Линклар

logo-print

Тожикистонда Роғун акциялари сотилмоқда

  • Гулнора Равшан

6 январдан бошлаб Тожикистоннинг турли ҳудудларида сотувга чиқарилган ҳамда қиймати 100, 500, 1000 ва 5000 сомонийга тенг бўлган Роғун ГЭСи акцияларини фақат тожикистонликлар сотиб олишга ҳақли.

6 январдан бошлаб Тожикистоннинг турли ҳудудларида сотувга чиқарилган ҳамда қиймати 100, 500, 1000 ва 5000 сомонийга тенг бўлган Роғун ГЭСи акцияларини фақат тожикистонликлар сотиб олишга ҳақли.

6 январ куни Тожикистонда Роғун ГЭСи акциялари сотувга чиқарилди. 5 январ куни эса Тожикистон президенти Имомали Раҳмон давлат телевидениеси орқали халққа мурожаат қилиб, тожикистонликларни Роғун қурилишидаги сафарбарликка чақирди.

Ярим соат давом этган мурожаатида президент тожикистонликларни олдинда турган катта синовдан ўтиш, тожик халқи ҳар қандай қийинчиликларда бир тану бир жон эканини халқаро ҳамжамиятга яна бир бор исбот этиш фурсати етганини айтди.

- Роғун ГЭСини ўз даврининг йирик давлати (СССР назарда тутилаяпти - таҳр.) ўнлаб саноат корхоналарини жалб қилган ҳолда қуриши лозим эди. Аммо, афсуски, тақдир тақозоси билан бугун бу йирик иншоотни қуриш азиз халқим зиммасига тушиб турибди. Сир эмаски, бу гидроиншоот қурилиши жуда катта маблағ талаб қилинади. Аммо Тожикистон ҳукумати ҳар қандай молиявий ва иқтисодий муаммолардан қатъий назар бу иншоотни ўз кучи билан қуришга қарор қилди. Бу йўлда қалбида заррача бўлса ҳам ватанпарварлик туйғуси бўлган ҳар бир фуқаро ўз улушини қўшиши лозим, дея таъкидлади Имомали Раҳмон.

Тожикистон президентининг Роғун ГЭСи бўйича қилган чиқиши ортидан 6 январ куни эрталаб соат 8 да Душанбе шаҳрининг бир неча туманларида йирик гидроиншоот акциясини сотиш тадбири бошланиб кетди.

Шу муносабат билан Тожикистондаги барча давлат идораларида бир кунлик таътил эълон қилинди. Таътилга чиққан ишчи ва хизматчилар оммавий тарзда Роғун ГЭСи акциясини сотиб олиш учун махсус ташкил этилган марказларга оқиб кела бошладилар.

- Кеча президентимиз мурожаатидан жуда таъсирланиб кетдим. Ҳақиқатдан Роғун бизнинг ўзимиз, эртанги яхши кунимиз учун кераклигини ҳис этдим. Эътибор берган бўлсангиз, президент ҳар бир мусулмон ўзидан садақаи жория қолдириши кераклигини таъкидлади. Роғун акциясини сотиб олиш бизнинг бурчимиз, деб ўйлайман, дейди 100 сомонийлик акция сотиб олган душанбелик Ҳайдар Облоқулов.

Душанбелик Саттор ҳам оиласида беш жон яшашини ва 100 сомонийга (тақрибан 22 доллар - таҳр.) акция сотиб олиш оила бюджети учун ҳеч қандай муаммо туғдирмаслигини айтади.

Айни пайтда Роғун ГЭСи қурилишига улушни қўшишни истаса-да, бунга моддий аҳволи имкон бермайдиган тожикистонликлар ҳам йўқ эмас. Оиласида етти ўғли ҳам ишсиз бўлган Ойсанам опа бугун Роғун акциясини сотиб олиш тадбирида қатнашолмаслигини айтади.

- Қаердан олай пулни - оилада ҳеч ким ишламаса. Оладиган нафақам бир қоп унга етмайди. Йилда бир марта гўшт еймиз. “Ватанпарварлик, номус” дейишади, ўша пул бўлса улуш қўшасизми ахир, дейди Ойсанам.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Роғун акциясини сотиб олиш мажбурий бўлмаса-да, маҳалла раислари уйма-уй юриб, ҳар бир оилага Роғунга пул ўтказиш мажбуриятини юклаётган эканлар.

Тожикистонликларни Роғун ГЭСи акциясини сотиб олишдан совутаётган яна бир омил мамлакатда авж олган коррупциядир. Улар Роғун ГЭСи акцияси сотувидан тушган маблағ ўз ўрнида сарфланишига шубҳа билан қарашларини айтмоқдалар.

- Роғун акциясидан тушган маблағ мақсадга мувофиқ сарфланиши тўғрисида президент томонидан тасдиқланган кафолатланган низомнома бўлиши керак. Бунақа низомнома йўқ, эълон ҳам қилинмади ҳеч қаерда. Бу тадбир кўпроқ “ер пули, ҳашар пули” деб маблағ йиғиладиган тадбирларга ўхшаяпти, дейди мустақил таҳлилчи Бахтиёр Мўминов.

Пойдевори ўтган асрнинг 70-йилларида қўйилган Роғун ГЭСи 3600 мВт қувватга эга бўлиб, иншоот лойиҳасининг умумий қиймати тахминан 3 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади. Марказий Осиёда энг йирик гидроиншоотга айланиши кутилаётган Роғун тўғони баландлиги 335 метр бўлиши айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG