Линклар

Тошкент Тожикистон темир йўлларидан воз кечди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон ҳукумати Тожикистон темир йўлларини бойкот қилиш билан¸ таҳлилчилар фикрича¸ ўз қўшнисига қарамликдан мутлақ қутилиш илинжида.

Ўзбекистон ҳукумати Тожикистон темир йўлларини бойкот қилиш билан¸ таҳлилчилар фикрича¸ ўз қўшнисига қарамликдан мутлақ қутилиш илинжида.

1 январдан бошлаб¸ Ўзбекистон президенти қарори билан Тожикистоннинг Сўғд вилояти орқали Фарғона водийсига темир йўл орқали тижорат юклари ташиш тўхтатилди. Таҳлилчилар бу қарорнинг¸ иқтисодий ҳисоб-китобдан кўра¸ сиëсий иддаога асосланганини айтмоқдалар.

Нефт маҳсулотларидан ташқари барча тижорий юклар энди Ангрендаги таъминот марказида тўпланиб, кейин Қамчиқ довони орқали юк машиналарида водийга еткизилади ва водийдан келтирилади.

Ўзбекистон ҳукумати тижорат юкларини Фарғона водийсига ташишда Тожикистон орқали ўтадиган анча арзон темир йўл хизматидан воз кечиб, бу юкларни катта харажат талаб қиладиган юк машиналари воситасида ташишга қарор қилди. Ўзбекистон президентининг бу қарори 1 январдан бошлаб кучга кирди. Ўзбекистон Темир йўллари акциядорлик уюшмаси матбуот хизмати ходими¸ бу борадаги саволларимизга фақат расмий мактуб орқали жавоб берилишини айтди.

- Хат билан чиқинг¸ хат билан. Озодлик радиосиданмисизлар? Хат билан чиқинглар.

Озодлик: Биз хат билан чиқсак¸ жуда чўзилиб кетадику. Икки оғиз...

- Хат билан факсдан ташлаб юборинглар. Тошкентдамисизлар?

Озодлик: Йўқ¸ биз Прагадамиз.

- Прагада бўлсангиз¸ бизларга факсда хат ташлаб юборинг.

Озодлик: Факсингизнинг номерини айтинг?

....... (шу ерда телефон узилиб қолди)

Бироқ Ангрен шаҳар ҳокимияти ходимларидан бири, шундай қарор борлигини айта туриб¸ Ангрен шаҳрида Фарғона водийсига олиб бориладиган юкларни ташиш учун катта таъминот маркази қурилганлигини ҳам тасдиқлади.

- Демак¸ шу ерда ўзларининг склади бўлади. Бу ерга туширилади. Кейин тарқатилади.

Озодлик: Бу ëққача поездда олиб келинадими?

- Поездда ҳам¸ машинада ҳам¸ дейди ўзини таништирмаган Ангрен шаҳар ҳокимияти ходими.

Ангрен таъминот маркази ёпиқ ҳиссадорлик жамиятидан олинган маълумотга кўра, бу марказ ўтган йилнинг август ойида ишга туширилган. Фарғона водийсига мўлжаланган юклар, поездларда Ангрендаги улкан терминалларга олиб келинади ва бу ердан юк машиналари орқали Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларига ташилади.

Ўзбекистон раҳбарининг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламаслиги тахмин қилинаëтган бу қарори мустақил таҳлилчи Санобар Шерматова фикрича, Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий муносабатларга боғлиқ.

- Ўзбекистон қўшни республикалар, жумладан Тожикистонга бўлган ҳар қандай тобеликни иложи борича пасайтиришга ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун ҳам у ўз инфраструктурасини яратмоқда, ўз йўлларини қураяпти. Тожикистоннинг эса Россияга ва Қозоғистонга чиқадиган бирдан-бир темир йўли эса¸ Ўзбекистон орқали ўтади. Албатта¸ Ўзбекистоннинг бу қарори остида сиёсий мақсад ётибди. Бу мақсадни амалга ошириш учун эса у қанча пул керак бўлса¸ шунча сарфлайверади, дейди Санобар Шерматова.

Таҳлилчи фикрича, Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг ҳар доим майдонда якка от чоптириш тадбирини қўллаб келмоқда. Шу мақсадда у Марказий Осиё ягона энергетика тизимидан чиқмоқчи, Туркманистондан ўтадиган темир йўлга тобеликдан қутулиш учун мамлакат ичкарисида янги темир йўллар қурди. Лекин дейди, Санобар Шерматова Ўзбекистон бир масалада ҳеч қачон Тожикистонга тобеликдан қутула олмайди.

- Бу сув ресурслари масаласи. Ўзбекистон бу масалада ҳар доим Тожикистон билан ҳисоблашишга мажбур. Ана шундай бир шароитда Ўзбекистон бошқа масалаларда бўлган тобеликдан иложи борича қутулишга ҳаракат қилмоқда. Биргина Ўзбекистон эмас, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари раҳбарлари калласида ҳам фақат шу хаёл, яъни қўшнига қанча камроқ тобе бўлсанг, шунча ўзингни мустақил ҳис қиласан, дейди Санобар Шерматова.

Ўзбекистон Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭСига қаршилик қилиб келади, Ўзбекистон президенти ва ҳукумати бу ГЭСни қуришдан олдин халқаро экспертиза ўтказилишини талаб қилиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG