Линклар

Одил Ëқубов: “Ëзувчиликдан ортиқ мартаба йўқ!"

  • Садриддин Ашур

21 декабр вафот этган Одил Ëқубов машҳур Чиғатой қабристонига дафн этилди.

21 декабр вафот этган Одил Ëқубов машҳур Чиғатой қабристонига дафн этилди.

"Aдабиёт" радиожурналининг бугунги сонида атоқли ўзбек ёзувчиси ¸ эндиликда марҳум адиб Одил Ёқубовнинг ижоди ва ҳаёт йўли ҳақида гаплашамиз.

Ёзувчининг таржимаи ҳоли.

Одил” Ёқубов 1926 йили Қозоғистон Республикаси¸ Чимкент вилояти¸ Туркистон туманининг Қарноқ қишлоғида туғилди. 1944 йилда ўрта мактабни тугатиб, 1945-1950 йилларда армияда хизмат қилди¸ совет-япон урушида иштирок этди.

Сўнгра Ўрта Осиё Давлат университетининг филология факультетида ўқиди. Олийгоҳни тугатганидан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи, “Литературная газета”нинг Ўзбекистондаги мухбири, “Ўзбекфилм” киностудиясида ва Республика кинематография қўмитасида бош муҳаррир, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир ўринбосари (1970-1982) бўлиб ишлади.

Сўнгра “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг (1982-1989) бош муҳаррири, Ёзувчилар уюшмасининг раиси (1989-1996), Ўзбекистон Атамалар қўмитаси ва Туркистон халқлари маданияти арбоблари ассамблеясининг вице-президенти (1998-2004) лавозимларида фаолият юритди.

Одил Ёқубов “Тенгдошлар”, “Икки муҳаббат”, “Муқаддас”, “Қанот жуфт бўлади”, “Биллур қандиллар”, “Излайман” каби қиссалар ва “Эр бошига иш тушса”, “Улуғбек хазинаси”, “Диёнат”, “Оқ қушлар, оппоқ қушлар”, “Адолат манзили” каби романлари билан ўзбек китобхонига яхши таниш. Айниқса, унинг тарихий мавзудаги асарлари 60-йиллар ўзбек прозасида янги саҳифа очган, ёш ўзбек адибларини янги руҳдаги асарлар ёзишга илҳомлантирганди.

Одил Ёқубов 2009 йилнинг 21 декабрида 84 ёшида, Тошкентда вафот этди.

Ëзувчидан қолган мерос ҳақида шоир Жамол Камол гапиради.

- Одил ака 20-аср ўзбек адабиëтида Абдулла Қодирий¸ Ойбек¸ Абдулла Қаҳҳорлардан кейин қўйиладиган¸ лекин ўшалар билан бир сафда қўйиладиган бизнинг буюк адибимиз¸ қўрқмасдан айтишимиз мумкин¸ буюк адибимиз эди. Тўғри¸ ўрмондаги дарахтларнинг ҳаммаси баланд¸ юксак бўлмайди ëки ўрмон фақат юксак дарахтлардан иборат бўлмайди. Уларнинг ўртасида ўрта бўйлиси бор¸ паканаси бор. Айтиш мумкинки¸ ўзбек адабиëтидаги кейинги 30-40 йил ичидаги¸ балки 50 йил ичидаги энг юксак чинор Одил Ëқубов эди¸ дейди Жамол Камол.

Шоир фикрича¸ Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романи ўзбек миллий романчилигида ўз аҳамияти жиҳатидан¸ учинчи ўринда туради.

- Айтайлик¸ менинг фикримча¸ бизнинг ўзбек прозамизда Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” ва Ойбекнинг “Навоий” романларидан кейинги романимиз бу Одил аканинг “Улуғбек хазинаси” романи. Бу ҳақиқий миллий¸ ажойиб¸ гўзал роман¸ дейди Жамол Камол.

Аммо ўзбек романчилигининг устунларидан ҳисобланмиш бу асар унинг ижодкорига нафақат шуҳрат¸ балки оғриқ ва изтироб ҳам келтирди.

"1976 йилда Одил Ёқубовнинг 50 йиллиги муносабати билан “Литературная газета” мақола эълон қилди. Бу мақолага Чингиз Айтматовнинг Одил Ёқубовга йўллаган “Улуғбек хазинаси” романи ҳақидаги мактуби ҳам илова қилинган эди", дея сўз бошлайди ўзбек ëзувчиси Ғаффор Ҳотамов.

- Ўзингиз биласиз¸ у пайтда бу газета жуда оммалашган газета эди. Топиш қийин бўларди. Мен оғайнилардан олиб¸ учта топиб олиб борганман. Олиб борганимда¸ у кишининг кайфияти жуда баланд экан. Яхши кайфият билан ўтириб¸ “Улуғбек хазинаси” романи ҳақида суҳбатлашиб ўтирганимизда¸ телефон жиринглади. Телефон узлуксиз жиринглади. У киши телефонни олиб гаплашиб¸ кўзлари намланиб келиб ўтирди. “Нима бўлди? Тинчликми?” десам¸ “Ўзбекчилик қурсин. Иззат Отахоновичдай катта адабиëтшунос “Хат келганини ўша пайтда бизга айтмагансиз. Айб ўзингизда. Агар айтганингизда¸ биз романни танқид қилиб юрмасдик” деяпти” деди. Шундай воқеа бўлган¸ дейди Ғаффор Ҳотамов.

Чингиз Айтматов ёзган мактубдан иқтибос:

“Бугун мен чуқур мамнуният билан, виждон амрига итоат этган ҳолда, сенга аллақачон йўллашим лозим бўлган ушбу хатни ёзмоқдаман.
“Улуғбек хазинаси”ни, гарчи бир оз кечикиб бўлса-да, зўр қизиқиш ва мароқ билан ўқиб чиқдим. Яхши китоб ҳақида завқ билан ёзиш мумкин. Сенинг асаринг юксак проза намунасидир. Бадиий жиҳатдан баркамол бўлган бу тарихий роман ҳақиқатан мени ларзага солди. Ўқувчини тўлқинлантира олиш мумтоз санъат асарига хос бирламчи аломатдир. Яна мен бу сафар туркий халқлар вакили сифатида чуқур мамнуният ва ғурур-ифтихор ҳиссини туйдим”.

Одил Ёқубов Ўзбекистон Ëзувчилар уюшмасига раислик қилган 80-йиллар охири шиддатли воқеларга тўла давр эди. Аммо Одил Ёқубовни буюк ёзувчи бўлишидан ташқари оғир, босиқ ва ёшларнинг фикрларини инобатга оладиган ҳамда уларни турли балолардан ҳимоя қила оладиган бир шахс сифатида ижодкорлар ҳурматини қозонди¸ деб эслайди ўша даврларни шоир Ёдгор Обид гапиради.

- У одам ўзгаришлар даврида Ëзувчилар уюшмасига бошчилик қилди. Мен у одамнинг қўлида адабий маслаҳатчи бўлиб ишлаганман. Бир неча марта баъзи шеърларим учун қамоққа олишганда¸ буни менинг шахсий миннатдорчилигим деб билиши мумкин¸ кўпчиликни бирлаштириб мени озод қилишларини талаб қилиш масаласида бошчилик қилган. Мен буни умримнинг охиригача миннатдорлик билан эслайман¸ дейди Ëдгор Обид.

"Одил Ёқубов нафақат яхши ëзувчи¸ балки яхши инсон ҳам эди -унинг кўнглида ғараз йўқ эди ва унга ёмонлик қилганларни ҳам ҳеч қачон ғийбат қилиб ёки ёмон кўриб юрмасди, “боре” деб қўл силтаб қўярди, холос",деб суҳбатни давом эттиради шоир Жамол Камол.

- Ҳозирдан мен сезиб турибман Одил аканинг ўрни бўм-бўш. Ҳувиллаб қолди. Бизда ҳозир Одил аканинг ўрнини босадиган ҳеч ким йўқ. У бир яхлит инсон эди. Ҳар қандай шамолларга тебранадиган¸ бугун бир рангда¸ эртага бошқа рангда кўринадиган¸ мансабда бўлганда осмонга сакрайдиган¸ мансабдан тушгандан кейин икки букиладиган инсон эмас эди. Ҳамиша бир хил¸ яхлит¸ гўзал¸ олийжаноб инсон эди¸ дейди Жамол Камол.

Одил Ёқубов оқ йўл тилаган ёзувчилардан бири Абулқосим Мамарасуловдир. Унинг айтишича, Одил Ёқубов “Литературная газета”нинг мухбири бўлиб ишлаб юрган ва СССР Халқ депутати бўлган кезларда ўзбек халқининг дардини иттифоқ миқёсида жар солишга ботинган ёзувчи эди.

