Линклар

logo-print

Президент халқни табриклади


Оддий ўзбекистонликларнинг кўпчилиги президентнинг Янги йил табригини эшитмагани, эшитгани ҳам тилаклар самимийлигига ишонмаслигидан гапирмоқда.

Оддий ўзбекистонликларнинг кўпчилиги президентнинг Янги йил табригини эшитмагани, эшитгани ҳам тилаклар самимийлигига ишонмаслигидан гапирмоқда.

31 декабр куни Ислом Каримов ўзбек халқини янги йил билан табриклади. Ўзбекистон телевидениеси диктори томонидан ўқиб эшиттирилган табрикда¸ одатга кўра, тугаётган йилда эришилган ва кириб келаётган янги йилда эришилажак ютуқлар ҳақида гап борди.

“Муҳтарам ватандошлар!

Қадрли отахон ва онахонлар, опа-сингиллар, азиз ўғил-қизларим, болаларим!

Янги йил кириб келишига саноқли дақиқалар қолган мана шу файзли ва шукуҳли дамларда сизларни қизғин муборакбод этишдан, барчангизга самимий меҳр ва муҳаббатимни билдириб, эзгу тилакларимни изҳор қилишдан бахтиёрман”, деган гаплар билан бошланади Ислом Каримовнинг телевидениедан ўқиб эшиттирилган табриги.

Озодлик радиоси билан суҳбатлашган ўзбекистонликлар орасида президентнинг табригини эшитганлар топилмади.

Ҳожиакбар ака Фарғона туманларидан бирида ўқитувчилик қилади.

- Президент табригини эшитганим йўқ. Ҳа энди бу табрик, йилдаги президент табригида. Ўзбекистоннинг ҳамма телеканалларидан олиб бердию, лекин президентнинг гапларига кўп ҳам ишонмаганим учун эшитганим ҳам йўқ, - дейди ўқитувчи.

Андижонлик Камолиддин ака ҳам президент табригини эшитгани йўқ.

- У табрикни Ўзбекистоннинг 28 миллион аҳолиси орасида диққат билан эшитадиганлар раҳбарлар бўлса керакда. Улар ҳам эртага бирор мажлисда гапириш, президентнинг гапларидан мисоллар келтириш учун эслаб қолиш мақсадида эшитади холос. Оддий халқ у табрикни эшитмаса ҳам керак. Чунки ҳамма бу гаплар ёлғонлигига ўрганиб кетган. Оддий одамлар республика каналларида президент табриги кетаётган пайтда, вилоят телевидениеларидан қизиқроқ нарса бўлаётган бўлса, ўша ерга олиб қўйишади, - дейди андижонлик суҳбатдошимиз.

Хўш, нега президент табриги ўзбекларни қизиқтирмайди, Камолиддин ака айтмоқчи, нега уни фақатгина амалдорлар эшитиши керак?

Ахир, унда ўзбекистонликлар 2009 йилда эришган, 2010 йилда эришажак зафарлар ҳақида гап борадику. Ҳар нечук, президент беҳудага айтмагандир мана бу гапларни?

“Ҳурматли дўстлар,

Якунига етиб бораётган 2009 йилни кузатар эканмиз, йил мобайнида эл-юртимиз бошидан кечирган қанча-қанча синов, қийинчилик ва муаммоларни енгиб ўтганимизни беихтиёр эслашимиз, бир сўз билан айтганда, бу йил мамлакатимиз учун осон келмаганини таъкидлашимиз табиийдир”, дейилади президент табригида.

Президентнинг фикрича, халқ 2009 йлда ўз бошидан кечирган бу қийинчиликлар, биринчи навбатда жаҳон молиявий бўҳрон каби объектив сабаблар оқибатидир.

“Бу ҳақда гапирганда авваламбор, бутун жаҳон миқёсида ҳали-бери давом этаётган, ўзи билан ўта оғир салбий оқибатларни олиб келаётган молиявий иқтисодий инқирознинг Ўзбекистонга таъсирини юмшатиш, бу хавфнинг олдини олиш биз учун йил давомида ғоят мураккаб вазифа бўлиб тургани ҳақида, ўйлайманки, ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ”, деган президент, бошқа мамлакатлар ва халқлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон ҳукуматининг кўп йиллардан бери узоқни кўзлаб олиб бораётган оқил сиёсати туфайли, 2009 йилда ўзбек халқининг фаровонлиги янада ошганини ҳам қайд этади.

“Бугун ўз салбий таъсирини ўтказаётган инқирозга қарамасдан, 2009 йилнинг ўзида ялпи ички маҳсулотимиз 8,1 фоизга, иқтисодиётимизга жалб этилган инвестициялар ҳажми 33 фоизга, аҳолининг реал даромади эса 26,5 фоизга, ойлик иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар ўртача 40 фоизга ошгани бунинг яққол далили ва исботи десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз”, дейилади президен табрикномасида.

