Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:13

Фаровонлик - байрамда ярим кило гўшт..ми?


Ўз фаровонлигини ҳафтасига неча кило гўшт ейиши билан ўлчайдиган аксар ўзбеклар учун гўшт тобора тансиқ масаллиққа айланиб бормоқда.
Ўз фаровонлигини ҳафтасига неча кило гўшт ейиши билан ўлчайдиган аксар ўзбеклар учун гўшт тобора тансиқ масаллиққа айланиб бормоқда.

Анъанавий Янги йил табригида халқ турмуш фаровонлигининг йилдан-йилга юксалиб бораëтганидан гапирган президент Каримов 2010 йилнинг янада фаровонроқ бўлажагини ваъда қилди. Оддий ўзбекистонликлар эса¸ йилнинг бу ваъдага терс келажагидан чўчимоқдалар.

“Мен президентимиздан нолимайман. Президентимиз бизлар учун жуда кўп янги қарорлар чиқараяпти. Лекин шу нарса бизгача етиб келмаяпти. Агар имкон бўлса¸ президентимиз бизларга ўхшаганларни қабул қилса¸ бизларнинг дардимизни тингласа¸ мана бу ерда яшаëтганларнинг дардини тушунса”.

Қашқадарёлик Саломат Одилова ўз оиласи аҳволи ўта қийин аҳволда қолган бўлса-да, "президенти"дан нолимаслигини айтмоқда.

Уч фарзандини ёлғиз боқаётган, ишсиз ва қаровсиз қолган Саломат опа ҳақида ўтган дастурларимиздан бирида ҳикоя қилган эдик.

"Танганинг орқаси" эшиттиришининг янги йилдаги биринчи сони Ўзбекистон ҳукуматининг бошланган йилда аҳоли турмуш фаровонлигини кўтариш ваъдалари, ўзбекистонликларнинг бунга оид умидлари ва мутахассисларнинг 2010 йилда Ўзбекистон иқтисодига доир бераётган прогнозлари ҳақида бўлади.

Ўзбекистон ҳукуматининг янги йилда мамлакат иқтисодига оид прогнозлари ҳар доимгидек, некбин.

Президент Ислом Каримов ўзбекистонликларни янги йил билан табриклар экан¸ 2009 йилда фаровонлиги ошган халқ турмушининг 2010 йилда янада фаровонлашишини ваъда қилди. Ойлик маошлар, пенсиялар миқдори кўпайтирилиб, аҳолининг реал даромади янада ошади, деди президент.

Оддий ўзбекистонликлар “реал даромад” атамаси Ўзбекистон шароитида нимани англатишини билмаса-да, ўз турмуш даражасининг ўтган йилда пасайганини яхши билади, уларнинг давлат иқтисодидан айро бўлган ўз иқтисодий шароитига оид прогнозлари ҳам ҳукуматникидан фарқ қилади.

Сирдарёлик Ҳабибулло ака ана шундай ўзбекистонликлардан бири.

- Умидларимиз йўқ умуман. Нарх-навога келадиган бўлсак¸ кўтарилиш дейишдан олдин бунинг ҳеч иложи йўқда. Келасиз уже доллар кўтарилиб кетди¸ нарх кўтариб юборди¸ ойликлар кўтарилаяпти экан¸ деб булар икки ой олдиндан нархни кўтариб олади¸ дейди Ҳабибулло ака.

Суҳбатимиз бошида турмуши кундан кунга оғирлашиб бораётганига қарамасдан, президентдан нолимаслигини айтган қашқадарёлик Саломат опанинг ҳам янги йилдан умидлари катта эмас.

- 2010 йилда¸ биринчи бўлиб¸ соғайишимни кутиб ўтирибман. Биринчи ниятим шу. Иккинчиси¸ ишга кираман¸ деб умид қилиб ўтирибман. Юрагим оғрийди¸ саратон деган хавф бор¸ кўкрагим шишиб кетади. Югуриб-елиб¸ бир бало қилиб болаларимни оëққа қўйиб олдим. Яхши инсонларнинг ëрдами билан икки қизимни даволатиб олдим. Уларга миннатдорчилик билдираман¸ дейди Саломат опа.

Саломат опанинг бир ойлик даромади аранг 130 минг сўмга етади.

Саломат опа: Маҳалла тарафидан моддий ëрдам оламан¸ болалар нафақасини оламан. Бошқа ҳеч қандай ëрдам бера олмайди булар.

Озодлик: Нафақани қанча беради улар?

- Битта боламга 16 минг оламан. Декабр ойидан бу 18 минг бўлибди. 114 минг боқувчисини йўқотганлик нафақасини оламан. Энг асосий оладиган нафақам 114 минг. 18 ëшгача берадиган нафақаси билан 130 мингда¸ дейди Саломат опа.

Давлат раҳбарларининг айтишича, ўтган йилда бир миллионга яқин иш жойи яратилган, янги йилда ҳам жаҳон молиявий бўҳронига қарамасдан, халқнинг турмушини янада яхшилаш мақсадида яна миллионга яқин иш жойлари яратилади.

Расмий статистикага кўра, ишсизлик даражасининг бир фоиздан камроқни ташкил этиши инобатга олинса, таклиф талабдан кўпроқ.

Лекин яратилаётган иш жойлари орасида Саломат опанинг турмушини яхшилай оладиган иш топилганича йўқ.

- Мактабга ишга киринг дейди. Мактабга ишга кирганим билан борингки 50 минг ойлик берсин¸ мен 50 минг билан уй-жой қиламанми¸ шифер оламанми¸ болаларимни боқаманми¸ буларга уст-бош олиб бераманми¸ қарзларимни узаманми¸ даволанаманми – қайси бирини қиламан? Ўзингиз ўйлаб кўринг. Катта қизим коллежда ўқийди. Ҳозир пулим йўқлиги учун коллежга ҳам бора олмай ўтирибди. Йўлига пул топиб бера олмаяпман. Қарз олганман. Қарзларни сўраб келишаяпти¸ шу қарзларга бериб юбораяпман келадиган пулни ҳам¸ дейди Саломат опа.

Ҳукумат айтаётган “турмуш фаровонлиги” Саломат опа учун байрамда ярим кило гўшт олиш имконини англатади.

Саломат опа: Картошка¸ пиëз¸ сабзи¸ шолғом¸ ун¸ ëғ оламан. Бошқа ҳеч нарса олмайман.

Озодлик: Гўштчи гўшт?

Саломат опа:
Гўшт¸ сут-пут маҳсулотлари байрам бўлса¸ ярим кило олиб бераман. Орттириб болаларга тўртта-бешта товуқ қилиб бераманми¸ деб ўтирибман. Қарзларимни узиб олай. Кейин беш-олтита товуқ олиб бераманда.

Озодлик: Ҳозирги кунда қанча қарзларингиз бор?

- Бир миллиондан ошиқ қарзим бор, дейди уч фарзандини ёлғиз боқаётган Саломат опа.

Айни пайтда, мутахассислар янги йилда ўзбекистонликлар тирикчилиги яхшиланиши учун имконлар бор, деган фикрда. Лекин бу имконлар Ўзбекистон ҳукумати бераётган ваъдаларга боғлиқ эмас, дейди Олмаотадаги Евроосиё институти иқтисодиёт факультетининг декани ва Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ амалдори Сапарбой Жубаев.

- 2008-2009 йилларда Ўзбенкистонда оддий халқнинг аҳволи қанақа эди¸ деганда Ўзбекистон ичида катта бир ўзгаришлар бўлмадида. Россияда ишлайдиганлар 3 миллиард долларга яқин пулни Ўзбекистонга ўтказиб¸ у ердаги аҳвол яхшилана бошлаган эди. Лекин 2009 йилда кризис туфайли бу нарса ҳам сал орқага сурилди. 2010 йилда Россияда аҳвол яхшилана бошласа¸ иш жойлари кўпая бошласа¸ ўзбекистонликлар у ëққа бориб ишлаб¸ Ўзбекистонга пул ўтказиш кўпайса¸ ўзбекистонликларнинг ижтимоий аҳволи озгина бўлса ҳам Россия ëрдамида ëки Қозоғистондан¸ чет элдан инвестиция келиши билан Ўзбекистонда яхши шароит бўлиши мумкин. Ўзбекистоннинг ичида ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Бой одамлар бойиб юраверади¸ иш топа олмай юрганлар қийналиб юраверади. Катта ўзгариш кутиш қийин¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги эълон қилган “Барқарор иқтисодий юксалиш йўлидан”, номли мақолада айтилишича, янги йилда мамлакат иқтисодини ривожлантириш, пировардида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида, жумладан, банк-молия соҳасига катта эътибор берилади.

Хусусан, “Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун” тамойилига амал қилган ҳолда аҳоли қўлидаги бўш маблағларни тижорат банклари депозитларига жалб қилиш бўйича ишлар олиб борилади, дея фикр билдирган “Ипотека-банк” банки расмийси Равшан Баҳромов, аҳолининг қўлидаги бўш маблағ, дегани нималигини тушунтирмайди.

Бу савол билан Баҳромовга қилган мурожаатимиз жавобсиз қолди.

Қўлингизда бўш маблағингиз борми, деган саволни “бир миллион қарзим бор”, деган Саломат опага беришга хижолат тортдик. Саволни сирдарёлик Ҳабибулло акага бердик.

- Йўқ. бўлганда ҳам банкка қўймайман. Банкка қўйганингиздан кейин тамом. Эртага дейди¸ индинга дейди¸ ололмай юраверасиз. Бунақа жуда кўп. Ўзимизнинг областда бўлаëтган иш бу. Бошқа вилоятларни билмадим. Асосан¸ бизнинг вилоят мана шунақа. Умуман вилоятда ҳеч кимга ишонч йўқ, дейди Ҳабибулло ака.

Ўзбекистон молия тизимида кўп йиллар ишлаган Сапарбой Жубаев Ўзбекистонда аҳоли ўз хоҳишига кўра пулини банкка қўядиган шароит яратилмагани боис, ҳукумат янги йилда ҳам айланмадаги нақд пулни маъмурий воситалар билан банкларга жалб қилиш сиёсатини давом эттиради, дейди.

- Ўзбекисондаги банк системасида қанчалик фоизини кўтармасин аҳоли ўз хоҳиши билан ҳеч қачон банкка пул олиб бориб қўймайди. Иккинчи йўли¸ мажбурий. Бу пулларни карточкага ўтказиш¸ банкка ўтказиш. Ўзбекистоннинг бугунги пул-кредит сиëсатида карточкага пул ўтказиш бу бемаъни нарса. Автомат қўймагандан кейин карточкага пул ўтказиш бемаъни нарса. Мен буни мантиқ билан ҳеч тушунтира олмайман¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Сапарбой аканинг фикрича, ҳукумат олиб бораётган ижтимоий-иқтисодий сиёсат янги йилда ўзбекистонликлар турмушида ижобий ўзгаришлар рўй беришига умид қолдирмайди.

- Бугунги Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти¸ у ерда олиб борилаëтган реформалар¸ иқтисодий вазият¸ яхшиликни кутишга жуда имконият кам. Бугунги кунда Ўзбекистонда бир ўзгариш бўлиши фақат чет элга чиққанларнинг ëрдами билан бўлмасдан¸ бошқача инвестиция келади¸ деган умид йўқда. Инвестициясиз ҳар қандай кучли давлат¸ ҳатто Европа давлати бўлсин ўз экономикасини яхши йўлга қўя олмайди, дейди Олмотадаги Евроосиё институти иқтисодиёт факультетининг декани Сапарбой Жубаев.

Президент Ислом Каримовнинг ўзбекистонликлар учун қаттиқ қайғураётганига қаттиқ ишонсада¸ Саломат опа 2010 йилда на ўзи¸ ва на қолган ўзбекистонликлар ҳаётининг ижобий томонга ўзгаришига ишонади.

- Агар имкон бўлса¸ қани президентимиз бизларга ўхшаганларни қабул қилса¸ бизларнинг дардимизни тингласа¸ мана бу ерда яшаëтганларнинг дардини тушунса. Иложи бўлса¸ президентимиз билан мен ўзим учрашсам¸ ўзим билар эдим. Қашқадарë вилоятига¸ Қарши районига етиб келмайдими бу? Қашқадарëликларнинг дардини бирров тингламайдими? Менга ўхшаганлар ўлиб кетавериши керакми? Мен умид ҳам қилмайман¸ ҳеч нарсани кутмайман ҳам. Майли ҳақиқатни айтганим учун келсин¸ уй-пуйим билан ëқиб юборсин¸ бола-чақам билан қириб юборсин. Тўйиб кетдим. Мен булардан ҳеч нарса кутмайман. Қашқадарëда ҳеч кимдан ҳеч нарса кутмайман мен¸ дейди Саломат опа.
XS
SM
MD
LG