Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:57

БМТ вакили Афғонистонга оид тавсиялар берди


Дипломат Кай Эйде фикрича, ёрдам бериш учун Афғонистонга борган хорижликлар маҳаллий урф-одатлар ва анъаналарни инобатга олиши кераклигини алоҳида таъкидлади.
Дипломат Кай Эйде фикрича, ёрдам бериш учун Афғонистонга борган хорижликлар маҳаллий урф-одатлар ва анъаналарни инобатга олиши кераклигини алоҳида таъкидлади.

БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили лавозимини тарк этаётган Кай Эйде Хавфсизлик кенгашида сўнгги марта қилган чиқишида Афғонистонда юзага келган ҳозирги вазиятга ижобий баҳо бермади.

Кай Эйдега кўра, узоқ йиллардан бери мавжуд бўлган муаммолар ҳозиргача ҳал қилинмагани маҳаллий аҳолида хорижликларга нисбатан норозилик уйғотган. Эйде Афғонистондаги хавфсизлик муаммосини фақат қўшинлар сонини кўпайтириш орқали ҳал қилиб бўлмаслигини, қайта тиклаш ишларига афғонистонликларни кўпроқ жалб этиш ва толиблар ҳукмронлигига барҳам бериш кераклигини қайд этди.

Кай Эйде БМТ аъзоларини афғонистонликлар ташкилотлар тузиб, улар орқали мамлакатни ўзлари бошқара олишида уларга ёрдам беришни хоҳлаган мутахассислар сонини кўпайтиришга чақирди. Ўз сўзига қўшимча қилиб у, фуқаро ёки ҳарбий бўлишдан қатъий назар, ёрдам бериш учун Афғонистонга борган хорижликлар маҳаллий урф-одатлар ва анъаналарни инобатга олиши кераклигини алоҳида таъкидлади.

- Афғонистонликлар баъзан ўз юртларига эгаси йўқ, суверен бўлмаган мамлакат сифатида муомала қилинаётганини ҳис қилмоқда. Бу Афғонистон ҳукумати ва халқаро ҳамжамият ўртасида кераксиз ва хавфли бўлган кескинликка сабаб бўлмоқда, деди Эйде.

Ҳозирда Афғонистондаги асосий муаммо 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин АҚШ кучлари ҳокимиятдан ағдарган Толибон етакчилигидаги исёнчилик ҳаракати бўлиб қолмоқда. Сўнгги йилларда Толибон ҳаракати анча кучайди. Кай Эйде бу ҳолатни Афғонистоннинг нисбатан тинч ҳудудларида ўрнашган хориж қўшинлари аҳолига ёрдам бера олмагани билан изоҳлади.

- Ню Йоркка жўнаб кетишдан олдин мен қатор таниқли афғонистонликлардан сўнгги йилларда исёнлар кучайиб кетгани сабабини сўрадим. Бу саволга жавоб оддий бўлмади. Аммо ҳамма жавобда бир нарса, яъни вазият барқарор бўлган вилоятларни ривожлантириш учун ресурслар ажратишга эътибор берилмагани тилга олинди. Мана шу эътиборсизлик ҳозир бизга қимматга тушяпти, деди норвегиялик дипломат.

Эйде халқаро ҳамжамиятни Афғонистоннинг ҳарбий куч талаб қилмайдиган минтақаларида ўз фаолиятини кенгайтиришга чақирди. У Афғонистонга сафар қилаётган мутахассисларга йўллар ва инфратузилмаларни қуришда, қишлоқ хўжалиги ва маориф соҳаларини яхшилашда ёрдам беришни тавсия қилди.

Истеъфога чиқаётган норвегиялик дипломат Афғонистондаги “салбий ҳолат”ни ижобий томонга ўзгартиришнинг ягона йўли фуқаролик лойиҳалари ва ҳарбий ёндошув ўртасида мувозанатни сақлаш эканини айтди. Эйде агар бундай ёндошув бўлмаса, Афғонистонда “бошқариб бўлмайдиган” вазият юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Афғонистоннинг БМТдаги элчиси Зоҳир Танин ҳам БМТ Хавфсизлик кенгашига ўз таклифларини берди.

- Биз ушбу Кенгашдан 1267-рақамли Резолюциядаги рўйхатни қайта кўриб чиқишни сўраймиз. Зўравонликдан воз кечиб, тинчлик жараёнида иштирок этишни хоҳлаган Толибон гуруҳлари Афғонистон ҳукумати таклифига мувофиқ санкциялар рўйхатидан чиқарилишига рухсат берилишини сўраймиз, деди элчи Танин.

БМТ ҳужжатидаги рўйхатга киритилган шахсларнинг банк ҳисоблари музлатилган ва аксар давлатларда уларга виза бериш таъқиқланган.

Кай Эйде исёнчиларни тинчлик жараёнига жалб этиш вазиятни ўнглашда ёрдам бериши мумкинлигини аммо қатъий шартлар жорий қилиш керак бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

“Ўтмиш билан алоқани узишни хоҳлаган собиқ толиблар келажакда Афғонистон эркин ва демократик давлат бўлишга бел боғлаганларини исботлаши шарт”, - деди БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили лавозимини тарк этаётган Кай Эйде.
XS
SM
MD
LG