Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:46

Жиҳод майдонига ташланган ўзбек болалари


"Жиҳод йўлида ўзимни фидо қиламан" деб онт ичади видеороликда ўзбекнинг бу жажжи болалари.
"Жиҳод йўлида ўзимни фидо қиламан" деб онт ичади видеороликда ўзбекнинг бу жажжи болалари.

Айрим халқаро ташкилотларга кўра¸ Ўзбекистон исломий ҳаракати сафида жиҳод қилаëтганлар орасида камида 1000 нафар ўзбек болалари бор. Болалиги ўйингоҳ эмас¸ қонли жанггоҳларда кечаëтган бу болалар ўзбек жамияти эртаси учун таҳдид сифатида кўрилмоқда.

Дунëда 300 минг бола 1998 –2001 йиллар давомида жанговар ҳаракатларда иштирок этишган.

Бу маълумотни ëйинлаган халқаро Coalition To Stop The Use of Child Soldiers ташкилотига кўра¸ Марказий Осиëда ҳам болалардан солдат ясаш амалиëти кузатилмоқда.

Ташкилотга кўра¸ Ўзбекистонда энг камида 1000 бола Ўзбекистон исломий ҳаракати тарафидан аскарликка ëлланган.

Баъзи маълумотларга кўра¸ Покистондаги ўзбек қуролли гуруҳлари оиласида туғилган болалардан ҳам мужоҳидлар етиштирилмоқда.

Бу болаларнинг сони ҳақида халқаро ҳисоботларда аниқ маълумот йўқ.

Интернетдаги www.youtube.com видео порталида намойиш қилинган бир филмда жанговар таëргарликдан ўтаëтган ўзбек болалари тасвирланади.

2009 йил 22 декабр санаси ëзилган бу филмда 30 нафарча ўзбек болаларининг Бадр (Бадр Ислом пайғамбари ғолиб келган жанг) деб аталган мадрасада ҳарбий таълим олаëтгани акс этади.

Ўзбек тилидаги бу филмга рус тилидаги титрлар ҳам илова қилинган. Филмнинг ўзини "Бадр ат Тавҳид" студияси деб тақдим қилган гуруҳ тарафидан суратга олингани айтилади.

"Қўлимга илк Қуръон билан қурол олдим".
Бу сўзлар филм фонида янграган қўшиқ мисралари.

Кўринишидан олти ëшдан 11 ëшгача бўлган болалар тўппонча ва Kалашников автоматидан ўқ узишни машқ қилишмоқда. Филм якунида эса бир бола гранатамëтдан ҳам ўқ узади..

Филмда болалар Худди боғча опа ëд олдирган гапидан янглишмасликка тиришгандай жавоб қилишади. Бирлари бурро¸ бирлари тутилиб-тутилиб¸" фидойи бўламан" дейди.

Филмни суратга олаëтган гуруҳ аъзоси Туркия туркчасида "Орангизда жиҳод қиладиганлар йўқми?" деб савол беради.

Филм давомида Исломни ҳимоя қилиш учун болалар замонавий қурол-аслаҳалардан фойдаланишни билишлари зарур¸ деган фикр ҳадислардан ўрнак келтирилган ҳолда такрор ва такрор уқтирилади.

Халқаро ҳужжатлар¸ хусусан БМТнинг Женева конвенцияси¸ 18 ëшга тўлмаган болаларнинг ҳарбий ҳаракатларга жалб қилинишини тақиқлайди.

Болалардан солдат яратишга шариатда нима дейилган? Ўзбекистон Mусулмонлар идораси раҳбари ўринбосари¸ шайх Абдулазиз Мансур жанобларига кўра жанг ва жиҳод майдонида болаларга ер йўқ.

- Жиҳод ўз даврида катта мақсадларга фарз қилинган. Унинг шарт-шароитлари бор. Шунга қараб балоғатга етган кишиларга мумкин бўлади. Ўшанда ҳам шароитлари тўлиқ бўлса. Афғонистон ва Покистонда бўлаëтган ишларни биз тушунмаймиз. Нима қилишади улар? Мактабда дарс ўқитадими ëки милтиқ отишни ўргатадими? Покистондаги махфий мактабларнинг одамлари кўнглига нима келса¸ шуни қилаверадида. Улар бошқалардан сўрамайди ҳам¸ ҳисоблашмайди ҳам. Ëш бола борми¸ аëл киши борми ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланади¸ дейди шайх Абдулазиз Мансур.

Интернетда намойиш қилинаëтган филмда Ислом тарихидан мисоллар келтирилиб болаларнинг қурол кўтариши машруъдир¸ деган фикр янграйди.

Ўзбекистон ташқарисида яшаëтган мулла Муса бу ҳадислар "ўз уйингни ҳимоя қилгин" деган маънони ташишини айтади.

- Душманлар томонидан эзилиб¸ номуси оëқ ости қилинаëтган бўлса¸ кичкина болаларга ҳам ўзини ҳимоя қилиш таълимини бериш керак бўлади. Бу мусулмонларнинг ўзининг ери бўлса¸ дейди мулла Муса.

