Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:21

Тожикистон Ўзбекистонни жосусликда айблади


Кузатувчилар фикрича¸ тожик судининг Анваров устидан чиқарган ҳукми¸ аслида Душанбенинг Тошкентга юборган огоҳлантирув сиганлидир.
Кузатувчилар фикрича¸ тожик судининг Анваров устидан чиқарган ҳукми¸ аслида Душанбенинг Тошкентга юборган огоҳлантирув сиганлидир.

Тожикистон суди¸ Ўзбекистон МХХ си топшириғи билан Сангтўда-1 ва Боғози ГЭСларига тегишли махфий маълумот тўплаганликда айбдор деб топилган ўз фуқаросини 20 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Тожикистоннинг Хатлон вилоят суди катта маслаҳатчиси Музаффар Мирамиршоевнинг айтишича,асли тожикистонлик 50 ёшлик Боймурод Анваров Тожикистондаги 1992 ва 1997 йиллардаги ички низолар чоғида Маҳмуд Ҳудойбердиев тўдасига аъзо бўлган. Айнан Худоебердиев буйруғи асосида у 1992 йил ўрталарида Хатлон вилоятида қотиллик содир этиб, сўнгра Ўзбекистонга қочиб ўтган. Ва қўлга олинган пайтгача бу жинояти учун Тожикистон ҳуқуқ тартибот идоралари қидирувида бўлган.

-Ўзбекистондалиги чоғида Анваров сигир ўғирлаб¸ Ўзбекистон суди томонидан 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Бироқ бизга номаълум сабаблар билан у жазо муддатининг атиги икки йилини ўтаб¸ озодликка чиқарилган. Шундан сўнг Тожикистонга қайтиб, сўнгги 4 йил давомида Ёвон туманидаги Обшорон қишлоғида ноқонуний яшаган, дейди Музаффар Мирамиршоев.

Ҳеч қаерда ишламаган ва расмий қайдда ҳам бўлмагани айтилаëтган Боймурод Анваров, Хатлон суди вакилининг билдиришича, 2009 йил июл ойида,аниқроғи Сангтўда-1 ГЭСи очилиши маросимидан аввалроқ бу иншоот атрофидаги жангалзорда яшириниб¸ маълумот тўплаган ва шу атрофдаги қишлоқларнинг биридаги масжидда тунаб юрган.

Бунга гувоҳ бўлган ўша ҳудуд аҳолиси Миллий хавфсизлик идорасининг Кўлоб минтақасидаги ходимларига маълумот берган.
- Миллий хавфсизлик ходимлари томонидан қўлга олинган пайтда Анваров ёнидан 1000 сўм ўзбек пули ва Сангтўда ҳамда Бойғози ГЭСлари ҳақида тўпланган махфий маълумотлар топилган. Шунингдек Анваровнинг Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан тайёрланган пухта режа асосида иш юритгани ҳам тергов жараёнида¸ ҳам суд процессида ўз исботини топди, деди Хатлон вилоят суди катта маслаҳатчиси Мирамиршоев.

Хатлон вилоят суди масъулининг билдиришича, Боймурод Анваров Тожикистон Жиноят кодексининг 305-моддаси - ватанга хиёнат ва 335- моддаси ёки чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айбланиб, 2009 йилнинг 25 ноябрида Хатлон вилоят суди ҳукми билан 20 йил озодликдан маҳрум қилинди.

Аммо Боймурод Анваровнинг оқловчиси Анвар Зубайдов суд ҳукмидан норозилиги ва шу важдан Тожикистон Олий судига кассацион шикоят аризаси йўллаганини маълум қилди.

- Ҳимоямда бўлган Анваровга қўйилган айблар суд жараёнида ўз исботини топмади. Анваров тергов чоғида ҳам ўзига қўйилган айбларга тўла иқрор бўлмаган. Шуларни назарга олган ҳолда мен Олий суддан Данғара туман суди ҳукми қайта ўрганилишини сўрадим, дейди Ўзбекистон фойдасига жосусликда айбланиб қамалган Анваровнинг оқловчиси Зубайдов.

Исëнчи ўзбек полковниги Маҳмуд Худойбердиев 1998 йил Тожикистонни тарк этиб¸ Ўзбекистонга ўтиб кетгани ҳақида гап-сўзлар тарқалганидан бери Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро жосус ови тўхтамай давом этаëтир.

Мустақил таҳлилчи Нўъмонжон Фахриддинов Боймурод Анваровнинг икки давлат ўртасидаги ана шу овнинг навбатдаги қурбони эканини эҳтимолдан соқит қилмайди. Таҳлилчи фикрича, Сангтўда- 1 ва шўролар даврида қурилган Бойғози ГЭСлари Ўзбекистон учун унчалик аҳамиятли эмас ва Ўзбекистон махфий хизматларида бу иншоотларга оид кераклича ахборот борлигини тахмин қилиш қийин эмас.

- Фуқаромизнинг Тожикистон ГЭСлари,айниқса Бойғози ГЭСи ҳақида маълумот тўплаганига доир айблов кулгилида энди. Чунки бу гидроиншоот унчалик катта аҳамиятга эга эмас. Шу нуқтаи назардан унга доир маълумотларни алоҳида ўрганиш ва Ўзбекистонга тақдим этиш зарурати йўқ. 20 йилга кесилиш учун катта ишларни амалга оширган бўлиш керак. Менимча бу жуда паст даражада уюштирилган жирканч тадбир , дейди мустақил таҳлилчи Фахриддинов.

Таҳлилчига кўра,Тожикистондаги айрим доиралар шу йўл билан Ўзбекистоннинг Тожикистонда қурилаётган гидроиншоотларга тиш тирноғи билан қаршилик кўрсатаётганини халқаро ҳамжамитяга очиқламоқчи.

Айни пайтда¸ адвокат Анвар Зубайдов Боймурод Анваровнинг отасининг судида қатнашиш учун Ўзбекистондан келган ўғли ҳам Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан ҳибсга олингани ва ҳозирда тергов қилинаётганини маълум қилди.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийлари Боймурод Анваровнинг ўғли қайси жиноятда айбланаётганига доир саволларимизни очиқ қолдирди.
XS
SM
MD
LG