Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:06

Ажаб сайловлар - бўлажак депутат қиëфаси


“3 кун сурункасига 40 даража иситмада ёнган қизни коллеж директори “ ўлсанг пахтани ичида ўласан” деб дўхтирга жўнатмаган ва талаба қиз 2009 йилнинг 7 ноябрида вафот этди¸ дейилади Озодликка келган мактубда.
“3 кун сурункасига 40 даража иситмада ёнган қизни коллеж директори “ ўлсанг пахтани ичида ўласан” деб дўхтирга жўнатмаган ва талаба қиз 2009 йилнинг 7 ноябрида вафот этди¸ дейилади Озодликка келган мактубда.

"Пахта теримида бир бола ўлса ўлибди-да, болаларни пахтага олиб чиқиш – президентнинг буйруғи, Бош вазирнинг буйруғи". Бу гапни яқинда, сайловолди учрашуви чоғида депутатликка номзодлардан бири, пахта терими пайтида ўлган қиз ўқиган коллеж директори сайловчилар саволига жавобан айтган.

Депутатликка номзоднинг бу гапини шахсан ўзи эшитган бир сайловчидан 4 январ куни Озодликка катта бир хат келди.

Майда ҳарфлар билан 8 қоғозга жо бўлган катта мактуб муаллифи Очил ака Бегматов мухолифатчи ёки инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси эмас.

У президентга ишонади.

- Мен Худодан қўрқаман¸ подшомизни ҳурмат қиламан¸ дейди Очил ака.

Очил ака қорни тўқ, усти бут одам.

- Районнинг марказига фермерлар учун катта бир дўкон қураяпман¸ чойхона қураяпман. 100 дан ошиқ молим¸ 100 дан ошиқ қўйим бор. Техникаларим етарли¸ ҳамма ëғим етади¸ дейди Очил ака.

Тунов кунги сайловда Очил ака парламент депутатлигига номзодлардан бирининг ишончли вакили бўлди. Унинг номзоди ютқазиб қўйди. Ёзган мактуби сайловнинг иккинчи босқичига ўтган икки номзоддан бири - сенатор N. ҳақда.

Унинг сенаторлик лавозимидан фойдаланиб, шу кунгача қилиб келган қонунбузарликлари, Очил ака тили билан айтсак, жиноятлари тўғрисида.

Озодликка мурожаат қилишдан олдин Очил ака республикадаги тегишли идораларга мурожаат қилган.

Очил Бегматов: Марказий сайлов комиссиясига ҳам ëзганман. Тошкентга телеграмма ҳам берганман.

Озодлик: Улардан қанақа жавоб бўлди?

- Ҳеч қанақа жавоб олганим йўқ¸ дейди Очил ака.

Балки жавоб олиб қолар. Сенатор N.нинг иши билан нафақат Марказий сайлов комиссияси, балки прокуратура шуғулланар.

Ўзини топа олмаганимиз учун сенаторнинг исмини келтирмаяпмиз.

Очил аканинг айтганлари ўзбекча парламент сайловининг ўзига хосликлари тўғрисида муайян тасаввур пайдо қилади.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, у киши яшаб турган туман ҳокимлиги сенатор N.нинг депутат бўлиб сайланиши учун маъмурий ресурсларни тўла ишга солди.

Сайловолди учрашувлари

Очил Бегматов: Туман ҳокимиятида бунга етти марта одамларни мажбуран учрашувга олиб келиб¸ йиғиб берди.

Озодлик: Ким йиғиб берди?

Очил Бегматов: Ҳокимнинг идеология бўйича муовини Зарифа деган аëл.

Озодлик: Бошқа учта номзодгачи?

- Бошқаларга бир марта коллежда мажлислар залида йиғилиш уюштириб берди¸ холос¸ дейди Очил ака.

Сайловга чақирув қоғозлари

Очил Бегматов: Жуда кўп сайлов участкаларида¸ гувоҳлар бор¸ одамларга чақирув қоғози берадику¸ мана шуларни ҳар битта маҳаллага 200-300 тадан кам берган. Одамларни сайловга чақирмаган.

Озодлик: Маҳаллаларга чақирув қоғозини кам берганини сиз қаердан билдингиз?

- Одамларнинг ўзи айтди. “Бизга қоғоз бергани йўқ” деди¸ дейди Очил ака.

Сайлов қутисига дасталаб ташланган бюллетенлар

Сенатор N.

Очил Бегматов: Жуда кўп коллежда ўқийдиган болаларни буюриб қўйган экан. Улар сайлов комиссияси раисининг бошчилигида 10-15 тадан олишиб¸ отметка қилиб сайлов қутисига ташлайверган.

Озодлик: Буни сиз қаердан биласиз?

Очил Бегматов: Бу тўғрида кузатувчиларнинг бари менга айтган. Ҳатто биттаси столининг тагига 208 та чақирув қоғозини қўйиб¸ отметка қилиб ташлаб ўтирганини ушлаб олган ҳам бор.

Озодлик: Чақирув қоғозми ëки бюллетенми?

- Чақирув қоғоз. Булар ўша чақирув қоғозларни одамларга бермаган. Сайлов комиссиясида бюллетен тарқатиб ўтирганлар бўладику¸ ана ўшалар номерига қараб туриб¸ ўзлари рўйхатга отметка қилишиб¸ бюллетенни ўзлари отметка қилиб ташлайверган¸ дейди Очил ака.

Очил Бегматов айтаётган бу гаплар, аслида, янги гап эмас. Мухолифатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячиларидан олинган хабарларга қараганда, депутат бўлишига юқоридан изн берилган номзодлар учун бутун республика бўйлаб маъмурий ресурс ишга солинди.

Очил Бегматовнинг айтмишлари¸ бошқа очил бегматовлар “мум тишлаб” ўтирган шароитда айтилаётгани билан эътиборлидир.

Келинг, энди бир зумга сайловолди учрашувларига, номзодлар берган ваъдаларга қайтайлик.

Очил Бегматов: Одамларга “Мен президент билан гаплашдим. Перевалдан катта газ¸ электр тортиб келаяпти менинг гапим билан” деди.

Озодлик: Нима сизларда газ ҳам¸ свет ҳам йўқми?

- Газ умуман ëнмайди. Электр айни овқат ейдиган пайтимизда соат 5.30 да ўчади ва 6.30 гача ўчиб туради¸ дейди Очил ака.

Яна сенатор N.нинг сайловолди учрашувида айтганларидан.

- Одамлар “Нима учун сиз сенатор бўла туриб болаларнинг қўлига чигитни бериб воронка қилдирдингиз?” деб савол берди. У бўлса “Бу президентнинг буйруғи. Бу Бош вазирнинг буйруғи” деди. Яна бир киши йиғилишда “Пахтада нима учун бир бола ўлган?” деб савол берган эди¸ “Ўлса нима қипти? Президентнинг буйруғи¸ Бош вазирнинг буйруғи. Ўлса ўлибдида” деди. Шу гапларни шахсан ўзим эшитганман. Шундан кейин яна нафратим ошиб кетди¸ дейди Очил ака.

10 январ куни сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилади.

Афтидан Очил Бегматов айтаётган сенатор аёл парламент депутатлигига сайланади.
XS
SM
MD
LG