Линклар

Зилзила оқибатлари бартараф этилмоқда


Тожикистоннинг Помир тоғида рўй берган зилзиладан жабр кўрган 20 минг аҳолига гуманитар ёрдам келишда давом этмоқда.

Мамлакат расмийларига кўра, 2 январ куни рихтер шкаласи бўйича 5.3 даража кучланиш билан содир бўлган зилзила оқибатида 20 мингдан ортиқ аҳоли бошпанасиз қолган, аммо, қурбонлар бўлмаган.

Ванч тумани ҳокимлиги расмийси Атобек Субадоров 1000 дан ортиқ уйга зиён етгани, кўпгина уйлар буткул вайрон бўлганини айтмоқда. Уйсиз қолганлар вақтинча маҳаллий мактаб ва бошқа жамоат биноларига жойлаштирилмоқда.

“Кўпгина уйларга шикаст етди. 98 та уй бутунлай вайрон бўлди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, камида 1 минг 78 та уй қисман шикастланган. Кўпгина одамлар уйларини ташлаб чиқиб, қариндошлариникида яшамоқда. Биз бундай одамларни мактабларга жойлаштираяпмиз ва ҳар бир оилага вақтинчалик бошпана тариқасида биттадан синф хонаси бериляпти. Шу боис, 24 январгача мактабларда дарс берилмайди. Яъни, жабр кўрганлар шу санага қадар мактабларда қолиши мумкин”, деди Ванч тумани расмийси.

Аҳолиси 7 миллион 300 минг бўлган Тожикистоннинг тоғли ҳудудларида зилзилалар тез-тез содир бўлиб туради.
XS
SM
MD
LG