Линклар

Янги йил ўзбекларда оилавий байрам ҳисобланиб, кўпчилик бу айёмни оила даврасида нишонлайди. Озодлик мухбири байрам тадоригини кўраётган ва бу байрамни нишонлашни истамайдиган ўзбекистонликлар билан суҳбатлашди.

Илк суҳбатдошимиз сирдарёлик Ҳазратқул Эрназаров билан телефон орқали боғланганимизда, у Гулистон бозорида айнан байрам дастурхони учун харажат қилаётган пайти экан.

Ҳазратқул Эрназаров: Бозордаман мен. Байрамга дастурхонга харажат қилаяпмиз-да.

Озодлик: Нималар харид қилаяпсиз?

Ҳазратқул Эрназаров: Олма¸ нок¸ мандарин¸ гўшт олаяпман. Манти ва ош қиламиз.

Озодлик: Байрам дастурхонига қанча пул харжламоқчисиз?

Ҳазратқул Эрназаров: Дастурхонга 100 минг сўм сарфлаймиз-да. Энди йилда бир марта бўлади. Қарзга олиб бўлса ҳам қиламиз-да. Одамлардан¸ атрофдаги қўни-қўшнилардан қолмаслигимиз керак-ку.

Озодлик: Демак, ҳамма 100 минг сўм атрофида дастурхон қилаëтган экан-да?

Ҳазратқул Эрназаров: Ҳа, лекин ҳали ноябр пенсиямизни олганимиз йўқ.

Озодлик: Унда пулни қаерда олаяпсиз?

Ҳазратқул Эрназаров: Қарз оламиз-да бойлардан.

Озодлик: Байрам учун 100 минг сўмни қарзга олдингизми?

Ҳазратқул Эрназаров: Ҳа.

Озодлик: Қандай қайтарасиз бу пулни?

Ҳазратқул Эрназаров: Пенсияни бериб қолса¸ қайтарамиз-да. Мен пенсиядаман-ку.

Озодлик: Қарзга бўлса ҳам байрам дастурхони чиройли бўлсин, дебсиз-да?

Ҳазратқул Эрназаров: Ҳа¸ шундай бўлиши керак-ку. Янги йил бир йилда бир марта бўлади-ку.

Озодлик: Байрамга совға-салом дегандай...

Ҳазратқул Эрназаров: Байрамга совға-саломни уйда олиб қўйган нарсадан олиб борамиз.

Озодлик: Масалан, нималар?

- Аëл киши бўлса битта кўйлак¸ битта рўмол¸ эркак киши бўлса¸ битта кўйлак. Қайтади-да бу нарса. Олиб борсангиз¸ олиб келади¸ олиб бормасангиз¸ олиб келмайди, деди Ҳазратқул Эрназаров.

Сурхондарёлик Шуҳрат Худойқулов ҳам байрам дастурхони учун 100 минг сўм сарфлаганини айтади.

Шухрат Худойқулов: Кайфиятлар яхши¸ ҳамма нарса тахт бўлаяпти. Мана, бугун бозорлик қилиб келдик. Олма¸ анор¸ лимон¸ апелсин - ҳаммасидан бор.

Озодлик: Бу бозор қанчага тушди?

- Салкам 100 мингга бораяпти, деди Шуҳрат Худойқулов.

Қашқадарёлик Парда Луқмонов хонадонида ҳам байрам дастурхони учун ҳамма нарса тахт. Парда ака яқинлари учун совға-саломларни ҳам унутмаганлигини айтади.

Парда Луқмонов: Байрам дастурхони яхши. Бугун бозор-ўчарликлар қилиб келдик.

Озодлик: Қанчага тушди?

Парда Луқмонов: Бир янги йиллик ўртача 70-80 мингга тушади. Бозордан гўшт¸ олма¸ анор¸ узум¸ мандарин каби нарсалар олинди. Байрам куни кечқурун, насиб бўлса, битта шўрва¸ битта ош қиламиз.

