Линклар

logo-print

Обама АҚШ разведкасини огоҳлантирди


Обама 5 январ куни разведка хизматлари раҳбарига жиддий топшириқ берди.

Обама 5 январ куни разведка хизматлари раҳбарига жиддий топшириқ берди.

АҚШ президенти мамлакат разведка хизматларининг Мавлуд байрами кунидаги ҳужум олдини олиш учун керак бўлган барча маълумотга эга бўлгани¸ аммо ахборотдан ўринли фойдаланмаганини таъкидлаб, келажакда бундай хатоларга тоқат қилинмаслигидан огоҳлантирди.

- Хулоса шундан иборатки, АҚШ ҳукумати бу фитнани фош қилиш ва Мавлуд кунидаги ҳужумнинг олдини олиш учун етарли маълумотга эга бўлган. Аммо разведка хизматимиз ишни охиригача етказа олмаган. Агар иш тўғри уюштирилганда, гумондор шахс АҚШга учиши тақиқланган шахслар рўйхатига киритилган бўларди. Бошқача айтганда, гап маълумот топа олмаслик ҳақида эмас, балки бор маълумотни мувофиқлаштириш ва қайта ишлай олмаслик ҳақида бормоқда, деди разведка хизматлари мутассадилари билан учрашган АҚШ президенти.

Барак Обама бундай хатоликнинг қайтарилишига ортиқ тоқат қилинмаслигини таъкидлади.

- Разведканинг¸ табиатан номукаммал эканини мен ҳам тушунаман¸ бироқ бир нарса аниққи разведка маълумотлари синчковлик билан таҳлил қилинмаган¸ ўрганилмаган. Буни қабул қилиб бўлмайди ва мен бунга тоқат қилмайман, деди Барак Обама.

Нигерия фуқароси Умар Форуқ Абдулмуталлиб 25 декабр куни Детройтга парвоз қилаётган учқични портлатишга уринди¸ бироқ йўловчилар унинг режасини фош қилиб, фожиа олдини олишга муваффақ бўлдилар.

Абдулмуталлиб ҳибсга олиниб¸ ҳозир у АҚШда сақланмоқда.

Ушбу воқеадан сўнг Барак Обама АҚШга парвоз қилаётган учқичлар ва мамлакат ичкарисидаги аэропортларда хавфсизлик чораларини кучайтириш тўғрисида топшириқ берди.

Сешанба куни Барак Обама Оқ уйда разведка хизматининг ўндан зиёд раҳбари билан учрашиб, асосан хавфсизлик масалалари¸ бу соҳада рўй бериши мумкин ноқисликлар олдини олиш имконларини муҳокама қилди.

-Олдимизда ечимини топишни мутлақ кечиктириб бўлмайдиган муаммолар тургани боис¸ мен бу раҳбарларни Оқ уйга чақирдим. Мавлуд байрами куни кўрганимиз каби, Ал-Қоида ва унинг ҳамкорлари Америка фуқароларини ўлдириш йўлида ҳеч нарсадан ўзларини тиймайдилар. Биз нафақат бу режаларни фош қилиш, балки террор тармоқларининг ўзини аниқлаш¸ зарарсизлантириш ва бутунлай йўқ қилишга аҳд қиламиз,деди Барак Обама.

Ал-Қоида ҳаракатининг Яманда жойлашган фирқаларидан бири АҚШ учқичини портлатишга уринган шахсни ёллагани ва махсус тайёргарликдан ўтказганини эълон қилди.

Обама, ўз навбатида¸ хавфсизлик ва раведка хизматларидан АҚШ хавфсизлик тизимидаги камчиликларга нима сабаб бўлгани ва мамлакат ҳаво ҳудудларини қандай қилиб самаралироқ ҳимоя қила олишига оид ҳисобот ҳозирлашни талаб қилди.

Оқ уй раҳбари ушбу ҳисобот хулосаларини оммага ошкор қилишга ваъда берди.

Детройтга парвоз қилаётган АҚШ учқичини портлатишга бўлган уриниш ортидан АҚШ ва Буюк Британия Яман ҳукуматининг мамлакат жанубига ўрнашиб олган Ал-Қоида ҳаракатига қарши олиб бораётган курашига молиявий ёрдам кўрсатишга келишиб олдилар.

Айни пайтда Яман хавфсизлик кучлари ҳам мамлакат жанубида жанггариларга қарши амалиётлар ўтказмоқда. Чоршанба куни Яман Ички ишлар вазирлиги Ал-Қоиданинг мамлакатдаги фирқасига алоқадорликда гумон қилинган уч шахс қўлга олинганини эълон қилди.

Бундан уч кун аввал Ал-Қоида жанггариларидан бўлган таҳдид туфайли Ямандаги АҚШ, Буюк Британия ва Франция элчихоналари ўз фаолиятини тўхтатган эди. Бироқ сешанба куни АҚШ элчихонаси ва чоршанбада эса Буюк Британия ҳамда Франция элчихоналари ўз фаолиятини қайта бошлади.
XS
SM
MD
LG