Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:34

Жорий Ўзбекистон паспорти 2015 йилгача кучда қолади


Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазирлиги расмийси¸ хориждаги фуқароларни паспорт алмашиш жараëнидан ташвишга тушмасликка чақирди.
Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазирлиги расмийси¸ хориждаги фуқароларни паспорт алмашиш жараëнидан ташвишга тушмасликка чақирди.

Ўзбекистонда фуқаролар паспортларини биометрик паспортларга алмаштириш президентининг 29 декабр кунги фармони билан бир йилга кечиктирилди. Расмийларга кўра, бунга биометрик паспортларни тайёрлашга оид техник камчиликлар сабаб бўлган.

Ўзбекистонда фуқароларга биометрик паспортлар берилишининг кечиктирилиш тафсилотларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бўлим бошлиғи Нажмиддин Тўрақуловга мурожаат қилдик

Озодлик: Ўзбекистон фуқароларига биометрик паспортлар бериш муддати ўзгартирилибди. Бунинг сабаби нимада?

Нажмиддин Тўрақулов: Ўтган йилнинг 29 декабрида Ўзбекистон президентининг фармони билан аҳолининг фуқаролик паспортини босқичма-босқич биометрик паспортларга алмаштириш тўғрисидаги аввалги фармонига ўзгартириш киритилди. Яъни фуқароларга биометрик паспортлар берилиши шу йилнинг 1 январидан бошланиши керак эди. Энди, бу муддат бир йилга кечиктирилди. Бу биометрик паспортларни тайёрлашга оид техник сабаблар билан боғлиқ.

Озодлик: Биометрик паспорт берилишининг босқичлари қандай бўлади?

Нажмиддин Тўрақулов: 2010 йилнинг 1 январидан бошлаб биометрик паспортлар биринчи навбатда хизмат сафари билан чет элга кетаётган давлат идоралари ходимларига ва ўқиш учун бораётган талабаларга берилади. 2012 йилдан бошлаб эса барча фуқароларга берила бошлайди ва бу 2015 йилгача давом этади.

Озодлик: Яъни 2015 йилгача барча фуқаролар паспортлари биометрик паспортларга алмаштириладими?

Нажмиддин Тўрақулов: Ҳа, албатта.

Озодлик: Янги биометрик паспортларда хорижга чиқиш учун икки йиллик чиқиш визаси бўладими?

Нажмиддин Тўрақулов: Ҳа¸ биометрик паспортларда бу бўлади.

Озодлик: Кечирасиз, яна битта савол. Озодлик радиосига хорижда юрган жуда кўп фуқаролар қўнғироқ қилиб¸ паспортларининг амал қилиш муддати ҳақида ташвиш билдирмоқдалар.

- Хорижда юрган фуқаролар бундан сира ҳам ташвишланмасликлари лозим. Улар 2015 йилгача ҳозир қўлларидаги паспорт билан дунёнинг истаган давлатларига саёҳат қилишлари мумкин, дейди Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бўлим бошлиғи Нажмиддин Тўрақулов.

Ўзбекистон фуқароларининг паспортлари биометрик паспортларга алмаштирилиши ҳақидаги хабар чиққанидан сўнг, аксарият хорижда юрган меҳнат муҳожирлари кўнглига ғулғула тушган эди. Улар бу паспортларнинг қачон ва қандай алмаштирилиши ҳақида аниқ бир маълумот ололмаётганликлари ҳақида Озодлик радиосига бир неча бор қўнғироқ ҳам қилган эдилар. Биз паспорт тизимидаги бу янги ўзгаришлар хориждаги ўзбеклар ҳаётига қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида аниқ маълумот олиш учун Ўзбекистоннинг Австриядаги консули Раъно Исматиллаева билан боғландик.

Озодлик: Хорижда юрган ватандошларимиз биометрик паспортлар ҳақида сўрашаяпти. Шунга сизлардан маълумот олиб¸ уларга етказмоқчи эдик.

Раъно Исматиллаева: Ўзи биометрик паспорт процедурасига 2010 йил 1 январдан ўтишимиз керак эди. Ҳозир бу 2011 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилади¸ деган қарор бор. Паспорт алмаштириш тартиби ҳозирча эскичалигича қолмоқда.

Озодлик: Демак¸ хориждаги ватандошларнинг ташвишланишига ҳожат йўқ.

Раъно Исматиллаева: Йўқ. Агар паспорт алмаштириш борасида бирор зарурат бўлса¸ паспорт муддати тугаган бўлса¸ эски тартибга кўра алмаштирилади. Биометрик паспортларга янги қарор бўйича 2011 йил 1 январдан ўтилади.

Озодлик: Хорижда юрган ўзбекистонликлар сизлар орқали алмаштирса бўладими ëки ватанга бориши керакми?

- Йўқ¸ элчихоналар орқали алмаштириш кўзда тутилаяпти¸ дейди Ўзбекистоннинг Австриядаги Консули Раъно Исматиллаева.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи фаоли Абдусалом Эргашев фикрича, биометрик паспортлар ўзбекистонликларга қанча тез алмаштирилса¸ шунча яхши бўларди. Чунки:

- Мана Туркия¸ БАА¸ Малайзия ва бошқа мамлакатларга фоҳишалик билан биринчи сафарда олиб борилганларнинг кўпи кейин ўз ихтиëри билан борадиган бўлиб қолишаяпти. Шу мамлакатлардан тез-тез депорт қилиниб турибди. Биз бир лойиҳада ишлаганимизда¸ туркиялик ҳамкорлар “Биз бу ердан 200-300 нафарини чиқариб юборсак¸ икки ҳафта ўтмасдан худди мана шу фоҳишалар янги исм¸ янги фамилиялар билан янги паспорт олиб қайтадан кириб келишаяпти. Ўзбекистонлик фоҳишалар билан бўлаëтган муаммони қанақа қилиб ҳал қилишни билмаяпмиз. Бизни Ўзбекистон томони тушунмаяпти” дейишган эди. Мен ўзим лойиҳа давомида жуда кўпини кузатганман. Профессионал бўлиб кетишган. Етти-саккиз мартадан депорт қилинганлар бор. Улар бу янги паспротларни кимдан¸ қандай олишади¸ бу паспортлар сохтами¸ йўқми¸ тагига етишнинг ҳеч иложи йўқ¸ дейди Абдусалом Эргашев.

Ҳуқуқ фаоли фикрича, агар биометрик паспортлар жорий этилса, бундай паспортлар ичидаги махсус микрочипга фуқаронинг бармоқ излари, фотосурати, шунингдек, исм-фамилияси, фуқаролиги, туғилган йили, паспорт рақами ва амал қилиш муддати ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилади ва бундай паспортни қалбакилаштириш¸ айни пайтда айни одамга бир неча паспорт бериш жуда қийин бўлади.
XS
SM
MD
LG