Озодлик: Меҳмонлар кўп бўлишадими?

Парда Луқмонов: Энди, ака-укалар¸ битта яримта таниш ўртоқлар келишади.

Озодлик: Арча ясатдингизларми?

Парда Луқмонов: Арча, насиб бўлса, эртага ясатамиз.

Озодлик: Арча борми ўзи?

Парда Луқмонов: Ҳа¸ сунъий арча олинган. Яна отамиз билан онамизга совға-салом қилиб берамиз. Кўнгли тусаган нарсани, ниманидир байрам совғаси сифатида олиб берамиз-да.

Озодлик: Ўзингиз ҳам кимдандир совға кутаяпсизми?

- Йўқ¸ ҳеч кимдан кутганим йўқ, дейди Парда Луқмонов.

Жиззахлик Гулсум ая хонадонида ҳам байрамга ҳозирлик авжида. Аяхон аллақачон байрам учун бозорлик қилиб қўйганини айтади.

Гулсум ая: Чиройли қилиб кутмоқчимиз. Тайëргарликларни кўриб, меҳмонларни чақириб қўйдик. Пиширишга нарсамиз йўқлиги учун ҳаммасини тайëр, бозордан сотиб олиб келдим. Торт¸ пишириқ¸ ерëнғоқ -ҳаммасини.

Озодлик: Сотиб олган нарсаларингизга қанча кетди?

Гулсум ая: 33 мингми - шунақа пул сарф қилдим.

Озодлик: Шу 33 мингга байрам дастурхонини бекаму кўст қилдингизми?

Гулсум ая: Жуда чиройли бўлмаса ҳам кўнглимиздагидай-да. Обедга қотирма қилмоқчимиз. Кечқурунга ош қилмоқчимиз.

Озодлик: Меҳмонлар кўп бўлишадими?

Гулсум ая: Сингиллар¸ жиянлар келишади. Қизим, невараларим билан келади.

Озодлик: Байрамда совға-салом дегандай...

- Улар менга қилиб келишмоқчи. Биттаси: “кўйлак олиб қўйдик”, деди¸ биттаси “рўмол”, деди. Энди ҳимматларига яраша-да, деди Гулсум ая.

Бухоролик Жалолиддин ака ҳам байрам арафаси бозорга тушиб, 25 минг сўмга савдо қилган. Лекин Жалолиддин ака бозордан харид қилган озиқ-овқатни бир ҳафтага етказиш ниятида.

Жалолиддин ака: 25 минг сўмлик бозор қилдик-да. Саккизта жонмиз.

Озодлик: Нималар олдингиз?

Жалолиддин ака: Гўшт¸ ун, хуллас, бир ҳафталик харажатда.

Озодлик: 25 мингга бир ҳафталик харажат қилдингиз?

Жалолиддин ака: Ҳа. Яна ёш болаларга совға олиб берамиз.

Озодлик: Катталар-чи?

- Катталарга? Бизда унақа удум йўқ. Катта ёшдагиларга байрамда совға берилмайди, деди бухоролик Жалолиддин ака.

Ўзбекистонда кўпчилик янги йил байрамига тайёргарлик билан овора бўлаётган бир пайтда қўқонлик Равшанбек янги йилни оддий кунлар сифатида кутиб олишини айтади.

- Биз янги йилни кутмаймиз. Бизнинг Исломда: “Янги йил насронийларнинг байрами” дейилган-да. Бизда фақат бир йилда иккита Ҳайит куни байрам ҳисобланади. Қолгани ҳар жума куни - Жумъани байрам ҳисоблаймиз. Янги йилни байрам, деб ҳисобламаймиз. Худонинг бир куни, деб ҳисоблаймиз. Мабодо янги йилга Ҳайит тўғри келиб қолса¸ ҳайитлик учун нишонлаймиз. Бизда оддий кун сифатида ўтади. Янги йилнинг биз учун ҳеч қанақа эътибори йўқ, дейди қўқонлик Равшанбек.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG