Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:22

Шу куннинг латифаларидан


Ўзбекистонда одамлар ҳатто ҳангомалашишдан ҳам қўрқиб қолишган...
Ўзбекистонда одамлар ҳатто ҳангомалашишдан ҳам қўрқиб қолишган...

Айтишларича¸ ўтаëтган йилда ўзбекистонликлар орасида сиëсий латифа айтишлар камайган. Бунга бир томондан¸ "қулоқлар"нинг кўпайгани¸ бошқа томондан жамиятдаги сўник руҳнинг янги латифаларга доялик қилолмаëтгани сабаб дея кўрилмоқда.

- Ўзбекча демократия советча демократиядан тўрт марта демократикроқ, - дебди Насриддин Афанди.

- Қанақасига?! – ҳайрон бўлишибди ўзбеклар.

- Советча демократияда битта индамас номзод кўрсатилар ва индамас халқ ўшани сайларди. Ўзбекча демократияда эса, индамас халқ тўртта индамас номзоддан биттасини сайлаб олади.

Мана бу эскироғи:

“Путин¸ Американинг олдинги президенти Буш¸ Ислом Каримов учаласи бир бўлиб балиқ овига чиқса¸ сувдан бир жин чиқиб қолибди. “Мен жинман. Нима тилакларинг бўлса¸ бажараман” деса¸ “Бизнинг ҳамма тилакларимиз бажарилиб бўлган. Сен бизга нима қилиб бера оласан?” дейишипти. “Мен сизларга келажакни айтиб беришим мумкин” дебди жин. Буш “Бу Американинг ҳаëти қачон ҳозиргидан ҳам яхши бўлиб кетади?” деб сўраса¸ “Яна 10 йилдан кейин яна ҳам яхши бўлиб кетади” дебди. Путин “Россиянинг ҳаëти қачон яхши бўлиб қолади?” деса¸ “Россияники узоқроқ. Яна 30-35 йил қийинчилик давом этади. Ундан кейин яхши бўлиб кетади” дебди. Навбат Ислом Каримовга келиб “Бизнинг Ўзбекистонда қачон ëруғликка чиқиб яхши бўлиб кетади? Ўзи ҳозир ҳам яхшию қачон бундан ҳам яхши бўлиб кетар экан?” деса¸ жин ўйланиб-ўйланиб йўқолиб кетиб¸ узоқдан “Унгача мен яшамас эканман” деб овоз келармиш”.

Мана буниси эса, латифа эмас, бўлган гап.

Абдураҳмон Ташановдан.

Абдураҳмон Ташанов: Ўзига хос анекдот бу ҳам. Мирзо-Улуғбек Абдусаломов “Ўзбекистонда биринчи марта сайлов бюллетенлари сохталаштириб бўлмайдиган қиммабаҳо қоғозларга босилди. Ҳали дунëнинг бирорта давлатида бунақа қимматбаҳо қоғозларга босилгани йўқ” деяпти.

Озодлик: Нима кераги бор унақа қимматбаҳо қоғозга босишнинг?

- Гап шундада. Кимга керак уни сохталаштириш? И так ҳам ўзи тушунарлию¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Латифа, хусусан, сиёсий латифа нима ўзи? Адабиётшунос Бахтиёр Исабеков тушунтиради.

- Латифа¸ менинг назаримда¸ фақат салбий белгиларни¸ яъни жамиятдаги салбий ҳодисаларни ифода этиш учунгина хизмат қилади. Ҳар ҳолда латифада кишилар ўзининг дардини кулги билан айтадиган жанр деб биламан. Жамиятда латифа пайдо бўла бошладими демак ўша жамиятнинг қаерларидадир ëки умуман жамиятда салбий ҳодисалар ҳукмронлигини акс эттиради. Шунинг учун ҳам латифалар бу ердаги матбуотда чиқа олмайди. Бизда Ўзбекистонда чиқадиган ҳамма латифалар маиший маънодаги¸ кундалик турмуш маъносидаги латифалар. Сиëсий латифалар мутлақо нол¸ дейди Бахтиёр Исабеков.

Демак, латифа, хусусан, сиёсий латифа – дардни кулиб айтиб олиш воситасидир.

Баъзилар латифа айтади. Баъзилар эса бугуннинг савдоларини қадимий китобларни ўқиш орқали тушунишга ҳаракат қилади.

Қашқадарёлик Ҳасан Кайфий ўшалардан бири.

