Линклар

Карикатурачи яна таҳдидга учради


Карикатурачи рассом Курт Вестергаард.

Карикатурачи рассом Курт Вестергаард.

Дания полицияси пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом ҳажв қилинган карикатураларни чизган рассомни ўлдиришга уринган шахсни қўлга олди.

Дания хавфсизлик хизматларига кўра, болта ва пичоқ билан қуролланган асли сомалилик 28 ёшли шахс жума куни карикатурачи Курт Вестергаард хонадонига киришга уринган. Бироқ рассом полициячиларни огоҳлантиришга муваффақ бўлган ва воқеа жойига етиб келган полиция ходимлари Сомали фуқаросини қўли ва оёғидан яралаб, уни ҳибсга олган.

- Кеча тунда соат 10 лар атрофида мазкур адресдан бизга сигнал келиб тушди ва биз у ерга кўпчилик бўлиб зудлик билан етиб бордик. Гумонланувчи воқеа жойидан қочиб кетаётган эди. У патрул хизматига ҳамла қилди ва полиция унга қарата ўқ узишга мажбур бўлди, деди Архус шаҳарчаси полиция бошқармаси расмийси.

Ҳозирча исми ошкор қилинмаган шахс шифохонага ётқизилган ва унга қотиллик содир этишга уриниш айби қўйилди.

Хавфсизлик хизматларининг билдиришича, рассомга ҳужум қилган шахс Сомалидаги Ал-Шабаб террор гуруҳига аъзо бўлганликда ва шарқий Африкада содир этилган террор ҳуружларига алоқадорликда гумон қилинмоқда.

Дания полициясининг билдиришича, айни пайтда 74 ёшли рассомга шикаст етмаган.

Рассом Курт Вестергаарднинг пайғамбар Муҳаммад (САВ) ни ҳажв қилувчи карикатуралари илк бор Дания нашрларида 2005 йилда чоп қилинган. Ушбу карикатураларнинг чоп қилиниши мусулмон дунёсида ғазаб билан кутиб олиниб, норозилик намойишларига сабаб бўлган.

Афғонистон, Покистон ва Нигерияда бўлиб ўтган намойишларда эса ўнлаб фуқаро нобуд бўлган.

Айрим мусулмон давлатларида ҳам Дания элчихоналарига ҳужумлар уюштирилиб, ушбу давлат маҳсулотларига бойкот эълон қилинган.

Ушбу карикатураларни илк бор нашр қилган Дания газетаси 2006 йил мусулмонлардан расман кечирим сўраган, бироқ кўп вақт ўтмай Европанинг бошқа нашлари мазкур карикатураларни қайтадан чоп қилган.

Муҳаммад алайҳиссаломни ҳажв қилувчи суратлар чоп қилингандан сўнг рассом Курт Вестергаардга кўп маротаба таҳдидга учраган.

Айтилишича, исломий жангарилар рассом боши учун бир миллион доллар мукофот пули тиккан. Шунинг учун ҳам Дания полицияси рассомнинг Архус шаҳридаги хонадонини кечаю-кундуз қўриқлайди.

2008 йилда ҳам Дания полицияси карикатурачига уюштирилган суиқасдни олдини олгани ва бу ишга алоқадорликда гумон қилиб икки шахсни қўлга олганини эълон қилган. Бироқ кейинчалик бу шахслар қўйиб юборилган эди.
XS
SM
MD
LG