Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:20

Қаршидаги портлаш ҳақида сукут сақланмоқда


Қаршидаги портлаш¸ ўзи шундоқ ҳам қийналиб яшаëтганлар учун ўлганнинг устига тепган бўлди.
Қаршидаги портлаш¸ ўзи шундоқ ҳам қийналиб яшаëтганлар учун ўлганнинг устига тепган бўлди.

Ўзбекистон телевидениеси Аргентина¸ Италия ва Хитойдаги фожиаларни тинимсиз кўрсатиб турган айни пайтда¸ Қаршида ўнлаб одам ҳаëтига зомин бўлгани айтилаëтган фожиа ҳақида лом-мим демаëтир.

25 декабр куни эрталаб Қарши шаҳри, "Пахтазор" мавзеидаги 28-уйда портлаш юз бергани, портлашдан, норасмий манбалардан олинган маълумотларга қараганда, 11 киши нобуд бўлгани тўғрисида хабар берган эдик.

Қаршида қулаган уй
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:08 0:00


Орадан 5 кун ўтди.

Хўш, битта подъезди тўла қулаб тушган кўпқаватли уйнинг омон қолган аҳолиси шу кунда қаерда кун кўраяпти, яқинларидан ажралиб қолганларга, уйсиз қолганларга товон пули бериладими?

Саволларимизни қаршиликлардан бири Нодир Аҳадовга бердик.

Озодлик: Ўша уйнинг қулаши оқибатида нечта одам ўлган бўлиб чиқаяпти? Расмийлар айтгандир¸ маҳаллий телевидение айтгандир¸ газеталар ëзгандир.

Нодир Аҳадов: Қарши телевидениесини¸ республика телевидениесини мен мунтазам равишда кузатиб бораман. Бу авария тўғрисида¸ қурбон бўлганлар тўғрисида бир оғиз ҳам гапирилгани йўқ. Мен бу нарсани кўрганим ҳам йўқ¸ эшитганим ҳам йўқ. Масалан Аргентинада кимдир сувга оқиб кетганини айтади¸ аммо республика ичида бўлган фожиаларни олдин ҳам айтмаган¸ бундан кейин ҳам айтмайди.

Озодлик: Қулаб тушган уй олдидаги вазият қандай?

Нодир Аҳадов: Унинг олдига одамларни қўйишаëтгани йўқ. У ердан ҳамма яшовчиларни кўчириб юборишган ва ўраб олишган. У ерга кирадиган ҳолатда эмас.

Озодлик: Айтишларича¸ уйнинг қуламаган қисмига ҳам киритмаяпти эмиш¸ уларни ҳам кўчириб юборипти эмиш.

Нодир Аҳадов: Ўзи умуман ҳеч кимни қўймаяпти. Сабаби¸ портлаш зарбидан қулашдан бошқа зарар ҳам кўрган деган гаплар бор. Ҳозир бошқача версия чиқиб турибди. “Уйда газ портламагандир. Шу билан бирга теракт ҳам бўлмагандир. Эксплуатацияси эскиргандир” деган гап бор. Булар ниҳоятда эскирган уйлар.

Озодлик: Ўша уйнинг аҳолиси қаерга кўчирилди?

Нодир Аҳадов: Асосий аҳолиси ўзининг қариндошлариникига кўчиб кетган. Омади чопган иккита-учта одамларга квартира берилди¸ деб эшитдим.

Озодлик: Вақтинчаликми ëки биратўла мулк қилиб берилдими?

Нодир Аҳадов: Менимча¸ вақтинчалик берилган.

Озодлик: Уйсиз қолганларга ëки уй қулаши натижасида яқинларидан ажраб қолганларга давлат томонидан қандайдир бир товон тўландими?

- Бу нарсадан хабарим йўқ. Лекин тажрибадан маълумки¸ шаҳар газ тармоқларининг айби билан кўп одамнинг уйи ëниб кетади. Ëрдам пули бериши мумкин¸ лекин товон пули тўламайди. Бунақасини мен кўрганим йўқ¸ дейди қаршилик Нодир Аҳадов.

