқ фаоллари билан доимий равишда бўладиган ҳолат. Бу каби провокациялар, жанжал саҳналари, ҳужум саҳналари Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг типик ҳаракатларидир, деган эди Таня Локшина Ўзбекистондан қайтгач Озодлик билан суҳбатда.

Йил якунида, аниқроғи, 21 декабр куни Ўзбекистон телеканалида "Ниқоб остидаги зўравонлик" ҳужжатли филми намойиш этилди. Филмда ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари Исоқ Абдуллаев, Солижон Абдураҳмонов, Оязимхон Хидирова ва Юсуф Жумалар "ҳуқуқ ҳимоячиси ниқоби остида жамият учун зарарли фаолият олиб борганлари" танқид қилинди.

Айтиб ўтиш жоизки, бу тўртала ҳуқуқ фаоли бир қатор халқаро ташкилотлар томонидан сиёсий қарашлари ва ҳуқуқ ҳимоячиси фаолияти учун қамалган "виждон тутқунлари" сифатида талқин этилади. Халқаро ташкилотлар ёйинлаган маълумотларда айтилишича, бу тўрт нафар ҳуқуқ ҳимоячисига нисбатан жиноят ишлари қалбакилаштирилган.

2009 йил якунида Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти баёнот билан чиқиб, Ўзбекистон расмийларидан ҳуқуқ ҳимоячиларни таъқиб этишни, уларнинг ишларига тўсқинлик қилишни тўхтатишни ҳамда мамлакатда эркин ишлашларига имконият яратишни талаб қилди.
XS
SM
MD
LG