Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:06

Ғарб хавфсизлик чораларини кучайтираяпти


Яман пойтахтидаги АҚШ элчихонасига элтувчи йўллар ҳозирда хавфсизлик кучлари томонидан тўсиб қўйилган.
Яман пойтахтидаги АҚШ элчихонасига элтувчи йўллар ҳозирда хавфсизлик кучлари томонидан тўсиб қўйилган.

АҚШ ва Буюк Британия ҳукуматлари ортидан Франция ҳам Ямандаги ўз элчихонасини ёпди. Бундан аввал Вашингтон ва Лондон расмийлари Ал-Қоида гуруҳининг эҳтимолий ҳужумлари хавфи боис Ямандаги элчихоналарини ёпиб қўйган эди.

АҚШ ва Буюк Британиянинг Яман пойтахти Сана шаҳридаги элчихоналари Ал-Қоида террор гуруҳининг эҳтимолий ҳужумлари хавфи боис ёпиб қўйилди.

Якшанба куни АҚШ президенти Барак Обаманинг террорга қарши кураш масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Бренан бу қарор сабабини Ал-Қоиданинг Ямандаги гуруҳи ҳужум уюштиришни режалаётганига ишоратлар бўлгани билан изоҳлади.

- Биз биламизки, улар бизнинг элчихоналаримиз, элчихонадаги ходимларимизни нишонга олган. Шу боис, биз ўз дипломатларимиз ҳамда у ердаги бошқа ходимлар ҳимояси учун зарур барча чора кўрилганига ишонч ҳосил қилмоқчимиз. Бу қабул қилиниши керак бўлган оқилона чорадир, деди АҚШ президенти маслаҳатчиси Жон Бренан.

Ҳозирча АҚШ ҳам, Буюк Британия ҳам Ямандаги элчихоналари қачон очилиши ҳақида ҳеч қандай маълумот бергани йўқ.

Якшанба куни BBC телеканалига берган интервюси чоғида Буюк Британия Бош вазири Гордон Браун Яманни “таназзулга юз тутган давлат”, деб атади ва шу ой якунида Лондонда бу давлатга ёрдам масаласига қаратилган анжуман ўтказилишини эълон қилди.

Айни пайтда бу икки ҳукумат ортидан Ямандаги ўз элчихонасини ёпган Франция Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, элчи Ямандаги Франция фуқароларини эҳтиёт бўлиш ҳамда вақтинча саёҳатлардан тийилиб туришга чақирди.

Бу хабар Яман расмийлари мамлакат пойтахти шимолидаги тўқнашувларда Ал-Қоидага алоқадорликда гумон қилинган икки жанггари ўлдирилганини маълум қилганидан сўнг пайдо бўлди.

Яман ҳукумати эса шу кунларда Сана аэропорти ҳамда бу шаҳардаги Ғарб давлатлари элчихоналари атрофида хавфсизлик чораларининг кучайтирилганини айтмоқда. Айни пайтда мамлакат ҳукумати чегараларни қўриқлаш тартибини ҳам кучайтирди.

АҚШ нинг Санадаги элчихонаси бундан аввал 2008 йил сентябр ойида ҳужумга учраган ва ўшанда 19 киши, шу жумладан, АҚШ фуқаролари ҳам ўлдирилган эди. Бу ҳужумларда Ал-Қоида айбланган.

Шундан сўнг АҚШ ҳукумати Яман давлат хавфсизлик кучларига ўз ҳудудидаги террорчиларга қарши курашида кўмак тариқасида машғулотлар ташкил қилган ва биргина 2009 йил давомида шу мақсадда 67 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ берган эди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ал-Қоида ҳаракати камбағаллик ва беқарорлик боис ҳукумат назорати сусайган бу давлатда ўз базасини кучайтирмоқда. Шу кунларда Яман шимолида шиа исёнчилари гуруҳи, жанубида эса айирмачи гуруҳлар ҳаракати кучаётгани кузатилмоқда.

Президент Обама эса Мавлуд куни АҚШга тегишли самолётни портлатишга уринган нигериялик фуқарони қуроллантирган ва машғулотдан ўтказган, дея Ал-Қоиданинг Ямандаги бўлимини айблаган эди.

Ал-Қоиданинг Ямандаги бўлими эса амалга ошмай қолган бу ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган ва мусулмонларни бу ҳудуддаги Ғарб давлатлари объектларига қарши ҳужумга чақирган.

Айни пайтда АҚШ ҳукумати дунёнинг 14 давлати, хусусан, Ямандан учиб келаётган йўловчиларни ҳам текширувдан ўтказиш тартибини кучайтиришга қарор қилди.

АҚШ маъмурияти расмийларига кўра, “террорни молиялаштирувчи” деб ҳисобланган тўрт давлат — Куба, Эрон, Судан ва Суриядан келаётган ёхуд шу давлатлар орқали учган йўловчилар Америкага учувчи самолётларга чиқишдан олдин бошдан-оёқ тинтув қилинади.

Бу давлатларни қувватловчи, деб ҳисобланган яна 10 давлат — Афғонистон, Жазоир, Ироқ, Ливан, Ливия, Нигерия, Покистон, Саудия Арабистони, Сомали ва Ямандан келган йўловчилар ҳам худди шундай текширувдан ўтказилади.

Шунингдек, АҚШ ҳудудидан ўтувчи ҳар қандай халқаро парвозларда учаётган хориж фуқаролари аэропорт хавфсизлик хизмати ходимлари танлови асосида текширилиши мумкин.

АҚШ маъмуриятидан бироз ўтиб, Европа комиссияси матбуот котиби Барбара Ҳелферрих ҳам Брюсселда чиқиш қилиб, иттифоққа аъзо давлатлар ҳудудудидаги аэропортларда йўловчилар танасини сканердан ўтказиш тартиби жорий этилиши мумкинлигини айтди.

- Европа комиссияси¸ агар одам саломатлигига зиён етмаса ва хавфсизлик стандартларига хилоф бўлмаса, қўшимча хавфсизлик чораси сифатида йўловчиларни сканердан ўтказиш тартибини жорий этиш ҳақида ўйламоқда. Менимча, бу Европа қонунларига зид эмас ва бошқа хавфсизлик чоралари каби кўриб чиқилиши лозим, деди еврокомиссия расмийси.
XS
SM
MD
LG