Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:30

Тожикистон темир йўлларидан фойдаланиш тақиқланди


Янги йилдан Ўзбекистон Тожикистон темир йўллари орқали тижорат юкларини Фарғона водийсига ташишни деярли тақиқлаб қўйди. Узметроном газетасига кўра¸ бу қарор президент Каримов томонидан 2009 йилнинг 28 декабр куни имзоланган.

Юк ташишнинг янги схемаси Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида логистика маркази ташкил қилишни кўзда тутади. Бу ерда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларига жўнатилиши керак бўлган моллар автомобилларга юкланиб, кўзланган манзилга етказилиши кўзда тутилмоқда. Водийдан келадиган юклар ҳам Ангренгача юк машиналарида олиб келиниб, шу ердан поездларга ортилиши мўлжалланмоқда.

Тожикистон темир йўллари орқали юк транзитига қўйилган таъқиқ фақат стратегик юклар, жумладан, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидан Ўзбекистоннинг бошқа жойларига юборилувчи ёқилғи-мойлаш материалларига тегишли бўлмайди, холос.

Ўзбек расмийларининг бу қадами Тошкентнинг Тожикистон темир йўлларига қарамликдан қутулиш истаги ўлароқ баҳоланмоқда.

Мавзу юзасидан Тожикистон темир йўллари давлат унитар корхонасига сим қоқдик. Мазкур корхона раиси ўринбосари Владимир Собкалов Ўзбекистон томонининг бу қароридан умуман хабарсизлигини билдирди.

- Шу кунгача биз Ўзбекистонга тегишли юк транзити масаласида бирор чеклов ўрнатмадик. Улар бизнинг ҳудудимиздан қанчалик кўп юк ташишса, биз шунчалик хурсанд бўламиз. Ундан ташқари, агар Сўғд вилояти ҳудуди орқали юк ташиш ҳажмини кўпайтиришса, биз уларга айрим имтиёзлар билан жавоб беришимизни доимо таъкидлаб келганмиз. Ислом Каримовнинг бу соҳада қабул қилган қарори сиёсий ғараздан бошқа нарса эмас, дейди Тожикистон темир йўллари корхонаси расмийси Владимир Собкалов.

Унинг фикрича, дунёда энг арзон транзит йўли бу темир йўлдир.

“На автомобил ва на авиация бунчалик арзон нархда юкларни транзит қилмайди” дер экан, Соколов бу қарор фақат Ўзбекистон ва ўзбекистонликларга қимматга тушишини таъкидлайди.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчи Раҳматулло Зоиров ҳам бу фикрларни қувватлар экан, кечган йилда Ислом Каримов томонидан имзоланган қарор “субъектив характерга эга”лигини урғулайди.

Аснода шу кунларда миллатни қутқариш ғояси ўлароқ тақдим қилинаётган Роғун ГЭСини қуриш орқали ҳам тожик расмийлари қўшнилардан бўлган энергетик қарамликдан қутулишга эришмоқчилар.

Таҳлилчи Раҳматулло Зоиров фикрича, иккала тараф расмийларининг шахсий хусуматга қоришиқ, "йироқлаштирувчи мустақиллик"ни кўзда тутувчи қарорлари иккала республика аҳолиси турмуш тарзида салбий акс этаётир, холос.

- Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги муносабатнинг шу кунгача яхшиланмагани ўзаро муносабатлар ва ҳамкорлик масалаларига ўз салбий таъсирини кўрсатаётгани ортидан бугунгача шундай қарорлар қабул қилинмоқда. Икки президент шахсия амбицияларининг устун келиши икки халқ умумий манфаатларига, муносабатларнинг яхшиланишига ва интеграцион жараённинг яхши томонга силжишига зарба беради. Афсуски, шу кунгача Ислом Каримов ҳам, Имомали Раҳмон ҳам ёмонлик йўли билан бирор масалани ҳал қилиб бўлмаслигини тушунишни истамаётир, дейди мустақил таҳлилчи Зоиров.
XS
SM
MD
LG