Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:52

Эркин микрофон - "Вараштида ҳарбий ҳолат эълон қилинди"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

"20 дан зиëд оила ўртасида даҳанаки жанг юзага чиқиб¸ орада камида икки одам ўлганидан сўнг¸ Ургутнинг Варашти қишлоғини ҳарбийлар назоратга олди. Жанжал ер устида бошланган"¸ деб хабар қилди Озодликка ургутликлардан бири.

Ургутда нотинчлик

Самарқанднинг Ургут туманидан муҳим янгиликни етказиш мақсадида қўнғироқ қилган навбатдаги суҳбатдошимиз исмини айтмаслигимизни илтимос қилди. Бу суҳбатдошимиз туман қишлоқларидан бирида рўй берган фавқулодда воқеа ҳақида гапириб берди.

- Ургут туманидаги Варашти қишлоғида катта оила¸ 10 рўзғордан бўлса ҳам 20 та рўзғор катта жанжал қилган¸ бир-бирини уриб¸ сўкиб¸ тошлар билан майдалаб¸ икки киши ўлди. Бу қишлоқда ҳарбий ҳолат эълон қилинган. Шунинг хабарини бермоқчи эдим.

Озодлик:
Улар нима учун урушди?

- Ер учун. Ер талашиб.

Озодлик:
Ўзига тўқ оилаларми булар?

- Ҳа¸ улар бой-бадавлат оилалар. Катта молхона бўлган. Шу молхонани биттаси сотиб олган. Буниси менга тегишли деган. Шунақа қилиб, иккита рўзғор талашиб қолган. Ҳозир ҳарбийлар ўраб олган. Қисқаси фавқулодда ҳолат эълон қилинганда. Текшириб¸ ҳеч кимни ҳеч қаерга чиққани қўймай¸ бу гаплар Тошкентгача етиб борган.

Озодлик: Иккита бола ўлдими?

- Ҳа.

Озодлик:
Ҳозир вазият қанақа?

- Ҳозир ўша ерга махсус хизматлар келган эмиш деяпти. Бир жўрам билан гаплашган эдим. Бошқа жойларда бурни қонаса ҳам телевизорда айтади, дейди Самарқанднинг Ургутидан қўнғироқ қилган суҳбатдошимиз.

Озодлик бу хабарга оид тафсилотларни ўрганишга ҳаракат қилади ва Ургутдаги сўнгги вазият¸ жанжалга оид кенгроқ маълумотлар олиниши билан¸ бу ҳақда сайтимизда хабар топишингиз мумкин бўлади.


"Нега қўл теккиздинг камбағалнинг¸ Ўғрилардан қолган молига?"

(Абдулла Орипов)

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидан қўнғироқ қилган суҳбатдошимиз¸ айтишича¸16 ёшда. Ўзининг биринчи гуруҳ ногирони эканини айтган бу ўсмир қиз, пластик карточкалар жорий қилингани ҳамда қиш совуғи авж олганида электр ва газнинг чеклаб қўйилгани туфайли ҳаётнинг оғирлашиб кетганидан нолинди.

- Бизда ўқитувчилар¸ маҳалладаги нафақа пулларини олувчилар¸ шифокорлар ойлик маошларини пластик карточка орқали олишади. Пластик карточкага савдо қиладиган жойлар борку¸ лекин бироз чекланган. Дўконларда¸ ëқилғи қуйиш шаҳобчаларида ва ҳоказо. Мева-чева¸ йўл учун керакли нарсаларни сотиб олиш учун терминаллар ўрнатилмаган. Ўрнатилган жойларда эса¸ устига устама қўйишади. Бунинг учун биз нима қилсак бўлади? Ëғ сотиб оладиган бўлсак¸ нақд пулга 16 минг турадиган бўлса¸ устига 20 фоиз қўшиб пластик карточкага савдо қиладиган бўлсангиз¸ 18-19 минг деб туришибди. “Нимага унақа қиласизлар?” десак¸ “Бизда шунақа” дейишаяпти.

Озодлик: Маҳаллий ҳукумат идораларига мурожаат қилдингизми?

- Мурожаат қилдик. Лекин улар ҳам ҳеч қулоқ солишмаяпти. Хўп дейишадию¸ бир-икки кун шундай бўлиб туради ва кейин яна ўз аҳволига қайтади. Туман солиқ идораларига мурожаат қилиб кўрдик. Бир-икки кун шундай тургани билан яна ўз аҳволига қайтаверади.

Озодлик: Сиз ўзингиз ким бўлиб ишлайсиз?

- Мен ишламайман. Биринчи гуруҳ ногирониман. Кўзим ожизда.

Озодлик: Сизнинг нафақангизни ҳам пластик карточкага ўтказиб беришаяптими?

- Йўқ¸ пенсияни ўтказмайди. Маҳалламиздаги 18 ëшгача бўлган болаларнинг нафақаларини¸ ўқитувчи¸ шифокорларнинг маошларини ўтказишаяпти. Бизнинг оиламизда онам шифокор бўлиб ишлайди. Ойлигини пластик карточкада беришади. Бозордан бирор нарса харид қилмоқчи бўлсак¸ устига 20 фоиз устама талаб қилишади. Ана шунда нима қилишни билмай қоламиз. Икки ойлаб пластик карточкада маош ëтади. Уни ишлатиш учун бирор жойга сарфлаш керак лекин 100 минг ойлик оладигандан 20 фоиз сўраса¸ 20 мингги ҳавога учиб кетадику¸ дейди қумқўрғонлик суҳбатдошимиз.

Сўзида давом этаркан исмини айтмаслигимизни сўраган ўсмир қиз, ҳукумат идоралари пластик карточкаларга туширилган маошлар, карточкалар эгаларининг рухсатисиз турли баҳоналар билан ушлаб қолинаётганини гапириб берди.

- Мен сизлардан шуни сўрамоқчи эдим: Матбуот¸ газеталарга обуна бўлиш мажбурийми?

Озодлик: Йўқ¸ мажбурий эмас.

- Масалан 100 минг ойлик чиққан тақдирда ҳам 20 мингги нақд берилса¸ қолган 80 мингги пластик карточкада келмайди. Матбуотга¸ унга¸ бунга деб мажбурий равишда ушлаб қолишади. Мен сизга яна кўп нарсаларни айтмоқчиманда. Ўзим асли Қумқўрғон туманиданман. Бизда электрга деб пенсиядан¸ нафақа пулларидан¸ ойликдан мажбуран ушлаб қолишади. Электр токи кундуз куни умуман ëқилмайди. Кечқурун соат 6.30¸ 7.00 га яқин келади. Эрталаб 7.30 ларда келиб 9.00 ларда ўчади. Шу билан ток йўқ. Яна газни ҳам айтмоқчи эдим. Газ ҳам жуда паст. Мажбурий равишда тўланглар деб ортиқчаси билан тўлаб қўйсак ҳам ҳисоблагичларни ўрнатмайдими билмадим¸ умуман газдан фойдаланиш даражаси пастда.

Озодлик: Қандай қилиб кун кечираяпсизлар?

- Ўтин ëқамиз¸ кўмир олиб келамиз.

Озодлик: Мана пул ҳам йўқ деяпсиз. Ҳаммасини пластикка ўтказади¸ обунага ушлаб қолади¸ электрга ушлаб қолади¸ пластик карточкани ҳамма жойда ишлатиб бўлмайди деяпсиз. Нима еяпсизлар? Тирикчилик нимадан бўлаяпти?

- Тирикчилигимиз менинг нафақам билан. Кейин дадам Россияга бориб ишлаб келди. Ҳозир мана Россия ҳам инқирозга учрагани учун битта менинг нафақам. Бизнинг қишлоқдагилар ноиложликдан пластикдаги пулининг 25-30 фоизини ëқилғи қуйиш шаҳобчасигами¸ бошқасигами бериб нақд пул қилиб келишаяпти. Баъзида шу ҳам йўқ бўлиб қолади. “Қилмаймиз¸ бизни назоратга олишаяпти” дейишади. Лекин барибир нархни оширишади, дейди ўзини сурхондарёлик 16 яшар биринчи гуруҳ ногирони, деб таништирган қиз.

*********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.
XS
SM
MD
LG