- Ўша кундаги ўзбек қишлоқларининг аҳволи¸ ўзбек қишлоқларидаги аëлларнинг аҳволи¸ пахта яккаҳокимлиги¸ пахтанинг бутефос билан дориланиши оқибатида бутун Ўзбекистон халқининг заҳарланиб¸ охирги даражага етиб қолгани¸ ўзбек аëлларининг пахта даласидан бери кела олмаслиги¸ шийпонларнинг ичида ҳеч қандай шароит йўқлигига қарамай болаларини олиб бориб ўша ерда қўйиб¸ пахта чопиб келиб¸ кир-чир ҳолда шийпондаги боласини эмизиши¸ оналарнинг заҳарланиши¸ натижада болалар ўлимининг кўпайиб кетганлиги ҳақида ëзган эди. Ўша йиллари 300 дан ортиқ аëлларнинг ўзини осганлиги¸ ўзига ўт қўйганлиги ҳақида айтган эди. Умуман айтганда¸ бу ўзбекларнинг ўша пайтдаги аҳволи тўғрисида фарëд эди. Мен бу бадиҳани ўқиганимдан кейин Одил акага қўнғироқ қилдим. Ўқиб таъсирланганимни айтган эдим Одил ака жаҳл устида “Менга сенинг таъсирланганингнинг кераги йўқ. Халқ нима бўлаяпти? Халқда бунга реакция борми?” деди. “Бор¸ жуда катта” дедим. “Бўлмаса сен ижодкор сифатида ўшаларнинг реакциясини¸ айтаëтган гапларини ëзиб “Литературная газета”га жўнат. Нима қилиб юрибсан? Сен ҳам ëзувчисанку. Нимага шуни қилмайсан?” деди¸ дейди Абулқосим Мамарасулов.

Мустақилликдан сўнг ўзбек адабий муҳитини саройга ёқишга ҳаракат қилган ва доим у томон талпинган, кези келганда “китобларини қўлтиқлаб чопган” ёзувчи-шоирлар забт қилди . Улардан баъзилари баланд мартабаларга эришишди, ҳукуматга керак бўлмй қолгач эса¸ бу мартабалардан туширилди. Шоир Ҳамроқул Асқар фикрича, Одил Ёқубов бундай жараëнга қўшилмай¸ четда турган кам сонли ижодкорлардан бири бўлди.

- Мен Одил ака билан у пайтларда кўп гаплашганман. Оила-аъзолари томонидан норозилик бўлган. “Эътибордан қолди. Мукофот берилмади” деганда¸ Одил ака бечора “Ëзувчиликдан ортиқ мартаба йўқ. Кўпчилик давлатларда унвон деган нарсанинг ўзи йўқ. Нима учун ëзувчи дегани ўзининг ишини қилиб¸ ëзиб юравермайдида фақат ҳукуматдан мукофот сўрайди? Бу ҳақиқий ëзувчининг иши эмас” дерди¸ дейди Ҳамроқул Асқар.

Шоирга кўра¸, Одил Ёқубов ҳеч қачон Оқсаройга яқин эмаслиги¸ президент Каримов "эркатойлари" рўйхатидан жой олмаганидан ўкинмаган, аксинча янги асарлар ёзиш учун вақти кўплигидан хурсанд бўлган.

Шоир Ҳамроқул Асқар¸ дастур ниҳоясида ўз устозини дарёга менгзаб битган шеърини ўқийди.

Ëнимиздан оқар дарë¸
Сира унга етолмаймиз¸
Агар унга етолмасак¸
Олисларга кетолмаймиз.

У Туркистон тоғларидан¸
Шош томонга оқиб келди¸
Йўл-йўлакай майсаларни¸
Суви билан боқиб келди.

Гоҳо жўшиб чиқиб кетди¸
Баланд-баланд қирларга ҳам¸
Ҳамдам бўлди оғир дамлар¸
Аму билан Сирларга ҳам.

Ҳеч эринмай сийлагай ул¸
Сарғайгану сўлганларни¸
Сийлайверар ҳатто унга¸
Сал-пал тўсиқ бўлганларни.

Баҳра олди ундан тошлар¸
Думли¸ думсиз балиқлар ҳам¸
Баҳра олди уламолар¸
Деҳқон¸ чўпон-чўлиқлар ҳам.

Унвонларга интилмади¸
Ҳеч бўлмади хаëлини¸
Гоҳо йиғлаб ўчирди у¸
Ëнаëтган аëлларни.

Гоҳо эса шерик бўлди¸
Пахтакорнинг ëшларига¸
Ғазаб билан човут солди¸
Кремлнинг тошларига.

Офтоб билан баб-баробар¸
Нур сочади кундузлари¸
Тунлар унда товланади¸
Улуғбекнинг юлдузлари.

Ҳурматини бажо айлар¸
Кўҳна туркий минорлар¸
Ҳасад билан термулади¸
Мева бермас чинорлар.

У жимгина оқаверди¸
Тинмай сира оққан сари¸
Кучларига куч қўшилиб¸
Осмонларга боққан сари.

Макони шу Ўзбекистон¸
Икки дарë оралиқдир¸
Оқмай яна нима қилсин¸
Касби унинг дарëлиқдир.

Алоқадор

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG