Линклар

logo-print

Президент Барак Обама Америка учқичида амалга ошмай қолган террор ҳужумига “систематик хатоликлар” сабаб бўлганини таъкидлаб, келажакда бу каби воқеанинг такрорланмаслигига ваъда берди.

Президент Барак Обама таъкидича, “инсоний ва систематик хатоликлар” туфайли Нигерия фуқароси 25 декабр куни ҳеч қандай тўсиқларсиз Амстердамдан Детройтга парвоз қилаётган учиқичга чиқишга муяссар бўлган ва 300га яқин одам ўтирган учқични портлатишга уринган.

Ҳозир АҚШда сақланаётган нигериялик 23 яшар Умар Форуқ Абдулмуталлибга йўловчи учқични портлатишга уриниш айби қўйилмоқда.

29 декабр куни телевидение орқали чиқиш қилган АҚШ президенти¸ нигериялик бу шахснинг аввал ҳам Ал-Қоидага алоқадорликда гумон қилингани ва унинг отасидан олинган огоҳлантирувларга қарамасдан, АҚШга тегишли йўловчи самолётига чиқа олиши “хавфсизлик тизимининг ҳалокатли ноқислиги” натижасидир, дея таъкидлади.

Ал-Қоиданинг Ямандаги фирқасига алоқаси борлиги айтилаётган Умар Форуқ Абдулмуталлиб, ноябр ойида АҚШ расмийлари назарига тушган. Маълум бўлишича, ўшанда Абдуматаллибнинг отаси ўз ўғли устидан шикоят қилиб¸ Нигериядаги АҚШ элчихонасига мурожаат қилган.

“The New York Times” нашрининг ёзишича, АҚШ элчихонаси керакли маълумотларни Давлат департаментига юборган ва Умар Форуқ Абдулмуталлиб исми террорчиликда гумон қилинаётган 550 минг кишилик рўйхатига киритилган. Бироқ унинг исми АҚШга учишига рухсат берилмайдиган 4 минг кишилик рўйхатга киритилмаган. Боз устига¸ нигериялик бу йигитга оид бу маълумотлар бошқа хавфсизлик идораларига берилмаган.

Шунингдек, расмийларнинг “The New York Times” нашрига билдиришича, хавфсизлик хизматлари Ямандаги Ал-Қоида ҳаракати етакчиларининг ўзаро суҳбатларини қўлга киритишга муваффақ бўлган ва унда етакчилар нигериялик шахснинг қўпорувчилик амалиёти содир этишга ҳозирланаётганини ошкор қилганлар.

“The Washington Post” нашри эса¸ Абдулмуталлибнинг сўнги йиллар давомида радикал қарашдаги диний уламо Анвар ал-Аулақий билан ёзишмалар олиб боргани хусусида хабар тарқатди.

АҚШ президенти, ўз навбатида, бу каби маълумотларнинг ўз вақтида керакли идораларга етказилмагани айбланувчининг учқичга чиқа олишига йўл очганини айтди:

- Разведка идоралари бу муҳим маълумотларни ўз вақтида ўзаро алмашганида эди¸ бу ахборот бошқа идоралар ихтиёридаги маълумотларни тўлдириб¸ гумондор шахснинг кимлиги тўлиқроқ ва аниқроқ билинган бўлар эдик. Шунда тегишли огоҳлантирув кучайтирилиб, гумондор шахс ҳеч қачон АҚШга парвоз қилаётган учқичга чиқа олмас эди, деди Оқ уй раҳбари.

Барак Обама ўз чиқишида хавфсизлик соҳасига ўзгартишлар киритишга ваъда берди.

-Ҳукуматимиз таниқли экстремист ҳақида маълумотга эга бўлса ва бу маълумот бошқа идораларга етказилмаса, бунинг натижасида эса экстремист портловчи модда билан учқичга чиқиб, салкам 300 киши ҳаётини хавф остига қўйса, мен буни “систематик хатолик” деб биламан ва буни мутлоқ қабул қилиб бўлмайди, деди АҚШ президенти.

Обама, шунингдек, миллий хавфсизлик идораларидан тизимдаги камчиликларга нима сабаб бўлгани ва Қўшма Штатлар ўз ҳаво ҳудудларини қандай қилиб самаралироқ ҳимоя қила олишига оид ҳисоботни талаб қилди.

25 декабр кунги мазкур воқеадан сўнг АҚШнинг барча аэропортлари ҳамда бу давлатга парвоз қилаётган барча йўловчи учқичларида хавфсизлик чоралари фавқулодда кучайтирилди.
XS
SM
MD
LG