Линклар

Обама хавфсизлик чораларини кучайтирди


Обама¸ хавфсизлик тизимидаги янги ўзгаришлар самараси учун маъсулиятни ўз зиммасига олди.

Обама¸ хавфсизлик тизимидаги янги ўзгаришлар самараси учун маъсулиятни ўз зиммасига олди.

АҚШ президенти террор таҳдидига оид разведка маълумоти олинганда мамлакат хавфсизлик тизимининг тезкор ҳаракат қилишини таъминлашга қаратилган чораларни эълон қилди.

Айни пайтда президент Обама¸ агар ҳимоя тизими муваффақиятсизликка учраса, бунинг учун ўзи масъул бўлишини айтди.

- Биз уруш олиб боряпмиз. Биз узоқда жойлашиб олган зўравонлик тармоғига қарши, нафрат туфайли 2001 йил 11 сентябрда бизга ҳужум қилиб 3000 бегуноҳ одамни ўлдирган ва яна шундай ҳужум қилишни режалаётган Ал-Қоидага қарши уруш олиб бораяпмиз. Ғалабага эришиш учун биз бор имкониятни ишга соламиз, деди телевидение орқали чиқиш қилган АҚШ раҳбари.

Янги чоралар АҚШ разведка идораларининг ҳар бир жиддий таҳдидни тез ва пухта ўрганиб чиқиши, хавфсизлик идораларининг ўзаро кенгроқ ва тезроқ маълумот алмашиши, шунингдек, АҚШ ҳозирлаган террорчи шахслар рўйхатига киритиш мезонларини кучайтириш ва олинаётган улкан жосуслик маълумотларини мутахассислар таҳлил қилиши ва уларни бир-бири билан боғлаш жараёнини яхшилашни назарда тутади.

АҚШ хавфсизлик тизимидаги бу ислоҳотларнинг кескин ўзгаришдан кўра кўпроқ бюрократик характерга эга экани айтилмоқда. Бироқ президент Обама бу чоралар Американи янада хавфсиз қилишини айтди.

- Бу ислоҳотлар разведка хизматларининг ахборот тўплаш, алмашиш, уларни бирлаштириш, таҳлил қилиш ва разведканинг тез ва самарали ҳаракат қилишини яхшилайди. Қисқа қилиб айтганда¸ бу разведка ташкилотларимиз ўз вазифаларини яхшироқ бажариши ва америкаликлар ҳаётини яхшироқ ҳимоя қилишига ёрдам беради, деди АҚШ президенти.

Барак Обаманинг мамлакат разведка ташкилотлари ва хавфсизлик тизимини текширувдан ўтказиб, юқорида айтиб ўтилган чораларни кўриш ҳақида буйруқ беришига 25 декабр куни 23 яшар Нигерия фуқаросининг бортида 278 нафар йўловчи бўлган Америка самолётини портлатишга урингани сабаб бўлди.

Умар Фаруқ Абдулмутталибнинг террорчи шахсларга оид АҚШ рўйхатига аллақачон киритилгани ва унинг Ал-Қоидага алоқадор экани кўпдан маълум бўлишига қарамай, у 25 декабр куни Нидерландия пойтахти Амстердам шаҳридан АҚШнинг Детройт шаҳрига учаëтган Америка учқичи бортига чиқишга муваффақ бўлган.

Боз устига¸ Абдулмутталиб оёғига бойлаб олган портловчи модда билан хавфсизлик текширувидан осонгина ўтишга муваффақ бўлган. Бир неча соатдан кейин учқич бортида Абдулмутталиб портловчи қурилмани ишга туширишга уринган пайтда ҳушёр йўловчилар уни зарарсизлантирган.

Шу воқеа сабаб АҚШ разведка ташкилотлари ва хавфсизлик хизмати тизими фаолияти жиддий текширилиб¸ тегишли чоралар кўрилмоқда.

Хавфсизлик хизмати юқори лавозимли расмийларини ишдан бўшатишга оид кескин чақириқларга қарамай, президент Обама бундай чора кўриш ниятида эмаслигини айтди.

АҚШ президенти Ички хавфсизлик вазири Жанет Наполитанога бошқа давлатлар билан АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш вазифасини топширди. Барак Обама чиқишидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Наполитано Абдулмутталибнинг Амстердам аэропортида самолётга чиқишга муваффақ бўлгани учун АҚШ расмийларини айблаш ўринсизлигини айтди.

- АҚШ Транспорт хавфсизлиги маъмурияти бошқа давлатлардан АҚШ учқичига чиқаëтган йўловчиларни текширмайди. Исо Масиҳ Мавлуди кунги воқеа хориж давлатлари ажропортларидаги текширув жараёнининг АҚШ хавфсизлиги учун нақадар муҳим эканини яна бир бор кўрсатди, деди АҚШ Ички хавфсизлик вазири Жанет Наполитано.
XS
SM
MD
LG