Айни пайтда, мулла Муса Афғонистон ва Покистон ҳарбий лагерлардаги болалар иродаси қўмондонлар измида эканини ҳам айтади.

- Уларнинг миясига “Мана шу ерда ўлишинг керак. Мана шу ерда шаҳид бўлишинг керак” деган нарса қуйилган. Улар ана шу қадарига рози бўлишган¸ дейди мулла Муса.

Вазиристондаги Ўзбекистон исломий ҳаракати лагерларида бир муддат яшаган ўзбек аëли ҳам ўзбек болаларининг ҳарбий ирода измида эканлигини айтaди.

- Бу болаларнинг оталари ўлган¸ оналари турмушга берилган. Улар мажбурий тарзда мадрасада яшайдилар¸ машқ қиладилар ва жиҳод майдонларига юбориладилар. Аммо уларни қалбида ваҳшийлик йўқ. Улар қалбида ўзбек қамоқхоналаридаги қариндошларимизни озодликка чиқарамиз¸ Каримовга қарши курашамиз деган туйғу бор¸ дейди мужоҳидлар лагерида оиласи билан яшаган ўзбекистонлик аëл.

Солдат болалар муаммоси БМТ учун ечимини кутаëтган устивор масаладир. БМТ нинг ЮНИСЕФ дастури ҳар йили Африка ва дунëнинг бошқа оловли нуқталаридаги минглаб солдат болалар тақдиридан хавотир олиб ҳисоботлар чиқаради.

Аввалроқ айтилгани каби¸ Coalition To Stop The Use of Child Soldiers халқаро ташкилотига кўра¸ Ўзбекистонда энг камида 1000 бола Ўзбекистон исломий ҳаракати тарафидан аскарликка ëлланган.

Бу бола солдатлар тақдири билан ЮНИСЕФнинг Ўзбекистон бўлими шуғулланадими? Ташкилот вакили Наргиза Эгамбердиевага бердик бу саволни.

- Йўқ¸ бизнинг программамизда бунақа миссия йўқ. Ҳарбий конфликтлар бўлаëтган бошқа давлатларда бўлаëтган бўлиши мумкин. Лекин бизнинг программамизда йўқ¸ дейди Наргиза Эгамбердиева.

Ўзбекистонда ҳарбий ҳаракатлар йўқ¸ дея бу муаммодан юз ўгира олмаймиз¸ дейди 1995 йилда Тожикистон тоғларида тайëргарликдан ўтган бола солдатлар билан учрашган немис журналисти Маркус Бенсман.

- 2000 йилда Ўзбекистон исломий ҳаракати жанггарилари Ўзбекистон ҳудудида жанг олиб боришди. Бу жангларда болалар иштирок этгани аниқ. 1995 йилда мен Тожикистонда БМТ кўмагида озод қилинган бола солдатлар билан учрашганман. Улар Покистон мадрасаларида диний таълим билан бирга ҳарбий тайëргарликдан ўтишган¸ дейди немис журналисти.

Маркус Бенсманга кўра¸ ўзбек жамияти ўз болалари тақдири билан қизиқиши керак.

- Бу болалар ўзга жуғрофияда бўлишса ҳам¸ ўзбек фарзандларидир. Болалар қўлига қурол бериб¸ уларни жанг машинасига айлантириш даҳшатли бир иш. Руҳшунослар назарида¸ бола уруш психологиясига катталардан кўра тезроқ мойил бўлади ва айнан болалардан келажакда энг шафқатсиз қотиллар етишиб чиқади¸ дейди немис журналисти.

"Мен Афғонистон жанггоҳларида қўлида қурол кўтарган аскар болачаларни кўрганман. Уларнинг кўзларидаги шафқатсизлик мени даҳшатга солган эди"¸ деб давом этади Бенсман.

Интернетда эълон қилинган филмда бир ўспирин бола¸ Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаëтган ота-онам учун қасос оламан¸ деб айтади. Ўзбекистон ҳукуматининнг мусулмонларга тазйиқ сиëсатининг меваси эмасми бу солдат болалар?

- Албатта¸ мен террор ташкилотларини ўрганиш мобайнида уларнинг мустабид тузумлар билан боғлиқ эканини тушуниб етдим. Мустабид тузум ва террорчи бир-бирига зарур икки унсур. Албатта, зулм нафратни, нафрат эса қасосни келтириб чиқаради¸ дейди Германияда чиқадиган Die zeit нашрининг Марказий Осиë бўйича мухбири Бенсман.

Тарихда болалардан солдат ясаш мисоллари кўп Подшо Певел тарафидан сургун қилинган саркарда Суворов ҳам ўз қишлоғидаги болаларни аскарлика ўргатган эди. Бу ҳақда ўзбек шоири Фурқат:

"Болалар қўлига йиғоч милтиқ бериб, айлади саллот ", деб ëзган эди.

- Аммо Афғонистон ва Покистондаги болалар қўлида ëғоч милтиқ эмас, ҳақиқий замонавий қурол бор; бу қурол ўйинчоқ эмас¸ болаларни қуроллантириб жангга солиш миллатга, Xудога, инсониятга қарши жиноятдир, дейди Маркус Бенсман.
XS
SM
MD
LG