Линклар

Янги парламент янги топшириқ олди


Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси мана шу бинода мажлис қилади.

Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси мана шу бинода мажлис қилади.

Ўзбекистон парламентининг 2010 йил январининг иккинчи ярмидан иш бошлайдиган янги таркиби мамлакатнинг ЕврОсиё иқтисодий ҳамжамияти билан имзоланган халқаро шартномаларини бекор қилиши мумкин.

Бу ҳақда Регнум ахборот агентлиги хабар берди. Хабарда айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати бу борада қонун лойиҳаси ишлаб чиққан ва энди уни парламентга тақдим этади.

Ўзбекистон Россия, Белорус, Қозоғистон ва Тожикистон аъзо бўлган ЕврОсиё иқтисодий ҳамжамиятидаги иштирокини 2008 йилнинг октябрида тўхтатиб қўйган эди.

Кузатувчилар фикрича, Оқсарой сиёсий буюртмаларини бажаришга кўникиб қолган Ўзбекистон парламенти ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган бу қонун лойиҳасини бир овоздан тасдиқлайди. Кузатувчилар янги парламентга экологлар гуруҳининг сайланиши ҳам Оқсаройнинг навбатдаги буюртмаларини бажариш мақсадида амалга оширилган, деб ҳисоблайдилар.

Тошкентлик собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятидаги иштирокини тўхтатиш тўғрисидаги қарорни парламент билан маслаҳатлашмай туриб қабул қилган.

- Бу ҳукумат томондан қабул қилинган қарор. Ўзи умуман Ўзбекистон ҳукумати парламентнинг тасдиғига бунақа нарсаларни бермайди. Ҳаттоки парламент билан консултация¸ музокара ўтказилмайди. Депутатлар муҳокама қилмайди. Сабаби¸ ҳар қандай катта-кичик қарорни фақатгина Ислом Каримовнинг ўзи қабул қилади¸ дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Тошпўлат Йўлдошев фикрича, янги парламент ҳам аввалгиси каби Ўзбекистон ҳукумати ва шахсан президент Каримовнинг сиёсий буюртмасини бажаришга мажбур этилади.

- Ҳамма нарса Ислом Каримовнинг кайфиятидан келиб чиқади. Агар депутатларнинг ўзига ташлаб қўйиладиган бўлса¸ улар чиқишни тасдиқламайди. Ўзбекистоннинг ўз-ўзини изоляция қилиши¸ иқтисодга жуда катта зарба етказаяпти. Агар Оқсаройдан тескари буюртма келадиган бўлса¸ ўшанинг айтганини қилишади. Парламентнинг ўзида ҳеч қандай мустақиллик¸ ўзича қарор чиқарадиган ваколатнинг ўзи йўқ. Ҳаммасини Оқсарой ҳал қилади. Уни олдиндан башорат қилиш қийин¸ дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Собиқ дипломат ва сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев янги парламентга экологларнинг сайланиши ҳам Оқсаройнинг Тожикистон ва Қирғизистон билан муносабатларида экологлар асосий ижрочи бўлишини тасдиқлаб турибди, деб ҳисоблайди.

Улар фақатгина Ислом Каримовнинг буйруғини бажаради холос. Тожикистон ва Қирғизистонда қуриладиган иншоотларни халқаро экспертизадан ўтказишни талаб қилишади¸ дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Маълумки, Қирғизистон ва Тожикистон ўз ҳудудларида йирик ГЭСларни қуриш лойиҳаларини амалга оширмоқда. Ўзбекистон тарафи бу ГЭСлар минтақа экологиясига жиддий салбий таъсир кўрсатишини, Қирғизистон ва Тожикистон минтақа сув заҳираларини ўз назоратига олиши мумкинлигини таъкидлаб, бу қурилишларга қаршилик қилиб келмоқда.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг ўзи ҳам ўтган йилнинг 27 декабр куни ўтган парламент сайловида овоз бераётиб, ўзбек матбуотига парламентда экологларнинг аҳамияти катта бўлишини алоҳида таъкидлаган эди.

“Экологик ҳаракатимизни парламентимизга 15 та ўрин бериб¸ буларам ўзининг овозини олсин. Овози баландроқ бўлсин ва бир ëқадан бош чиқариб бутун дунëга “Бу шароит эртага нимага олиб келади? Эй халқаро жамоатчилик¸ БМТ¸ эшитинглар. Қачонгача қуруқ ваъда билан юрамиз? Бизлар ҳам айтайлик инсонмиз. Бизлар ҳам эртанги кунга умидимиз катта. Ҳеч кимдан бизлар кам бўлмаймиз эртага. Бу айтайлик бизларнинг қатъий интилишимиз ва билиб қўйинглар бизлар ҳам кучимизни кўрсатамиз”¸ деган эди президент Ислом Каримов.

Тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов янги парламентга сайланган экологларнинг Оқсаройнинг Қирғизистон ва Тожикистондаги ГЭСлар қурилишига қарши қаратилган сиёсатида бир мурват ролини ўтайди, деган фикрга қўшилмайди.

- Тожикистон ëки Қирғизистон билан сув тақсимоти¸ гидростанцияларни қуриш масалалари бўйича парламент қарорлар қабул қилади дейиш¸ қисман тўғри. Чунки биз шу соҳада бир неча йил давомида позициямиз ишлаб чиқилган. Хусусан олганда¸ гидроэлектростанцияни қуриш бўйича халқаро экологик экспертиза ўтказилиши талаби халқаро даражада қўллаб-қувватланган. Бу масала қанчалик чигал бўлиб қолаверса¸ чўзилиб кетаверса¸ бу вазиятдан фойдаланувчи турли хил кучлар пайдо бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Шунинг учун Ўзбекистон ва қўшни давлатлар бу соҳада сиëсатни мувофиқлаштиришдан манфаатдор¸ дейди Фарҳод Толипов.

Сиёсатшунос фикрича, ўтган йил декабрида бўлиб ўтган сайлов жараёнида Ўзбекистон учун хос бўлмаган янги сиёсий жараёнлар, яъни иккита партиянинг бир-бири билан кучли рақобат қилгани кузатилган. Бу эса янги парламентда бир оз бўлса-да эркинлик муҳити яратилишига туртки бўлиши мумкин.

- Сайлов арафасида илк бор иккита партия Либерал демократик партия билан Халқ демократик партияси бир-бири билан жуда ҳам талашиб кетди. Майли қанчалик сунъий бўлдими ëки нопрофессионал талашиши бўлдими бундан қатъий назар¸ бу бошланган кураш парламентда давом этса¸ биз катта умидларни боғлашимиз мумкин парламентга. Агар сайлов олдидан бошланган бу қўштирноқ ичидаги кураш давом этмаса¸ унда бу парламент ҳам олдинги парламентлардан фарқ қилмайди¸ дейди Фарҳод Толипов.
XS
SM
MD
LG