Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:57

Ғайбулло Жалилов етти модда бўйича айбланмоқда


Қашқадарёлик ҳуқуқ фаоли Ғайбулло Жалилов узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Маълумотларга кўра, прокурор ҳуқуқ фаолига 15,5 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўраган.

Ғайбулло Жалиловга узоқ йиллик қамоқ жазоси берилиши сўралаётганини ҳуқуқ фаолининг рафиқаси Муқаддас Жалилова маълум қилди.

- Кеча судда қораловчи Ғайбулло акамга 15 йил берилишини сўради. Яна унинг икки шеригигига ҳам “15 йил берилсин”, деди. Ўткир деганига эса 17 йил қамоқ жазоси сўради. Уларнинг тўртталасига ҳам жами еттита модда қўйишган. Ҳокимият биносини портлатиш, қўпорувчилик, ҳокимиятни босиб олиш каби моддалар... Ҳаммаси энг оғир моддалар, деди Муқаддас Жалилова.

Ғайбулло Жалиловнинг маҳкама жараёнини кузатиб келаётган қаршилик Нодир Аҳатовга кўра, Ғайбулло Жалилов ва унинг шериклари Ўзбекистон Жиноят кодексининг “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий тузумига тажовуз қилиш” (159-модда), “Қўпорувчилик” (161-модда) ва “Терроризм” (155-модда) каби жами еттита моддаси бўйича айбланаяпти.

- Ғайбулло Жалилов 155- модда 3-қисм а ва б¸ 156- модда 3-қисм а¸ б¸ д¸ 159- модда 3-қисм б¸ 161-модданинг ўзи¸ 242- модда 1-қисм¸ 244 модда 1-банди 3-қисм а¸ б¸ 244 модда 2-банди 2-қисмлари бўйича айбланаяпти. Ҳаммаси бўлиб еттита модда. Прокурор унга 15 йилу олти ой сўраган, дейди Нодир Аҳатов.

Маҳкама давомида айтилишича, судланаётганлардан бири - “Насаф” футбол командасининг тренери Файзулло Очилов, яна қаршилик Ўткир Содиқов ва Юсуф Бобомуродовлар Ғайбулло Жалилов билан биргаликда гуруҳ бўлиб амалдаги ҳукуматга қарши жиноий тил бириктирганликда айбланаяптилар.

Уларга Ўткир Содиқов раҳбарлик қилгани айтилиб, прокурор унга 17 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўраган.

Қаршилик ҳуқуқ фаолларига кўра, тергов жараёнида Ғайбулло Жалилов ва унинг шерикларига нисбатан қийноқлар қўлланилган ва судланувчилардан бири - “Насаф” футбол командасининг тренери Файзулло Очилов қийноқларга чидай олмай ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган.

Ғайбулло Жалиловнинг онаси Рўзаой Овуловага кўра, 6 январ куни судда унинг ўғлига сўз берилганида, ўғли ўзига қўйилаётган айбловларнинг барчасини туҳмат деб атаган ҳамда тергов давомида уларга нисбатан қийноқлар қўлланилгани ҳақида гапирган.

Рўзаой Овулова: Ғайбулло “айбим йўқ”, деди. “Мен бирор нарсага қўшилганим йўқ, Бу ишларни қилмаганман. Қўшилганим ҳам йўқ¸ билмайман ҳам” деди. Булар зўрлаб, “Шу ишни қилдим, деб айтасан” деб, вена томирларимизни¸ оëқларимизни¸ ҳамма жойимизни кесиб ташлади. Зўрлаб менинг бўйнимга қўяяпти. “Шуни бўйнингга оласан” деб қийнаяпти бизларни”, деди.

Озодлик: Ким қийнаган уларни? Ким томирларини кесган?

- Ўша қоғозда тўртта-бешта милицияларнинг номини ëзган. Қоғозга ҳамма бўлган гапларни ëзган экан. Судга ўқиб берди ва қоғозни судянинг қўлига топширди. “Қилмаган айбимга мен қандай жавоб бераман? Мен қилганим йўқ”, деди болам кеча судда, дейди Рўзаой Овулова.

Ғайбулло Жалилов 2003 йилдан буён Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаолидир.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Гулшан Қораева фикрича, Ғайбулло Жалиловнинг касбий фаолияти туфайли уни сохта айбловлар билан узоқ йилларга қамашни мўлжаллаяптилар.

- Ғайбулло Жалилов энг фаол аъзоларимиздан бири¸ ҳамиша диний мотивлар билан қамалган ва қамалиш арафасида турганлар ҳақида огоҳлантириб турган одам. Мен ўйлайманки¸ бу айбловларнинг ҳаммаси унинг инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлгани учун бўлса керак, дейди Гулшан Қораева.

Ҳуқуқ фаоли Нодир Аҳатов Ғайбулло Жалилов ва унинг уч шериги билан боғлиқ маҳкамани театрлаштирилган томоша, деб атайди.

- Ғайбулло Жалиловнинг суди ярим ëпиқ ҳолатда олиб борилаяпти. Шу кунгача саккизтача суд бўлди. Шунинг бирортасига ҳуқуқ фаоллари ëки четдан бирорта одам кира олмади. Мана шу суд жараëнининг бошидан охиригача аввалги судлардан¸ ҳуқуқ фаоллари¸ намозхонлар устидан олиб борилган олдинги бошқа судлардан ҳеч қандай фарқи йўқ. Яъни бошидан охиригача маълум бир сценарий¸ ўзлари учун мослаштирилган сценарий бўйича олиб борилаяпти, дейди Нодир Аҳатов.

Ғайбулло Жалилов 2009 йилнинг 5 сентябр куни кечки соат 9 ларда номаълум кишилар томонидан машинага босиб олиб кетилган эди.

Орадан уч кун ўтиб, у милиция ходимларига қаршилик кўрсатганликда айбланиб¸10 кунлик ҳибсга олингани маълум бўлган.

24 ноябр куни Ғайбулло Жалилов ва унинг уч шериги сиёсий мотивлар билан айбланиб, маҳкамага тортилди.

2010 йилнинг 6 январ куни эса давлат қораловчиси Ғайбулло Жалиловга 15, 5 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўради.

Ғайбулло Жалилов ва унинг шериклари бўйича суд ҳукми 8 январ куни чиқарилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG