Линклар

Жабрдийдаларнинг кўпи ўзбеклар


Кузатувчилар Россияда ҳалок бўлган марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ўлимида кўпроқ тақирбошларни айбмоқдалар

Кузатувчилар Россияда ҳалок бўлган марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ўлимида кўпроқ тақирбошларни айбмоқдалар

2009 йилда Россияда 14 нафар ўзбек рус миллатчилари қурбони бўлган, 12 нафари жароҳатланган. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси сайти - antirasizm.ruда хабар қилинди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси сайти - antirasizm.ru да хабар қилинишича, 2009 йилда Россияда ксенофобия жабрдийдаларининг энг кўпи ўзбеклар (14 ўзбек ҳаётдан кўз юмган, 12 нафари жароҳатланган) бўлган.

Иккинчи ўринда қирғизлар бўлиб, ўтган йили рус миллатчилари қўлида 8 қирғиз ҳалок бўлган, 10 нафари жароҳатланган.

Учинчи ўринда тожиклар (7 тожик ўлган, 18 нафари яраланган).

Айни пайтда 7 нафар рус ўз миллатдошлари ҳужумидан ўлган 13 нафари жабрланган.

Рус миллатчилари ҳужумида беш нафар қозоқ ва уч нафар туркман ҳам жабрланган.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроевга кўра, рус миллатчилари ҳужумидан қурбон бўлган ўзбеклар сони юқоридаги рақамлардан бир неча баробар кўп бўлиши мумкин.

- Ҳар хил ташкилотлар ҳар хил сонларни кўрсатиб ëзишади. Улар ўзларининг тадқиқот ишларидан келиб чиқиб ëзишади. Мен билган рақамлар бир неча баробар кўпроқ. Россия ҳудуди катта. Рус миллатчиларининг ҳужумлари билан боғлиқ барча воқеаларни инсон ҳуқуқлари ташкилотлари назорат қилиши ва жамоатчиликка олиб чиқиши қийинроқ. Россиянинг умуман назорат қилиб бўлмайдиган жойларида ҳам Ўрта Осиë халқларининг вакиллари ишлайди, дейди Баҳром Ҳамроев.

Ҳуқуқ фаоли Ҳамроевга кўра, Россиядаги ўзбек муҳожирлари орасида скенхедлар ҳужуми оқибатида қурбон бўлган яқинларини ҳеч кимга индамасдан Россиянинг ўзида дафн қилиш ёки пул тўплаб жасадни Ўзбекистонга жўнатиш ҳолатлари кўплаб учрайди. Бу каби ҳолатлар эса, ҳуқуқ фаолининг айтишича, жамоатчиликка ошкор бўлмасдан қолади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси эса 2009 йилдаги рус миллатчилари қурбонлари сони 2008 йилга нисбатан анча камайганини маълум қилади. Мазкур ташкилот маълумотига кўра, 2009 йилда Россия бўйлаб рус миллатчилари ҳужуми оқибатда 75 киши ҳалок бўлган бўлса, 2008 йилда 128 киши ксенофобия қурбони бўлган эди.

Москвадаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Укки” ташкилоти вакиласи Галина Кожевникова ҳам ўтган йилда рус миллатчилари қурбонлари сони анча камайганини билдиради.

- Ўтган йилни ундан аввалги йил билан таққослаганда ирқчилик қурбонлари сони камайганини кўриш мумкин. 2008 йили 112 киши рус миллатчилари қурбони бўлган бўлса, ўтган йилда 64 киши ксенофобия қурбони бўлди. Бизнинг ташкилот аниқлаган маълумотлар бўйича 2008 йилда 486 киши ирқчилик ҳужумлари оқибатида жароҳатланган бўлса, ўтган йили 306 киши айни кўринишдаги ҳужумлар натижасида жароҳат олди, дейди Галина Кожевникова.

Россиялик аксар ҳуқуқ фаоллари ирқчилик қурбонлари сони камаётганини таъкидлаётган бир пайтда Россияда меҳнат қилаётган ўзбек муҳожирлари тақирбошлар жазаваси сусаймаётганини айтмоқдалар.

Россияда меҳнат қилаётган Алижон исмли бир ўзбекистонликнинг айтишича, “азамат ўлка”да рус миллатчилари хавфи доимий равишда сезилиб туради.

Алижон ака фикрича, айнан Россия матбуотининг Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирларига нисбатан салбий муносабати оқибатида миллатчилик кўринишидаги ҳолатлар кўпайишига сабаб бўлаяпти.

- Асосан радио¸ телевидение¸ газета ва журналлар бизга қарши. Қайсидир маънода қарши. Кўчада нимадир ёмон иш бўладиган бўлса¸ маҳаллий телевидение ва матбуот бизни айблашга уринади. Мана шу миллатчилар қайсидир маънода давлатнинг ўзига ҳам керак бўлса керак, деб ўйлайман, дейди ўзбек мардикори.

2008 йил охирида қўқонлик 22 ёшли Зикриёхон Жалилов ҳам тақирбошлар ҳужумига дуч келганди. У тақирбошлар томонидан ҳеч қандай сабабсиз калтаклаб кетилган.

Зикриёхон ўша пайтда Озодликка берган интервьюсида уни тақирбошлар темир билан савалагани ва дўстларининг вақтида етиб келгани шарофати билан тирик қолгани ҳақида гапирганди.

- Бу Подмосковеда бўлган. Скинхедлар мени электричкадан олиб чиқиб уришди. Билмадим, улар нима хоҳлашди экан. Олиб чиқиб “чëрний”¸ “чурка” деб, аёвсиз калтаклашди. Улар 10 нафар эди. Темир билан уришди. Оёғим ва юзимда темир излари қолган, деганди Зикриёхон калтакланганидан бир ҳафта ўтиб.

Ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев Зикриёхон сингари тақирбошлар ҳужумига дуч келаётган ўзбеклар сони кўплигини айтар экан, Россияда миллатчиликнинг ривожланишини Кремл юритаётган сиёсатдан излаш кераклигини таъкидлайди.

- Миллатчилик¸ ирқчилик кайфияти камаяëтгани йўқ. Бу кайфият ҳали давом этаяпти. Россия Думаси ичидаги¸ давлат органларида иш олиб бораëтган одамларнинг яъни давлат раҳбарларининг бу ишда қўллари бор. Россия ҳукумати тақирбошларга¸ умуман ирқчилар¸ миллатчиларга қарши осон йўллар билан уларни тўхтатиши мумкин. Лекин Кремл ора-сирада тақирбошларга нисбатан фақат сўз айтади. Амалда эса конкрет бир иш қилинаëтгани йўқ. Судлар иккита-учта тақирбошларга ҳукм чиқараëтган бўлиши мумкин. Лекин Россия ҳукуматининг кардинал бир ўзгартириш қилишга имконияти бор. Россия ҳукуматининг тақирбошларга¸ ирқчиларга аниқ бир чора кўраëтганини сезмаяпмиз, дейди Баҳром Ҳамроев.

Ҳуқуқ фаоллари тарқатган маълумотга кўра, Россиядаги рус миллатчилари сони тахминан 70 минг нафарни ташкил қилади.

Россияда кейинги беш йил давомида жами 400 га яқин одам рус миллатчилари қурбони бўлган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси маълумотига кўра, 2009 йилда Россияда миллатчилик негизидаги айблов билан 319 одам маҳкамага тортилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG