Линклар

logo-print

Қирол билан учрашув


Элвис Преслининг ўз мухлисларини сеҳрлаган қарашларидан бири.

Элвис Преслининг ўз мухлисларини сеҳрлаган қарашларидан бири.

Бугун 2010 йилнинг 8 январи. Rock 'n' Roll қироли Elvis Presley (Элвис Пресли) тирик бўлганида 75 ëшга тўлар эди.

Ўз мусиқаси билан дунëни чирмовуқдай қоплаб¸ "фақат мен мавжудман"¸ деган кичик буржуазия ва мешчанлик ва клерикал қадриятларига исëн қилган бир инқилобчи эди у.

Европа рақс майдонларида Элвис оҳангларида ички иштонсиз рақс қилган миллионлаб қиз-жувонларнинг тана ҳаракати эса кичик буржуа қуюшонига қарши исëн эди.

Европани ўзгартирган 68 йил инқилоби бўсағасида барча давр ва элларнинг муҳим қўшиқчиси¸ деб аталган Элвис Пресли турар эди.

Октябр кўчасидаги Шонни Пресли.

1973 йилда Урганчдаги мен яшаган уй бурилишидаги Октябр кўчасида бир Колхида ҳайдовчиси бор эди.

Ҳамма уни Шонни Пресли деб чақиришар эди. (асл исми Шоназар)

Баланд бўйли¸ қирғий бурун¸ қоп-қора¸ оломондан кескин фарқ қиладиган бир йигит эди у. (Ота-бобоси Эрондан қул қилиб сотилгани ва унинг миллати белуж эканини кейин билдим)

У тез бузилиб турадиган Колхида (катта юк шашинаси) кабинасини тўнқайтириб қўйиб¸ моторни кавлар эди.

Кўпинча эшик олдига намойишкорона қўйилган ялтироқ Ява мотоцикли устида виқор билан ўтирар эди.

Сочини хўроз тожи каби турмаклаган¸ икки чеккасини бакенбард қоплаган бу йигит қоя устидаги қирғийни эслатарди.

У ўз горизонтида пайдо бўлган институтга кетаëтган қизларни кўзи билан секин таъқиб этар ва бечора қизлар бу таъқиб траекториясидан чиқиш учун қадамини тезлатишарди.

Умуман нафақат қизлар¸ ўша пайтда 10 яшар бола бўлган мен ҳам Шонни Преслининг турқидан қўрқардим. Унинг четига атиргул тикилган (пардадан қирқилиб) жинси шими ҳам¸ яланғоч танага кийилган тик ëқа гулдор кўйлаги ҳам¸ учи найза кўк замш туфлиси ҳам мени ҳуркитар эди.

Айниқса¸ у бўйнига осиб олган кумуш занжирдаги лезвиядан мен чандон қўрқардим.

Қизлар уфқдан ғойиб бўлгач¸ Шонни Преслининг нима дейишини биз майда болалар яхши билардик.

"Клëво", дерди Шонни қисқагина қилиб.

Германияда хизмат қилган аскар болалар олиб келган наклейкани бизнинг кўз олдимизда фокусчи Копперфелд каби сирли тарзда ўзининг Ява мотоцикли қорнига ëпиштирганида биз болалар кўлвор илон гипноз қилган қуëнлар каби нафасимизни ичга ютиб¸ қараб турар эдик.

Бир коса сувга оқ наклейкани ботириб уни ëпиштиргач¸ расмнинг устини кобра шаклли узук таққан сертомир қўли билан оҳиста силарди. Сурат устидаги қатлам сидирилиб тушгач¸ оқсийна¸ мовий кўз¸ малласоч қизнинг сурати пайдо бўлишидан биз болалар чандон ҳайратга тушардик.

"Перфект", дер эди бу тилсим сўнгида Шонни.

Умуман униng луғати жуда ғариб эди.

У ўзининг энг узун калимасини кунда бир икка қайтарар эди.

"Элвис Пресли рокн ролл қироли¸ Пеле футбол қироли¸ Рокфеллер пул қироли."

Тўғриси у "қирол" демасди, "корол" дер эди - "Пресли рокн ролл короли".

Унинг бу гапи менга қароли бўлиб эшитилар ва турш қаролини эса мен хуш кўрмасдим.

Пресли билан учрашув

1980 йилда Низомий институтига кириш имтиҳонлари тоширдим. Икки кундан кейин мандат коммссияси натижани айтиши керак.

Кўчада Кука (асл исми Ҳикмат) деган рассом дўстимни учратиб қолдим. "Омадинг келди, кеча бир форцовшикдан Преслини сотиб олдим, ке бир томоша қилайлик", деди.

Унинг қўлида бир китоб ҳажмидаги елим видеокассета бор эди. Бунақа нарсани илк бор кўришим эди.

Қорасувдаги бир уйдан видеомагнитофон опчиқиб беришди. Катта бир чамадонга солиб уни Новомосковское кўчасидаги фортепиано муаллимининг уйига олиб бордик.

Экранда қайсидир бир оролда қўшиқ айтаëтган Элвис Пресли пайдо бўлди. Оқ кўйлак¸ оқ клëш шим. Бўйнида зарғалдоқ шокила. Сочлари хўроз тожидай¸ қуюқ бакенбардли Пресли Октябр кўчасидаги Преслидан ëқимли туюлди менга.

Видеодаги қизу жувонлар Преслига талпиниб¸ унга рўмолча узатишар¸ у эса терлаган бўйнини артиб¸ қизларга қайтариб берар¸ рўмолчага қайта соҳиб бўлган жононлар ҳаяжондан шайтонлаб¸ ўзидан кетишар эди.

У айтаëтган қўшиқдаги ишоратни фортепиано муаллимаси Зуҳра тезда англади. Майка ҳам киймабдия ичидан¸ деди у икки юзи лов-лов ëниб.

Элвисни илк маротаба томоша қилганимда унинг ўлганига уч йил бўлган эди.

Физикада нур масофаси¸ деган тушунча бор. Нур бизгача етиб келгунига қадар маълум бир вақт ўтади. Осмондаги ëрқин юлдуз нури бизга етиб келганида балки бу юлдуз аллақачон сўнган бўлиши ҳам мумкин.

Преслини томоша қилар эканман¸ мусиқадан кўра ажнабий ҳофиз эгни-боши мен учун кўпроқ қизиқ эди.

Унинг пистонлар қадалган шимини ўз шимим билан таққослаш баробарида¸"шимни зудлик билан алмаштириш керак" деган хулосага келдим.

Пировард¸ кетимдаги "Kрасний болшевик" фабрикаси маҳсулоти бўлган шим чайқов бозоридан олинган жинси билан алмашди.

Кетидаги бир парча чармга Монтана деган сирли ëзув ëзилган бу шимни кияр эканман¸ ўзимни Ғарб дунëсининг бир бўлаги¸ деб ҳис қилдим.

Бу шимни фахр билан кийиб¸ мандатга бордим.

"Бобожонов, сиз институтга қабул қилиндингиз", дер экан комиссия раиси (янглишмасам Саид Шермуҳаммедов) кўзойнак устидан шимимга қараб:" Бунақа иштонни 20-йилларда қизил вагонда ўрис рабочийлар киярди. Дарсга келганингизда бунақа иштонни кўрмайин хўпми¸ бизга стилягалар эмас¸ онгли комсомоллар керак", деди.

Домла ўзи билмасдан жамоа орасида пилигимни кўтариб қўйди. Домла ëнидаги қўҳлик котиба қизларнинг менга ташланган ғамзали нигоҳидан буни тушундим.

Шу он Пресли мусиқаси қалбимга ҳамроздай бўлди

«I Want You, I Need You, I Love You», деган сатрлар маъносини қалбан англадим.

Фасл алмашиш арафаси эди бу
XS
SM
MD
LG