Линклар

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида ОИТВ олдини олиш бўйича янги дастур иш бошлади. У биринчи навбатда чекка қишлоқларда истиқомат қилувчи муҳожирлар ва уларнинг оилаларини қамраб олади.

“Ҳурматли меҳнат муҳожирлари! Ёдингизда бўлсин – пала-партиш жинсий алоқа, наркотикларни игна орқали қабул қилиш билан ОИТВга чалиниш мумкин. Касалликка чалинмаслик учун авваламбор ундан сақланишни ўйланг. Ҳар бир шаҳар ва туманларда ОИТВга қарши кураш марказлари мавжуд. Мазкур марказларда сизлар тажрибали мутахассислар масалаҳатларидан фойдаланишларингиз мумкин. ОИТВ касаллиги даволанмайдиган вабо эканлигини унутманглар”.

Бугун Сўғд вилоятнинг шаҳару туманларидаги жамоатчилик автотранспортидан фойдаланаётган кишилар машиналардаги магнитофонлардан ОИТВ сақланишга бағишланган ана шундай эълонларни тожик, ўзбек ва рус тилларида эшитиши мумкин.

Вилоятда фаолият кўрсатаётган “Шифокорлар инсонпарварлик учун” жамоатчилик ташкилоти бошлаган дастур фақат шу тадбир билан чекланмайди.

- Бошланган тадбирдан асосий мақсад ОИТВга чалинишнинг олдини олишдир. Россиядан меҳнат муҳожирлигидан қайтиб келган тожикистонликларнинг асосий қисми касалми, йўқми - билишмайди. Шунинг учун ташкилотимиз дастури асосида жойларда ишонч нуқталари очилган. Улар мана шу ишонч нуқталарида назоратдан ўтишлари керак, дейди “Шифокорлар инсонпарварлик учун” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Олимжон Олимов.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, 2009 йилда Россияда ишлаб қайтган 9 тожикистонлик ОИТВга мубтало бўлганлиги аниқланган эди. Бу касаллар ташкилот томонидан бултурги йилда дастлабки синов тариқасида ташкил эттлган ишонч нуқталарида аниқланган. Шундан кейингина вилоятнинг олтита шаҳар ва туманида ана шундай ишонч нуқталарини ташкил этишга қарор қилинган. Бугунги кунда ташкилот кўнгиллилари шаҳар, туман ва қишлоқларда аҳоли билан учрашиб, ОИТВ ҳақида суҳбатлар уюштирмоқдалар. Бу тадбирларга жойлардаги медицина ходимлари, дин вакиллари ва бошқа ташкилотлар мулозимлари ҳам жалб қилинган.

Спитамен туманидаги Фармонқўрғон қишлоғида жойлашган жомеъ масжиди имоми Жўрабой Ҳамдамов мазкур дастур ҳақида гапирар экан, ташкилот амалга ошираётган тадбирлар жуда зарур эканлигини таъкидлади. У ҳар куни масжидга келаётган намозхонлар билан суҳбатлар ўтказиб, муҳожирликка кетаётганларни турли касалликлардан эҳтиёт бўлишга чақирмоқда.

- Мана кўраяпмиз, эшитаяпмиз - касаллик фарзандларига ўтиб кетаяпти, заҳарлаяпти, ҳаётига зомин бўлаяпти. Шунинг учун муҳожирликка кетаётган одамлар жуда эҳтиёт бўлишсин, фарзандларини эҳтиёт қилишсин. Бунинг учун мана шу қишлоғимиздаги врачларга мурожаат қилиб, маслаҳатлар олиш мумкин. Иложи борича мана шу касаллик хавфи ҳақида ўтиришлар, йиғилишларда ҳам гапириш керак, дейди имом.

Ташкилот вакиллари аэропорт, темир йўл ва автовокзаллардан Россия Федерацияси шаҳарларига йўл олаётган тожикистонлик мухожирлар билан ҳам учрашмоқда. Улар муҳожирларга ОИТВ хатари ҳақидаги эслатмалар ва бу касалликдан қандай сақланишга оид қўлланмалар тарқатаяптилар.

Ташкилот вакиллари ОИТС хатари ва ундан сақланиш ҳақидаги тушунтириш ишлари олиб боришнинг ўзгача усулини ҳам қўллашмоқда. Жумладан, аҳоли билан ўтказилаётган суҳбатлар давомида тайёрланган кичик саҳначалар намойиш қилинаяпти.

Уч ой давом этадиган тадбирлар йигирма мингдан ортиқ кишини қамраб олади. Мутахассисларнинг таъкидлашларича илгари амалга оширилган лойиҳа ва тадбирлар асосан шаҳар ва туман марказларида ўтказиларди. Эндиликда вилоятнинг энг чекка қишлоқларида ҳам бу каби тадбирлар кенг кўламда ўтказилмоқда.
XS
SM
MD
LG