Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:09

Заиф ҳалқа


Шуҳрат Бобожон
Шуҳрат Бобожон

2010 йил ҳам кириб келди. Янги асрда 10 йил яшаб қўйдик. Кечган учта 10 йилни бир-бирига туташ ҳалқалар каби аниқ эслайман.

1983 йилнинг охири совуқ келди.

Табиат ва мафкура қаҳратонидан беркиниш учун рассомга xос устахона зарур, деган фикрда қатъий эдим.

Ўша пайтда совет ўтxоналари муқобил кайфиятдаги рассом ва мусиқачилар учун севимли маскан эди.

Назарим, бир пайтлар шаҳарни ярмига иссиқлик узатган водаканал ўтхонасининг икки қаватли биносига тушди.

Бино Сталин пайтида пишиқ ғиштдан қурилган ва қаровсиз ҳолатда эди.

Рассомлар уюшмаси¸ шаҳар кенгаши ва сув-оқава идораси ўртасидаги қоғозбозликдан кейин “Бино рассомга берилсин!” деган буйруққа имзо чекилди.

Бинони кўздан кечириб¸ бир муаммо билан ассалому-алайкум¸ дея юз кўришдим.

Бино ичида оғир улкан чўян ўчоқ бор эди.

Билгичларнинг айтишича¸ олдин ўчоқ қурилиб¸ кейин устига бино тикилган.

Мендан олдин бир неча идоранинг бино ичидаги ўчоқни судраб чиқа олмасдан¸ қўл силташгани ҳам маълум бўлди.

Сталин лагерларининг собиқ маҳбуси¸ камазчи Жумаëз ака бу ўчоқни судраб беришга рози бўлди.

Олдин ўчоқни домкран ëрдамида кўтариб¸ тагига темир ўқловлар тиқиб чиқди.

Кейин улкан қуйма занжирни шалдиратиб бир учини ўчоққа иккинчи учини Камазнинг орқасига боғлади.

Камаз бир оҳ тортиб¸ илгари чирпанди. 40 йил ерга михланган ўчоқ бир силкинди.

Занжир таранглашди.

Машина яна пишқириб¸ илгарилашга уринди.

Шу он шарааақ¸ этган овоз чиқди. Занжир узилди.

- Нега узилди¸ деб сўрадик Жумаëз акадан

- Заиф ҳалқа¸ деди Жумаëз ака.

********


Орадан 10 йил ўтди. 1993 йил адоғида бир рассом сифатида Берлинда ижод қилиш учун йўлланма олдим.

Орқада сиëсий ҳарорати баланд бир неча йил¸ олдинда эса осуда олмон ҳаëт тарзи.

Орқада - тарқалиб кетган империя¸ президентлик сайлови мухолифат қимир- қимири¸ олдинда эса¸ бир пайтлар қантарилиб¸ яна қўлга олинган молберт.

Берлинда асли Ўзбекистонга тақаладиган бир олима хоним истиқомат қилади. Рано Фон Менде.

Рано хоним Берлинда мусофир бўлган икки ўзбекни бир чўқим паловга чақирди.

Берлинда мендан ташқари бир хоразмлик олмоншунос олим ҳам бор эди¸ у Ҳумболд дорилфунунида илмий иш ëзар эди.

Айтилган вақтдан 20 дақиқа олдин Раъно хоним эшиги олдида ҳозир бўлдик.
Немисларда вақтидан олдин эшик қоқилмайди¸ деди ҳамроҳим.

Хуллас¸ орадаги 20 дақиқани уй олдидаги боғчани кезиб¸ ўлдиришга қарор қилдик.

Бундан атиги бир йил бурун мухолифатни қўллаган бу олим элбирим муҳим бир гапни айтмоқчидай¸ менга қаради.

- Биласанми Шуҳрат¸ Каримовни сайловда ютгани яхши бўлди. Агар Солиҳ ютганида борми¸ қон дарë бўлиб оқар эди. Биз нон ўрнига тош ердик.

Каримов статус кво¸ яъни мавжуд ҳолатни сақлаб қолди¸ бу муҳим. Мана Тожикистонни қара¸ демократия қиламан¸ дея нима бўлди¸ деб қўлини бигиз қилди.

Уни қўли кўрсатилган тараф Берлиннинг ғарбий бўлгаси эди. Демократия гуллаган бир гўша эди бу.

Занжи араблар ва турклар ҳамда олмонлар гавжум бу бўлга муроса ва рафоқ улгисидай эди.

Мен ҳали ўз сафдошларимнинг қуда томонга ўтишига кўникмаган ғўр бола эдим.

Менинг ўйимча чет тилни ва Ғарб ҳаëтини билган ҳур фикрли ўзбек¸ албатта¸ демократия тарафдори бўлиши керак эди.

Мендан сал нарида турган бу олимнинг мустабидни қўллашини ҳеч истамас эдим .

Олим бўлса қўлларини икки тарафга ëзиб¸ биз ўртача одаммиз¸ пақир панада бўлади ва ҳоказолар деди.

Мен учун рўпарамдаги олим занжирнинг заиф ҳалқаси эди...

*************

Кейин яна 10 йил ўтди.

Бу ўн йилда не-не одамларнинг не кўйларга тушишларини¸ сал зўрга узиладиган ҳалқалар каби чўрт узилишларини кўп кўрдим.

Ҳатто кўникиб ҳам қолдим.

Бугун сиз билан бирга бўлиб¸ сал ўтмай манфаат илинжида жамоани қизармасдан¸ бўзармасдан сота оладиган касларни кўп кўрдим.

Чақимчиликни янги замоннинг энг улуғ тарзи¸ деб биладиган бўйни боғлиларни кўрдим.

Бундан 10 йил олдин кўрганим олим уларни олдида фаришта эди.

*****************


Яна 1983 нинг қишига қайтсак.

Ўшанда камазчи Жумаëз ака ўтхона биноси ичидаги улкан чўян қозонни трос ëрдамида суғуриб чиқарди

Трос дегани заиф симлардан эшилган арқон. Бу симлар алоҳида олинганда ўта заиф¸ аммо минглаб симлар бирлашар экан¸ узилмас бир ҳолга келади.

Занжирдан кўра¸ трос кучли деган фикрга келганимга ҳам 30 йил бўлди.
XS
SM
MD
LG