Бошқа бир қаршилик, Гулшан Қораеванинг айтишича, шу кунда жабр кўрганларга давлат 20 миллион сўмдан берибди, деган гаплар юрибди.

- Товон пулини билмайману¸ лекин биттасидан эшитиб қолдим. “Уйда қолиб кетган нарсаларни олмайсизлар” деб 20 миллиондан пул берган эмиш деган гапни эшитдим. Лекин бу ростми ëлғонми билмайман¸ дейди Гулшан Қораева.

Афсуски, Қаршидаги давлат идоралари билан боғланиб бу миш-мишни текширишнинг, умуман, саволларимизга жавоб олишнинг имкони бўлмади. Телефон гўшагини кўтарган амалдорлар радио номини эшитиши биланоқ алоқани узиб қўяверди.

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакили Абдураҳмон Ташанов жабр кўрганларга давлат товон тўлашига ишонмайди.

- Мен жуда ишонч билан айтаман¸ Ўзбекистон ҳукумати фалокатлар пайтида¸ бошқа пайтда ҳодиса ҳақида хабар бермасликдан ташқари товон пули ҳам тўламайди¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Тошкентлик бошқа бир ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов ҳам шунга ўхшаш фикр билдирар экан, бу масаладаги аҳволни Россиядагига қиёслади.

- Россияда бу очиқдан очиқ телевидениеда ошкора гапирилади. Поездлар авария бўлгани¸ портлаш натижасида ўнлаб одамлар ҳалок бўлгани. Ўшаларнинг яқинларига компенсация бериш нималари бор¸ дейди Суръат Икромов.

Мана биргина мисол: Нижний Новгород областидаги Дзержинск шаҳрида шу йил 12 декабр куни газдан портлаган уйда нобуд бўлганлар оилаларига давлат 100 минг рублдан тўлагани тўғрисида “Комсомольская правда” газетаси хабар қилган эди.

Келинг, энди шу ўринда мутахассисга мурожаат қилайлик. Саволларимизга ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов жавоб беради.

Озодлик: Ўзбекистон қонунларида техноген ҳалокатлар туфайли уйсиз қолганларга ëки ҳалокат пайтида қурбон бўлганларнинг яқинларига товон тўлаш назарда тутилганми?

Суҳроб Исмоилов: Агар техноген сабабларга кўра қурбонлар берилган бўлса ва аҳоли азоб чеккан бўлса¸ кўпинча зарарлари оқибатларини тўлаш¸ қанақадир товон бериш¸ уй-жой билан таъминлашга ўхшаган мажбуриятларини Ўзбекситондаги қонунчилик бўйича маҳаллий давлат органлари ўз бўйинларига олишади. Лекин бу мажбуриятнинг қандай бажарилиши¸ механизмининг қанақа бўлиши Ўзбекистон қонунчилигида белгиланмаган.

Озодлик: Механизм ëритилган эмасми ëки бирор бир ҳужжатда¸ қонунда бир сатр билан бўлса ҳам белгилаб қўйилган эмасми?

Суҳроб Исмоилов: Ҳеч кимга боғлиқ бўлмаган¸ табиий бир офатлар бўйича аҳоли жабр чекса¸ унда юқорида айтган ҳолатимиз рўй беради. Умумий тарзда маҳаллий бюджетларга юкланган. Бу маҳаллий бюджетнинг ўзининг ҳимматига¸ ўша пайтдаги имкониятига боғлиқ. Ўзбекистон шароитларида кўпинча бунақа ҳолатларда¸ Ўзбекистонда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бор биламиз¸ мана шу вазирлик орқали бирламчи ëрдамлар ташкил қилинади¸ лекин бу ëрдам охиригача олиб борилмайди. Чунки бу маҳаллий жойдаги бюджетга боғлиқ бўлади. Уларнинг имкониятлари эса кўпинча чекланган бўлади.

Иккинчи ҳолат. Агар шунақа қурбонлар мансабдор шахснинг ëки давлат ҳокимият органининг айби билан келиб чиқадиган бўлса¸ бу умуман бошқа ҳолат. Бу ҳолат бўйича жабр чекканлар бўлса¸ прокуратура ҳар битта ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатишга мажбур. Бу ерда жазо бериш биринчи ўринга ўтиб қолади ва қурбонларга товон тўлаш Ўзбекистондаги амалиëтда кузатадиган бўлсак¸ иккиламчи даражага тушиб қолади. Жиноят ишларида кимнингдир айби билан кўрилаëтган ҳолатларда қизиқ бир ҳолат келиб чиқади. Жиноят судлари жазо тарафини ҳал эта туриб¸ товон тўлаш ишларини ўзлари ҳал этиш имкониятига эга бўлган ҳолда кўпинча фуқаролик судларига ҳавола қилишади. “Сизлар бу ҳолат бўйича алоҳида фуқаролик судига даъво аризаси билан мурожаат қилсангизлар¸ улар товон тўлаш масалаларини ҳал қилиб беришади” деб айтишади. Ўзбекистонда фуқаролик судлари салбий ҳолатда¸ самарасиз ҳолатда ишлашлари оқибатида кўп ҳолатларда фуқаролар ўзлари воз кечишади ëки даъволаринигн кетидан йиллаб самарасиз югуриб юришларига тўғри келади.

Озодлик: Сизнинг айтганларингиздан келиб чиқиб Қаршидаги воқеани моделлаштиришимиз мумкинми? Айтишларича¸ газ портлаган. Агар чиндан ҳам газ портлаган бўлса¸ айб газ бошқармаси бошлиғига қўйилади ва сиз айтган формула бўйича “газ бошқармасидан ундириб олинглар” деб фуқролик суди орқали ўшаларга йўналтиришлари мумкин.

Суҳроб Исмоилов: Тўғри. Агар бу ҳолатни моделлаштирадиган бўлсак¸ газ бошқармасидаги ўша участкани текшириш ва назорат қилиш бўйича ходимлар бевосита жавобгар бўлади. Жиноят қонунчилиги остида жиноий жавобгарликка тортилади. Товон тўлаш ва етказилган зарарни қоплаш ўша ҳудуддаги газ мутасадди ташкилотига юклатилади. Лекин бу ерда иш жиноят қонунчилигидан фуқаролик қонунчилигига кўчади. Газ учун мутасадди бўлган ташкилот товонни қоплаб бергандан кейин¸ агар бу суд қарорида кўзда тутилса¸ ўша ташкилотда яна биттагина ҳуқуқ қолади. Бевосита мана шунақа ҳолатларга олиб келган шахслардан улар товонни ўзларининг фойдаларига олиб олишлари мумкин. Чунки улар ҳам бировларнинг айби учун етказилган зарарга қолмаслиги керак. Бу Ўзбекистон фуқаролик кодексида қўшимча жавобгарлик дейилади. Бу жуда узоқ кечадиган жараëн. Мана шунақа механизмлар бор.

Озодлик: Бу механизмнинг номини сансалорлик дейиш мумкин ва очир-қобат жабр кўрган оила ҳеч нарса олавермай қолиши мумкин.

Суҳроб Исмоилов: Амалиëтда шунақа бўлади. Оддий бир кичкина ҳолатни кўрайлик. Оддий ўғрилик бўладику. Ўғри тутилганда ҳам етказилган зарарни жабр чеккан одамга ўғридан ундириб олиш ë йиллаб давом этади¸ агар суд ижрочилари яхши ишласа¸ яхши ишламаса¸ умуман ундириб олинмайди десак ҳам бўлади. Амалиëтда мана шунақа аҳвол.
XS
SM
MD
LG