- Қадимги Юнонистонда Аристофан деган ëзувчи ўтган экан. Ўша ëзувчининг эрамиздан олдинги 392 йилда ëзилган “Халқ мажлисдаги аëллар” деган комедиясини ўқиб қолдим. Ўша комедияда аëллар “Нима халқ мажлисига доим эркаклар ўтирадими? Биз эгалик қилишимиз керак” деб ҳаммаси иягига соқол¸ лабига мўйлов ëпиштириб¸ эрталаб халқ мажлисидаги ҳамма курсиларни эгаллаб олар эканда¸ кейин қонун чиқарар экан. Умуман хусусий мулкнинг ҳаммасини умумийлаштирар экан. Эркакларни ҳам¸ аëлларни ҳам умумийлаштириш ҳақида қонун чиқарар экан. Бундан завқланган бадбашара учта аëл ўзларига оро бериб¸ маъшуқасиникига кетаëтган ëш йигитни обдон талашар экан¸ дейди Ҳасан Кайфий.

Қаранг, қонун чиқарувчи бўлиш яхшида!

Балки “чалпакка ўраб ташласа ит емас” Аристофан ёзаётган Халқ йиғини аъзолари бўлган аёлларни, лекин улар қонун чиқарувчиларки, “ҳамма эркак ҳамма аёлники”, деган қонун чиқариб олишди ва натижада уларнинг ҳар бир кўркам йигитга ҳақи пайдо бўлди.

- Ўшани ўқиб ҳайрон қолдимда. 2500 йил олдин ëзилган асар эканда. Қадимги Юнонистонда ëзилган асар. Биздаги ҳам худди шунга ўхшаб қолади. Халқнинг фойдасига бир қонун чиқарган эмас. Фақат ўзларининг манфаатига. Ҳаммаси пойинтор-сойинтор гаплар бўлиб ëтибди¸ дейди Ҳасан Кайфий.

Қашқадарёлик Ҳасан Кайфийни ўзбекистонликлар қалин қатламининг вакили, деб бўлмайди. У киши сайловга бормаган озчилик вакили.

Озодлик: Сайловга бордингизми?

Ҳасан Кайфий: Йўқ¸ борганим йўқ.

Озодлик: Нима учун?

Ҳасан Кайфий: Биз бормасак ҳам бўлаверади.

Озодлик: Сиз учун ким овоз берди?

- Билмадим¸ мен ҳеч эътибор ҳам қилмадим¸ бормадим¸ дейди Ҳасан Кайфий.

Ҳасан Кайфийнинг сайловга бормаганига Аристофан айбдор.

Умуман, Кайфийнинг фикрича, халқнинг Аристофану унга ўхшаганларнинг асарларини ўқимагани, сиёсий латифалар айтмагани, эшитмагани дуруст. Ана шунда сайловларда давомат янада яхшироқ бўлади.

Баъзи тингловчиларимизнинг айтишича, бу йил ўзбеклар турли гурунгларда ҳар йилгига қараганда камроқ латифа айтмоқда.

Хўш, бунинг сабаби нимада?

Яна мутахассисга мурожаат қиламиз. Адабиётшунос Бахтиёр Исабеков.

- Мен бошқача ўйлаган бўлардим. Ўшанақа латифаларни камроқ эшитаяпмиз холос. Чунки кишиларнинг кайфиятига қараганда латифа жуда ҳам кўпга ўхшайди. Кейин ҳаммага ишониб айтавермайдилар. Ҳозир бемалол латифаларни айтиш ҳам йўқроқ¸ дейди адабиётшунос Бахтиёр Исабеков.

Мустақил журналист Абдураҳмон Ташановнинг фикрича, сиёсий латифаю анекдотларнинг кўп бўлиши жамиятнинг соғломлиги, уларнинг озлиги эса, аксинча, жамиятнинг бетоблиги аломатидир.

- Латифалар тушкун кайфият пайти камаяди. Фақат революцион вазиятларда ëки одамларда ижтимоий кўтарилиш бўлган пайтларда анекдотлар пайдо бўлади. Масалан¸тарихга назар ташлайдиган бўлсак¸ 60-йилларгача Сталин ҳақида латифалар айтишга ëки сўз ўйинлари қилишга журъат эта олмаган. Хрушчëв шахсга сиғинишни бекор қилганидан жамият маълум даражада либераллаша бошлагандан кейин бирдан нималар юзага келди. 1993-1994 йилларда анекдотлар¸ сиëсий пайровлар¸ сиëсий этюдлар юзага келди. Менинг фикримча¸ демак анекдотлар пайдо бўлиши учун бир томонлама эркинлик ҳам керак экан. Иккинчи томондан¸ зулм остида бўлган одамларнинг қанақадир даражада эркинлашиши керак экан¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Эшиттиришимиз охирида энг янгиларидан яна биттани эшитинг.

"Тунов куни Россия президенти Дмитрий Медведев Ўзбекистон президентига қўнғироқ қилиб қопти ва “Баркамол авлод қанақа бўлади?” деб сўрабди. Бизнинг президент унга “Сизларда кўз борми? Ҳар биттангнинг эшигингга биттадан¸ ҳатто иккитадан юбориб қўйибманку. Қарасаларинг бўлмайдими барака топгурлар” дебди".
XS
SM
MD
LG