Линклар

Бир томонда¸ ҳукумат чизиғидан чиққан мусулмонларга қарши қатағон¸ бошқа томонда¸ гўë Ислом ва адолат йўлидаги жанг. Икки ўртада болалиги ўғирланган ўн минглаб қоракўз сарсон... ва қурбон.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва баракотуҳ!

Ёзаётганим бу блог сиз, азиз муштарийларимизнинг кўпчилигида норозилик уйғотиши, баҳсу-муноазараларга сабаб бўлишини англаган ҳолда ёзяпман. Айниқса, бу блог мавзусига бевосита алоқадор “Исломий жиҳод иттиҳоди ижодкорларининг” “қарғишига” учрасам ажабмас.

Лекин баҳсу-мунозара уйғотиш журналистнинг асосий вазифаси экани ҳам ёдимдан чиққани йўқ: айтсам ўлдурурлар, айтмасам ўлам!

Ҳамкасбларимдан бири Youtube интернeт саҳифасида эълон қилинган ва “Исломий жиҳод иттиҳодининг Бадр ат-Тавҳид студияси тақдим этади” сўзлари билан бошланувчи салкам 40 дақиқалик видеороликни кўрсатиб қолди.

Бу “кўрсатув” Покистонми, Афғонистонми – ўша томонларнинг даштларида ўзбек, ўзбекистонлик ўзбек болакайларидан мужоҳидлар тайёрланаётгани ҳақида.

Унда 5-6 ёш ва ундан каттароқ болалар Қуръонни ёд қилиш баробарида узунлиги бўйлари билан тенг Калашников автоматларидан отишни ўрганаётгани тасвирланади. Орқа фонда эса майин ва ҳазин овозли йигит Қуръон ва ҳадислардан “далил” келтириб “мужоҳид ва шаҳид бўлганлар”нинг ўғилларини оталаридан ўрнак олишга ундайди.

Диний билимим жуда ҳам зўр бўлмагани боис, ҳазин овозли йигит Қуръон оятлари ва ҳадисларни тўғри талқин қилаётганига “шак келтиришдан” йироқман. Лекин 5-6 яшар болакайларнинг кўзларига қарар эканман, майин сасли йигит уларнинг болалигини ўғирлаш мақсадида бу “далилларни” ўз фойдасигами, “Исломий жиҳод иттиҳоди”ми ё Ўзбекистон исломий ҳаракатининг фойдасига талқин қилмаяптимикин, ёхуд яна кимнингдир тегирмонига сув қуймаяптимикин, деган шубҳа дилимдан ўтдим.

Чунки болакайларнинг қурбонликка тайёрланаётган қўйнинг кўзларини эслатувчи кўзларидан улар қироат қилаётган сўзларни, араб калималарини англамаётганини уқиш қийин эмас.

Видеотасвирда болаларнинг юзлари очиқлиги, катталарнинг юзларига эса ниқоб тортилгани, фондаги ҳазин овоз эгасининг кўриниш бермагани ҳам бу шубҳаларимни кучайтиради.

Ниқоб кийганлар болаларни жуфт-жуфт қилиб, боксга (улар қарши курашаётган “кофирларнинг” ўйини) туширади. Бокс қўлқопи оғирлигидан қўлларни зўрға кўтарган болакайлар бир-бирини муштлайди. Кейин бўйлари баробар автоматлардан (автомат ҳам роликда “кофирлар юрти” деб аталган мамлакатлардан бирида чиқарилган) отишни ўрганаётгани кўрсатилади. Сўнгра 5-6 ёшли жажжилар бирма-бир камерага қараб, “Иншоллоҳ¸ катта бўлсам фидойи бўламан, жиҳод қиламан”, деган жумлани қайтаради. Яна қурбонликка тайёрланаётган қўйнинг кўзларидан нимани, нима учун ўзини фидойи қилмоқчи эканини ўқий олмайман. Уларнинг кўзлари, “жоним президент учун фидо”¸ деяётган “фидокорлар” кўзларидан кўп ҳам фарқ қилмайди...

Орқа фондаги ҳазин овозли йигит, Расулуллоҳдан (САВ) иқтибос келтириб, “ўлимдан олдин ҳаётни” ва “қариликдан олдин ёшликни” ғанимат билиш керакигини эслатади.

Видеотасвирнинг якуний қисми эса, Абдурраҳим исмли ўзбек ўспиринининг Покистонда Мушарраф режимига қарши “жиҳодда шаҳид” бўлгани ҳақида ҳикоя қилади. Ҳазин ва майин овозига “шаҳид” Абдурраҳим учун қайғураётганлик сасини қориштирган йигит энди ияги оқ дурра билан боғлаб қўйилган Абдурраҳим - марҳум Абдурраҳимнинг тасвири орқасида унинг шаънига мақтовлар айтади. Лекин овоздаги ҳазинлик ва қайғуриш негадир менга Абдурраҳим олдидаги айбдорлик аломатидек эшитилади. Мужоҳидлар ҳалок бўлган сафдошлари “шарафига” “шаҳид муборак!”, деб хитоб қилмасмиди, деган ўйлар яна шубҳаларимни кучайтиради.

Ниқоб кийганлар “жиҳод”га тайёрланаётган жажжиларга “Такбир!”, деб хитоб қилади, жажжилар “Аллоҳу акбар!”, деб жавоб қайтаради.

Қурбонлик қўйининг кўзлари, болакайларнинг ҳайқириғи энди негадир ўтган асрнинг 30-йилларида Европа мамлакатларидан бирида пайдо бўлган “доҳийнинг” “Зиг ҳайль!” хитобига “Ҳайль Ҳитлер!”, деб жавоб қайтарган болакайларнинг кўзларини, улар ҳайқириғини эслатади.

Хаёлимдан юртимизнинг, видеотасвирдаги болаларнинг болалигини ўғирлаган ниқоблилар ва орқа фондаги овоз эгасидек айёрларнинг қўлига тушиб қолишидан Оллоҳимнинг ўзи асрасин, деган фикр ўтади.

Уйингизга тинчлик, Оллоҳнинг раҳмат ва баракоти ëғилсин!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG