Линклар

Дания полицияси карикатурачи хонадонига киришга уринган шахсни яралади


Дания полицияси пайғамбар Муҳаммад САВ ҳажв қилинган карикатураларни чизган рассомни ўлдиришга уринган шахсни қўлга олди.

Дания хавфсизлик хизматларига кўра, болта ва пичоқ билан қуролланган 28 яшар Сомали фуқароси жума куни карикатурачи Курт Вестергаард хонадонига киришга уринган. Бироқ рассом полициячиларни огоҳлантиришга муваффақ бўлган ва воқеа жойига етиб келган полиция ходимлари Сомали фуқаросини қўли ва оёғидан яралаб, уни ҳибсга олган.

Ҳозирча исми ошкор қилинмаган шахс шифохонага ётқизилган ва унга қоттилик содир этишга уриниш айби қўйилиши мумкин.
Хавфсизлик хизматларининг билдиришича, рассомга ҳужум қилган шахс Сомалидаги Ал-Шабаб террор гуруҳига аъзо бўлганликда ва шарқий Африкада содир этилган террор ҳуружларига алоқадорликда гумон қилинмоқда.

Рассом Курт Вестергаарднинг пайғамбар Муҳаммад САВ ҳажв қилувчи карикатуралари илк бор Дания нашрларида 2005 йилда чоп қилинган. Ушбу карикатураларнинг чоп қилиниши мусулмон дунёсида ғазаб билан кутиб олинган эди.

2008 йилда ҳам Дания полицияси карикатурачига уюштирилган суиққасдни олдини олгани ва бу ишга алоқадорликда гумон қилиб беш шахсни қўлга олганини эълон қилган.
XS
SM
MD
LG