Линклар

ЕИ нинг янги даври Испаниядан бошланади


ЕИ конституцияси ўрнини эгаллаган Лиссабон шартномаси 2009 йил 1 декабр куни тантанали равишда кучга кирди.

ЕИ конституцияси ўрнини эгаллаган Лиссабон шартномаси 2009 йил 1 декабр куни тантанали равишда кучга кирди.

1 январдан бошлаб Испания Лиссабон келишуви остида фаолият юрита бошлаган Европа иттифоқига раисликни қабул қилиб олади.

Лиссабон келишувидан аввал Европа иттифоқининг минтақавий сиёсати тўлалигича раисликни қабул қилиб олган давлат сиёсати йўналиши ва мақсадларига боғлиқ эди.

Шу пайтгача, масалан, Испания каби давлат иттифоққа президентликни қабул қилиб олганидан сўнг бу блокнинг ташқи сиёсати қайсидир муддатда, жумладан, шарқий қўшнилар қолиб, шимолдаги давлатларга йўналиши мумкинлигини тахмин қилса бўлар эди.

Яқинда кучга кирган Лиссабон келишуви даврида бунинг имкони бўлмайди. Келишувга мувофиқ Европа иттифоқи бошқарувида аввалги механизм — навбат билан президентлик ваколати ва ташқи ишлар бўйича вазирлар кенгаши сақланиб қолди. Айни пайтда бунга қўшимча равишда доимий президентлик ва Ташқи ишлар вазири лавозимлари жорий этилди.

Испания мана шу янги тизим остида Европа иттифоқига раислик қилаётган биринчи давлат бўлмоқда. Шу боис, Испания ҳукуматининг раислик давридаги ҳар қандай қарори иттифоқнинг Лиссабон шартномаси остида бошланган янги даври учун ўз оқибатларига эга бўлади.

Яқинда Брюсселда сўзлаган Испаниянинг Европа иттифоқи ташқи ишлар масалалари бўйича расмийси Диего Лопез Карридо Испания президентлиги даврида, жумладан, иттифоқнинг Шарқий ҳамкорлик дастури устивор йўналишлардан бири бўлишини таъкидлади.

- Яқинда тайинланадиган янги президетлик бошқаруви вакилларидан бири сифатида айтишни истардимки, Европанинг қўшничилик муносабатлари, хусасан, шарқий давлатлар билан ҳамкорлик дастури кун тартибидаги энг муҳим масалалардан бири бўлиб қолади, деди Испания расмийси.

Маълумки, Испания сўнгги 10 йилликлар давомида Европа иттифоқининг Ўрта ер денгизи нариги соҳилида жойлашган Мағриб давлатлари — Марокаш, Жазоир, Тунис, Ливия ва Мавритания билан ҳамкорлигини ривожлантириши ашаддий тарафдори бўлиб келди.

Иттифоқ эса Ўр ер денгизи давлатлари билан ҳамкорлигини 1995 йилда эришилган Европа-Ўрта ер денгизи ҳамкорлиги келишуви остида олиб боришга уринди. 43 давлат аъзо бўлган бу келишувга мувофиқ иттифоқ тинчлик ва хавфсизлик соҳасида, иқтисодий-молиявий ҳамкорлик эвазига шимолий қўшниларидан Европа иттифоқи қонун ва нормаларига тенглашишни талаб қилиб келди.

Аммо, бу келишув кутилган даражада муваффақиятга эришмади. Мағриб давлатларининг, асосан, авторитар бошқарув остидаги ҳукуматлари Европа Иттифоқи билан бунақа шартлар асосидаги ҳамкорликка эмас, кўпроқ Европа молиясига қизиқиш билдирган эди. 2007 дан 2013 йилга қадар Иттифоқнинг шимолий қўшнилари Европа Иттифоқининг қўшничилик муносабатларига ажратган бюджетининг учдан икки қисмини олишни кўзлаган ва бундай музокараларда Испания ҳукумати катта рол ўйнаган эди.

Эндиликда эса Испания ўз ташқи сиёсатининг асосий йўналиши қилиб, Мағриб билан яқинлашишни белгилай олмайди, афтидан. Лиссабон келишувига биноан блокка раислик қилаётган Европа давлати ўз қарорини яна уч аъзо давлат раҳбарияти билан мувофиқлаштириши лозим.

Европа сиёсатига доир тадқиқотлар марказининг Брюсселдаги эксперти Пётр Качински, агар Мадрид Ўрта ер денгизи ҳудуди билан ҳамкорликни кучайтириш ниятида собит қолса, у ҳолда бу Европа Иттифоқининг шарқий қўшнилари билан ҳамкорлигига тўсқинлик қилиши мумкин, деб ҳисоблайди.

- Албатта, Испания президентлиги даврида Шарқий ҳамкорлик дастури кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлмайди. Аммо, испанлар Шарқий қўшничиликни ривожлантириш дастурини тўхтатмаслигини аллақачон айтган”, дейди европалик таҳлилчи.

Шу боис, Испания раҳбарияти ташқи сиёсатни қай томонга йўналтиришидан қатъий назар кейинги 6 ой давомида Европа иттифоқининг шарқдаги 6 қўшниси — Украина, Беларус, Молдова, Арманистон, Озарбайжон ва Грузия билан яқинликни ривожлантириш сиёсати айни йўналишда давом этишини таъкидлаётган таҳлилчилар кўп бўлмоқда.

Албатта, Европа иттифоқининг кейинги ташқи сиёсати бундан буён янги таъсис этилган икки лавозим — Европа кенгаши президенти Ҳерман ван Ромпуй ва Европа иттифоқининг ташқи ишлар бўйича янги раҳбари Катерин Аштоннинг сиёсий иродасига ҳам боғлиқ бўлади.
XS
SM
MD
LG