Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:17

19.Соф севги қайда бор?


Қаламкаш бир тўлғониб «хўп» этиб сув остига шўнғиган ғаввосдек дом-дараксиз бўп кетди.

Букинист дўконидан бир кўтарим эски-туски китобларни харид қилиб ҳужрасига қамалиб олган эмиш. Кўкрагини зах ерга бериб олиб «Жамила» қиссасини қайта-қайта мутолаа қилаётган бўлса керак. Ҳатто «дунёдаги энг гўзал севги қиссаси» бўлса ҳам «Жамила»дан не фойда?! Мабода Чингиз Айтматовнинг шахсан ўзи бош қўшса, Қаламкаш йўлиққан бедаво дарднинг давоси топилармикан? Ким билади дейсиз.

Телефонига «послушка» ўрнатилган. У кунда-кунаро ўн уч мартадан қўнғироқ қилади, аммо Чеҳрагул лом-мим этмайди. Ўчакишгандек, Чеҳрагул телефонига «Тўрт қадам қолади етишга сенга, Тўрт қадам қолади етишга менга, нега қўрқамиз бахтли бўлишга...» деб такрор-такрор айтиладиган қўшиқ матнини ёздириб қўйган. Бечора ошиқ гўшакдан ту-ту-ту этган қисқа гудок эшитила бошлагунча қўшиқ парчасини охиригача эшитади. Сўнг уф-ф тортиб рақамларни қайта теради ёки астагина гўшакни жойига қўяди.

Ажойиб кунларнинг бирида у Чилонзорнинг 19- кварталига бориб «Автошкола» атрофида ҳассасини йўқотиб қўйган кўрга ўхшаб хийла айланиб юрган. Кечки пайт йўловчи автобусга ўтириб метро томон йўл олган. Орадан бир ҳафта ўтгач, яна «Автошкола» рўпарасида пайдо бўлади.

Бу гал ичкарига кириб ҳаваскор ҳайдовчиликка ўқиш учун керак бўладиган хат-ҳужжат ва нарх-наволар билан қизиқади. Директор ўринбосари: «Ҳайдовчилик гувоҳномасини сотиб оласизми ёки вақтингизни беҳуда совуриб тўқсон кун ўқув машғулотларига қатнашасизми?» деб сўрайди. «Ўқийман», деб жавоб беради Қаламкаш. Бирпас ўйланиб туриб: «Ишқилиб, ҳар куни Хирмонтепа маҳалласи ёнидан икки марта ўтсам бас, бошқа армоним қолмайди», деб илова қилади. Директор ўринбосари: «Янги набор бошланган заҳоти сизга қўнғироқ қилиб чақирамиз», деб уни кузатиб қўяди.

Чамаси, у Чеҳрагулни олисдан бўлса-да бир кўриш илинжида «Автошкола»га ўқишга кирмоқчи, шекилли. Қўйиб бериш керак. Майли, ўқисин. Умуман, арқонни узунроқ ташлаб қўйган маъқул. Қани, қаергача борар экан. Ахир, бузоқнинг югургани сомонхонагача деган гап бекорга айтилмаган-ку!

Кечагина тўда-тўда бўлиб орқасидан эргашиб юрадиган шогирдлари бирин-кетин ҳукумат идорларига ишга жойлашгач, дарвеш шоир Рауф Парфи эринмасдан ҳар бирига сим қоқиб: «Дўстим, энди қалайсиз? Сомонхонада нима гаплар бор?» деб савол берар экан. Сўроққа тутилган одам чайналиб қолганини эшитган заҳоти индамасдан гўшакни жойига қўйиб, навбатдаги Бузоққа телефон қилар экан.

Бу бошқа концертнинг ашуласи бўлса-да, шу тобда нохос эсимга тушиб қолгани боис хотира дафтаримга қоралаб қўйдим.
Кейинги ўн кун давомида Қаламкаш Чеҳрагулга умуман телефон қилмайди. Нима бўлган экан? Наҳотки севгилисидан кўнгли совуган бўлса?! Балки ўзини хўрлангандек ҳис этиб эс-ҳушини йиғиб олгандир? Ким билади дейсиз.

Ҳойнаҳой, мустаҳкам ёки омонат алоқа ўрнатиш учун қандайдир баҳона қидириб юрган бўлса керак. Энг яхши баҳона йўл четида турганини кўрмаётганмикан? Ана, «Автошкола»да бирга ўқишни таклиф этса, олам гулистон. Шундай таклиф билан мурожаат этсам, Чеҳрагулни орлантириб, иззат-нафсини поймол этган бўламан деб ич-этини кемириб юрган бўлса ҳам асло ажабланмайман.
Шартта Чеҳрагулнинг йўлини тўсиб изҳори дил этишга икки дунёда ҳам журъат этолмайди. Ундан кўра, ҳаётийроқ йўл билан унга яқинлашмоқ лозим. Боя айтганимдек, аввало, ўзини тийиб юрсин, арқонни узун ташлаб қўйсин: токи Чеҳрагул рўй бераётган ҳодисани обдон ўйлаб кўрсин, мустақил мушоҳада юритсин.

Соф севги гўё биллур қадаҳга лим-лим қилиб қуйилган газли сувга ўхшайди: ундан майда-майда пуфакчалар юзага отилиб чиқиб пақ этиб ёрилади, атрофга сув заррачаларини сачратиб юборади; қадаҳни кўтариб ичмоқчи бўласан-у, аммо уни тўкиб юборишдан қўрқасан. Қадаҳ остидаги газ батамом отилиб чиқса, сув сатҳи пасайиб қоладигандек туюлади. Кейин қадаҳни кўтариб симириш мумкин. Қадаҳга тикилиб ўтирган одам зиёфат охиригача чанқоғини қондира олмайди. Эҳтимол, кимдир келиб қадаҳни бир кўтаришда бўшатиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас.

Табиатда олтин соф ҳолида учрамаганидек, жамиятда севги ҳам соф ҳолатда учрамайди. Олтин қандайдир қоришмалар таркибида оз миқдорда бўлади, уни қоришмалардан ажратиб олиш керак. Севгини ҳам қоришмадан тозалаш талаб этилади.

Чеҳрагулнинг телефонига ҳам «послушка» ўрнатиш лозим. Қаламкаш унга кўча-кўйдан телефон қилаётган бўлиши ҳам мумкин.
Одамларга ўргатавериб охир-оқибат ўзимга ҳеч нарса қолмас экан-да, жин урсин!
XS
SM
MD
LG