Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:58

Клинтон: Ямандаги Ал-Қоида дунё учун таҳдид


Afghanistan- US Secretary of State Hillary Clinton talks during a press conference at the US embassy in Kabul, 19 November 2009.
Afghanistan- US Secretary of State Hillary Clinton talks during a press conference at the US embassy in Kabul, 19 November 2009.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон "Араб ярим оролидаги Ал-Қоида" гуруҳини мағлубиятга учратиш учун халқаро ҳамжамият Яман ҳукуматига босимни кучайтиришини айтди.

Клинтонга кўра, Ал-Қоида гуруҳининг Яманда фаоллашуви таҳдид пайдо қилади ва у мамлакат ва Яқин Шарқ минтақасидан ташқарига ҳам хавф солади.

- Биз Ямандаги уруш оқибатларининг дунёга таъсирини ва Ямандаги Ал-Қоида минтақадан ташқарида ҳужум уюштириш учун Яман ҳудудидан база сифатида фойдаланишга ҳаракат қилаётганини кўраяпмиз, деди АҚШ Давлат котиби.

Бу баёнотни Ҳиллари Клинтон Давлат департаментида Қатар бош вазири Ҳамад Бин Яссим Жабр ал-Таний билан учрашувдан кейин берди. Икки раҳбар мулоқоти чоғида бошқа масалалар қатори қандай қилиб Яманда вазиятни барқарорлаштириш мумкинлиги муҳокама этилди.

Учрашувдан бир неча соат олдин Яман расмийлари пойтахт Санаъ шаҳри яқинида содир бўлган тўқнашувда Ал-Қоида жангариси эканликда гумон қилинган икки шахс ўлдирилганини маълум қилди.

Ўзини “Араб ярим оролидаги Ал-Қоида” деб эълон қилган гуруҳга қарши Яман ҳукумати кўраётган чораларни олқишлаган АҚШ Давлат котиби таҳдид жиддий бўлгани учун кейинроқ Лондонда бўладиган учрашувда халқаро ҳамжамият вакиллари кескин чоралар кўриш кераклиги ҳақида Яман ҳукуматига босимни кучайтиришини айтди.

Ўтган ҳафта “Араб ярим оролидаги Ал-Қоида” 25 декабр куни Амстердам шаҳридан АҚШнинг Детроит шаҳрига учган самолётни портлатишга бўлган уриниш учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди.

Оқ Уй расмийлари самолётни портлатмоқчи бўлган нигериялик Умар Форуқ Абдулмуталлибнинг иши фуқаролик судида кўрилишини ҳамда бу ишга уни ким ёллагани ва тайёргарликдан ўтказиш учун ким масъул бўлганини терговчиларга айтиб берса, унга шафқат қилинишини айтган.

Ал-Қоида ҳужум қилиши таҳдиди мавжуд бўлгани учун АҚШ якшанба куни Ямандаги элчихонасини вақтинча ёпди. Шундан сўнг Британия ва Франция элчихоналари ҳам вақтинча ёпилди.

Якшанба куни Эн-Би-Си телевидениеси орқали чиқиш қилган Хавфсизлик масалалари бўйича АҚШ президенти маслаҳатчиси ўринбосари Жон Бреннан АҚШда бошқа танлов имконияти бўлмаганини айтди.

- Биз Ал-Қоида элчихонамиз ва элчихона ходимларини нишонга олаётганини биламиз. Шу боис биз у ердаги дипломатларимиз ва бошқа ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрдик. Бу пухта ўйлаб қилинган чора бўлди, деди АҚШ расмийси.

АҚШ разведка идоралари Абдулмуталлиб ҳақидаги маълумотларни ўзаро алмашмагани юзасидан ҳозир текширув бормоқда.

Ҳиллари Клинтон Давлат департаменти бошқа идоралар билан маълумот алмашиш борасида бор имкониятни ишга солганини қайд этди. Аммо Клинтон бу АҚШ хавфсизлик тизимидаги тартибни қайта кўриб чиқмаслиги керак, деган маънони англатмаслигини айтди.

- Биз ҳозир (нимани билишимизга асосланиб,) таҳдид пайдо бўлган вазиятда ёки таҳдид ҳақида маълумот олинган пайтда шу маълумотни бошқа идораларга етказиш ҳақидаги талабни Давлат департаменти тўлиқ бажарди, дея оламиз. Аммо ҳозир биз "бу тартиб ўзгартирилиши керакми?" деган масала ҳақида ўйлаяпмиз, деди АҚШ давлат котиби.

АҚШ президенти Барак Обама Гаваида 11 кун дам олиб ишга қайтди. 5 январ куни Миллий хавфсизлик кенгашининг Оқ уйда бошланадиган йиғилишида юқорида айтиб ўтилган масалалар муҳокама этилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG