Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:49

Тошкент электрон ҳукумат яратишга шошилмаëтир


Шаҳар ҳокимлиги сайтининг бош саҳифаси ана шу хабардан бошланади.
Шаҳар ҳокимлиги сайтининг бош саҳифаси ана шу хабардан бошланади.

Тошкентликлар ва пойтахт меҳмонларининг 1 январдан бошлаб шаҳар ҳокимлигига интернет орқали мурожаат қилиш имконига эга бўлганини олқишлаган ҳолда кузатувчилар¸ Ўзбекистонда электрон ҳукумат тузиш йўлида ҳали кўп иш қилиш лозимлигини айтишмоқда.

Биз энг аввало Тошкент шаҳар Ҳокимиятининг www.tashkent.uz сайтига кирдик. Сайтда чиндан ҳам савол ёки хабар юбориш имкони мавжудлигини кўрдик.

Жавоб беришар, деган умид билан мана бу саволни ёзиб юбордик:

"Амир Темур хиёбонидаги чинорларнинг кесилиши катта шов-шувга сабаб бўлди. Маълумотларга қараганда, чинорларнинг кесилишидан президент ҳам дарғазаб бўлган. Агар шу гап рост бўлса, айбдорлар жазоландими? Жавобингизни эшиттиришимизда келтирмоқчимиз".

Бу савол 4 январ куни эрталаб юборилди.

Жавоб келгунича шу мавзудаги, яъни ҳокимликларнинг интернет орқали фуқаролар мурожаатлари билан ишлаши мавзуидаги бошқа гаплар.

Гулистонлик Карим ака шаҳар ҳокимлигига интернет орқали мурожаат қилиш имкони бор-йўқлигидан хабарсиз. Лекин у шу кунда шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчининг аҳоли билан ишлашидан рози.

- Шаҳар ҳокимимиз яқинда ўзгарди. Шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи баҳоли қудрат қабул қилиб турибди. Ҳоким ўзгармасидан олдин фуқароларимиз йиллаб ҳар белгиланган куни шаҳар ҳокимининг қабулига кира олмасдан ўз муаммоларини айта олмай тўпланишиб қолган ҳолатлари кўп бўлган. Шахсан мана бугун ўзим борганимда¸ иккита-учта фуқаро олдига кириб чиққанига гувоҳ бўлдим. Демакки¸ раҳбар органларидаги одамлар ўз масъулиятини ҳис қиладиган даражада бўлиши керак деб ўйлайман¸ дейди гулистонлик Карим ака.

Марғилонлик Абдурашид ака ҳам шаҳар ҳокимлигига интернет орқали мурожаат қилиш имкони бор-йўқлигини билмайди. Унинг фикрича¸ ҳокимлик аҳоли билан дуруст ишламоқда.

- Марғилон шаҳрининг ҳокимияти қошида навбатчилик телефон гўшаги бор. 233-20-13. Кейинги етти-саккиз йил ичида жуда кўп телефон қилганман ва ижобий жавоб олганман. Чунончи¸ электр тармоғидаги носозлик ëки газ бўйича носозлик бўлса¸ телефон қилганимда менга ижобий жавоб беришган¸ дейди Абдурашид ака.

Абдурашид ака айтган номерни териб кўрдик. Навбатчидан сизларга интернет орқали ҳам мурожаат қилиш мумкинми, деб сўрадик.

- Компьютерлаштириш локал тармоқ дейилади. Шу нарсани биз ҳозир йўлга қўяяпмиз. Полний шаҳарни локал тармоққа солиб туриб¸ кераклича бўлим бошқармалари билан локал тармоқ орқали гаплашадиган система қилинаяпти шаҳарда.

Озодлик: Ҳокимликнинг сайти борми?

- Ҳокимликнинг сайти бўлади.

Озодлик: Сайти энди бўлади-а?

- Йўқ¸ у бўлган. Ҳозир яна мукаммаллаштираяпмиз. Ҳокимликнинг сайтига тушиб¸ хоҳлаган соҳангизни олиб туриб шаҳарнинг объективкасини билиб олаверасизда. Вилоят ҳокимининг қарорига асосан қилинаяпти бу нарса¸ дейди Марғилон шаҳар ҳокимлигининг навбатчиси.

Навбатчи айтаётган янгиликлар биз қизиқаётган нарса – электрон ҳукуматнинг бир чети бўлиши мумкин, лекин у ҳозирча аҳоли билан ишлашнинг янгича усулига ўхшамай турибди.

Ҳозирча, аҳоли билан иш анъанавий усулда – Гулистондагидай ҳоким билан шахсий мулоқот, Марғилондагидай телефон орқали бўлмоқда.

Тошкентлик ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоиловнинг фикрича, бир қарашда Гулистонда ҳам, Марғилонда ҳам ҳокимликлар аҳоли мурожаатларини оператив ҳал қилаётгандай кўриниши мумкин, лекин, деб давом этади у,

- Бу ҳам¸ биринчи навбатда¸ фуқаро қайси масала ҳақида хабар бераяпти¸ қайси муаммо ҳақида хабар бераяпти ва мурожаат қилаяпти шунга боғлиқ. Масалан¸ ҳамманинг жон-жонига тегиб кетган масалалардан биттаси иш ҳақларининг мажбуран пластик карточкаларга ўтказиб берилиши. Лекин¸ мен ўйламайманки¸ мана шу ҳолатлар бўйича агар фуқаро электрон бошқарувни ëки ҳукуматни қўяверинг¸ компьютер орқали эмас телефон қилиб ëки ўзи келиб мурожаат қилса¸ унинг муаммоси ҳал бўлар эди¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов "электрон ҳукумат" деган иборани ишлатди.

Унинг фикрича, электрон ҳукумат яратиш масаласида Ўзбекистон анча орқада қолиб кетди.

Тошкент шаҳар ҳокимияти сайтида очилган хизмат тури - фуқароларнинг интернет орқали ҳокимиятга мурожаат қила олиш имкони - электрон ҳукуматнинг бир унсури холос.

Хўш, нима учун тўлақонли электрон ҳукумат яратилмаяпти?

Озодлик: Ресурслар етарли эмасми? Ҳеч кимга сир эмас Ўзбекистонда ҳамма нарса Ўзбекистон президентининг иродаси билан бўлади. Бу президент Каримовнинг янги технологияларни тушуниш имкониятида эмаслигидами ëки нимада бу?

- Ҳозир биз Россия президенти билан тақослайдиган бўлсак¸ Россия президенти ëшроқ бўлгани учун информацион технологияларга урғу бераяпти. Ëш катта одамлар бунақа механизмларни¸ принципларни қийинроқ қабул қилишади. Хусусан¸ Каримов ҳам қийинроқ қабул қилиши мумкин. Лекин бу ерда муаммонинг ечими бутун бир жамиятни ислоҳ қилишга боғлиқ. Айнан сиëсий ироданинг йўқлигига боғлиқ. Ўйлаб кўринг¸ агар ҳақиқатан ҳам электрон ҳукумат ташкил этилса ва у ишлаб кетса¸ Ўзбекистондаги кўпгина давлат ҳокимиятларида мавжуд бўлган мансабларга эҳтиëж қолмайди. Фуқароларнинг давлат ҳокимияти органлари билан муносабатларида анчагина самара ошади¸ уйғунлашади. Бу кўп ҳолатларда коррупция муаммосининг камайишига олиб келади. Яъни очиқлик¸ эркинлик кучаяди. Мана шу айнан факторларгина¸ бизнинг фикримизча¸ шу механизмни жорий қилишда сиëсий ироданинг пастлигига олиб келаяпти холос. Бизнинг фикримизча¸ давлат бошқарув органлари яхшигина тушунишади. Агар бошқа сабаб бўлганда эди¸ моддий маблағ топса ҳам бўларди¸ буни жорий қилса ҳам бўларди¸ дейди ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов.

Лавҳамиз якунига етиб қолди. Уни бошлаш олдидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига сайти орқали юборган саволимизга жавоб ҳанузгача келгани йўқ.
XS
SM
MD
LG