Линклар

Google "супертелефон" яратганини даъво қилмоқда


Google "супертелефон"ининг кўриниши ана шундай.

Google "супертелефон"ининг кўриниши ана шундай.

Интернетдаги энг кучли қидирув портали Google ўзининг биринчи чўнтак телефонини чиқарди. Мутахассислар Google нинг NexusOne телефонини Apple ширкатининг iPhone ига рақобатчи сифатида кўрмоқдалар.

Ширкатининг етакчи мутахассисларидан бири Mario Queiroz Googleнинг Калифорниядаги бош қароргоҳида ўтказилган тақдимот маросимида анчадан бери кутилган NexusOne телефонини йиғилганларга кўрсатар экан,

- Бугун биз NexusOneни эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз, деди.

NexusOne Google брэнди билан чиқарилган биринчи электрон аппаратдир.

NexusOne чўнтак телефони Googleнинг Андроид операцион тизимида ишлайди, бармоқ уриш билан бошқарилади. Телефоннинг оғирлиги 130 грамм, қалинлиги 11 ярим миллиметрдир.

NexusOne орқали овоз ҳам жўнатиш мумкин.

Google вакили Mario Queiroz NexusOneни "супертелефон", деб атади.

- Nexus туташ нуқтаси деганидир. У– интернет телефон билан туташадиган нуқта. Nexus Андроид системасига қўл телефони орқали кириш имкониятларининг бир намунасидир, дейди Mario Queiroz.


Googleнинг интернет магазини орқали сотиладиган мазкур янги телефон Appleнинг iPhoneига рақобатчи бўлиши мумкин.

Сўнгги икки йил ичида Apple 30 миллионта iPhone сотди ва бу аппаратга талаб ҳамон баландлигича қолмоқда.

Googleнинг NexusOne телефони арзон эмас. Ширкатнинг ўзи уни 529 доллардан сотувга чиқармоқда. Бироқ мобил телефон оператори орқали олинса арзонроқ. Масалан, T-mobile ширкати билан АҚШ ҳудудида шартнома тузилса, NexusOne 179 долларга тушади.

Ўз телефонини чиқариш билан Google реклама бозорида эгаллаб турган позицияларини ҳимояламоқчи.

Мазкур ширкат ҳар йили рекламанинг ўзидан 20 миллиард доллардан зиёд даромад қилади. Google орқали ёйинланадиган реклама асосан интернет қидирувига боғланган.

Лекин йил ўтган сайин одамлар интернетга компьютердан эмас, телефондан кирмоқдаки¸ бу ҳолат Google каби қидирув воситаларига бўлган эҳтиёжни тобора камайтириб боради.

Google вакилларининг баёнотларига қараганда, NexusOne телефони телекоммуникация соҳасида хизмат кўрсатаётган турли операторларга мослаб ишлаб чиқарилган. Жорий йил баҳорида уни Европада ҳам сотиб олиш имкони ҳам пайдо бўлади.
XS
SM
MD
LG