Андижонлик Камолиддин ака, ўзбекистонликлар президент айтганидек, 2009 йилда эмас, кўп йиллардан бери иқтисодий ва ижтимоий инқирозда яшамоқда, дейди.

- Биз ўзи мустақилликка кирганимиздан бери инқироздамиз, яъни ривожланиш камроқ бўляпти. Маслан, ўзимизнинг қишлоғимизни оладиган бўлсак, 70-80 фоиз аҳоли ишсиз. Улар энди, президент айтаётган ойликни қаерда кўради, ишнинг ўзи йўғу. Ярми мардикорликка чиқяпти, ярми кузда териб сотган деҳқончилигини сотиб, қиши билан еб келяпти¸ дейди андижонлик Камолиддин ака.

Фарғоналик ўқитувчи Ҳожиакбар ака, президент табригида зикр этилган ютуқлар ўзи ва таниган ўзбекистонликлар турмушида акс этмаганини айтади.

- Президентнинг айтгани бўлмаяпти. Ойликларни вақтида олмаяпмиз, бергани ҳам ҳаммаси пластик карточкага ўтказиляпти. Плактикка фақат озиқ-овқат дўконларда харж қилишингиз мумкин, қўлимиз нақд пулни кўргани йўқ. Аччиғим чиқадида энди бу гапларга. Мен ўқитувчи бўлиб ишлайман, ойлигим 150 минг эди, ҳозир 170 минг бўлди. Энди ўйлаб кўринг, бу пулни нимага етказиш мумкин? Мактабимиздаги фаррош декабр ойида 30 минг сўм маош олди. 30 минг сўм! Бир қоп уннинг нархи 35-40 минг сўм. Энди Ўзбекистонда шароит қанақалигини ўзингиз ҳисоблаб, чиқариб кўринг, - дейди ўқитувчи.

Аксар ўзбекистонликлар каби, Ҳожиакбар ака қийин кунларда ҳам шукр қилиб яшайди. Молиявий бўҳрон оқибатларини ўз оиласи миқёсида камайтирш учун Ҳожиакбар аканинг, президентнинг миллий дастурига алоқаси бўлмаган ўзининг дастури бор. Президент айтмоқчи, янги оқшомида байрам дастурхони атрофида жамулжам бўлган оиласи байрам кайфиятида бўлсин учун Ҳожиакбар аканинг хўжалиги бир курка билан икки товуқдан айрилди.

- Байрам дастурхонимиз ёмон бўлмади. Ўзимиздан чиққан даромад манбаи бор эди. Мен қишлоқ жойда яшайман, байрам арафасида бозорга курка ва товуқни олиб чиқиб сотиб, пластик карточкага олиб бўлмайдиган майда-чуйдасини қилиб келдим. У давлат берган ойлик етмаяпти. Энди буни кимга айтиш керак, дардингизни кимга айтасиз, дейди фарғоналик ўқитувчи.

Президентнинг ўқиб эшиттирилган табригида, “Шуни ҳам катта мамнуният билан қайд этмоқчиманки, кириб келаётган 2010 йилда ойлик иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдорини камида 30 фоизга кўпайтириш кўзда тутилаётгани, ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг янги йил олди кайфиятига албатта янги қувонч бағишлайди”, деган гаплар ҳам бор.

Андижонлик Камолиддин ака, президент ўз табригини шахсан айтганида ҳам, унинг самимийлигига оз бўлса-да ишонса бўларди, лекин бу йил ҳам табрик телевидение диктори оғзидан халққа етказилгани, янги йил учун берилган ваъдалар амалга ошишига умид қолдирмайди, дейди.

- Бизнинг раҳбарлар чиқиб, халқ билан гаплашгани қўрқади. Ҳар қалай мустақил бўлганимизга 18 йил бўлган бўлса, бошқа давлатлар президентлари халқ билан учрашувлар, телемулоқотлар ўтказди, тўғрими? Энди бизнинг президент бундай мулоқот қилмаганидан кейин, оддий одам ҳам тушунадики, унинг ичида қандайдир қўрқув бор, ё халқ билан мулоқот қила олмайди-да, ишқилиб. Халқ билан мулоқот қилиш учун каттароқ юрак, каттароқ билим даражаси керакдир, балки. Байрам табриги ҳам ҳудди шунақага ўхшаган нарсада. Мен шундай, деб ўйлайман¸ дейди андижонлик Камолиддин ака.

Президент табриги “Азиз дўстларим, қадрдонларим!

Барчангизни бағримга босиб, кириб келаётган Янги йил байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.

Янги – 2010 йилнинг қадами қутлуғ ва хосиятли келсин!

Хонадонларимиздан файзу барака аримасин!

Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин, Яратганимиз ўз паноҳида сақласин!

Янги йил барчамизга муборак бўлсин!”, деган тилаклар билан тугайди.

Суҳбатдошларимиз бу тилаклариннг самимийлигига ишонмаса-да, президентнинг тилаклари вожиб бўлишига умид қилишади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG