Линклар

Ўзбекистонда машиналар нархи яна ошди


Келаси ҳафталар ичи “Матиз”, “Нексия”, ва “Дамас” автомобиллари нархи 12 фоизга кўтарилиши мумкин.

Келаси ҳафталар ичи “Матиз”, “Нексия”, ва “Дамас” автомобиллари нархи 12 фоизга кўтарилиши мумкин.

Ўзбекистонда 2010 йил январ-феврал ойлари оралиғида автомобиллар нархи 12 фоизга кўтарилиши мумкин. Долларнинг давлат ва қора бозор курслари ўртасидаги фарқ туфайли автомобил нархи ҳозирдаëқ камида 2 миллион сўмга кўтарилган.

Ўзавтосаноат ширкати матбуот котиби Элвира Тухватуллина Ўзбекистондаги айрим интернет нашрлари тарқатган Ўзбекистонда 2010 йил январ-феврал ойлари оралиғида автомобиллар нархи 12 фоизга кўтарилиши мумкинлиги тўғрисидаги хабарни тасдиқламади.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар баҳосини кўтариш масаласи кун тартибига киритилган, лекин нархларни ошириш тўғрисидаги қарорнинг қачон қабул қилиниши ва нархларнинф неча фоизга оширилиши ҳозирча номаълум.

“Ўзавтосаноат” ширкатининг ўзини таништиришни истамаган расмийси эса бу хабарни тасдиқлай туриб¸ унга айрим ойдинлик киритди.

- Ошиши ошади. Именно унақа машиналар эмас. Хабарингиз бўлаëтган бўлса¸ машиналар секин-секин сўмга ўтаяпти. Сўмга ўтаëтган машиналарнинг доллардаги разницасини кўтариб қўяяпти. Масалан¸ ҳозир Дамас сўмга ўтди. Долларда 8000. Сўмда кўчанинг курсига ҳисобласангиз¸ 16 миллион бўлади. Ҳозир бу 15 ярим миллиондан сотилаяпти. Шулар ўзининг нархига чиқартириб қўйилади.

Озодлик: Долларнинг курсига қараб нарх...

- Примерно шунақа. Доллардан сўмга ўтаëтганда шунақа гап бўлган эди¸ дейди “Ўзавтосаноат” ширкатининг ўзини таништиришни истамаган расмийси.

“Ўзавтосаноат” расмийси берган маълумотдан икки нарса англашилади:

Биринчиси, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган, лекин негадир шу кунгача долларда сотилиб келинаётган автомашиналарни ўзбек сўмида сотиш амалиёти йўлга қўйилмоқда ва шу кунларда “Дамас” автомашинаси сўмда сотилмоқда.

Иккинчиси, Ўзбекистонда долларнинг расмий курси, Марказий банк маълумотига кўра, шу кунларда 1513 сўм 60 тийин, қора бозордаги курси эса 2000 сўмдан ортиқроқ. Авваллари 8000 доллардан сотилаётган “Дамас” автомашинаси ҳозир долларни давлат курси билан сўмга ўгирганда 12,5 миллион сўмга сотилмоқда. Аммо "Ўзавтосаноат" доллар курсини давлат белгилаган баҳода эмас, қора бозор баҳосида белгиламоқчи. Ана шунда, "Ўзавтосаноат" расмийси айтганидек, “Дамас” русумидаги машина баҳоси 16 миллион сўмга тенг бўлади.

“Нега энди "Ўзавтосаноат" ширкати автомашиналарни долларнинг давлат курсига эмас, бозор курсига боғламоқчи? Бундан ташқари миллий валютаси сўм ҳисобланган Ўзбекистонда нега автомашиналар сўмда эмас, долларда сотилади?” деган саволимизга мазкур ташкилотда жавоб берадиган расмий топилмади.

Ўзбекистондаги машина бозорларидан бирида 15 йилдан бери машина олди-сотдиси ва валюта алмаштириш билан шуғулланиб келаётган Абдулла ака саволимизнинг иккинчи қисмига қисман жавоб бергандек бўлди.

Унинг айтишича, ишлаб чиқарувчи автомобил эҳтиёт қисмлари чет элдан долларга сотиб олинаётганини баҳона қилиб, автомашиналарга долларда нарх қўяди.

- Автосалонларда ҳам кўпроқ машина долларга сотилаяпти. Улар учун чет элдан запчастлари долларда келаяпти. Халқ олмаëтганларни эса ўзбек пулига сотаяпти. Асака заводи ҳам машина нархини банк эмас, қора бозор нархига қараб чиқараяпти¸ дейди Абдулла ака.

Шундан сўнг Асакадаги “GM-Ўзбекистон” ёпиқ ҳиссадорлик жамиятига сим қоқдиқ. Аммо бу ташкилот расмийлари автомобилларга нега долларда нарх қўйилаётгани ва автомашиналар қимматлаши мумкинлиги тўғрисидаги саволларимизга жавоб беришни истамадилар.

Ўзбекистондаги машина бозорларидан бирида 15 йилдан бери машина олди-сотдиси ва валюта алмаштириш билан шуғулланиб келаётган Абдулла ака эса¸ автомобиллар нархи кўтарилиши тўғрисида халқ орасида норасмий хабарлар пайдо бўлгач, доллар курси кўтарилгани, бунинг оқибатида эса қўлда сотилаётган автомобил нархлари камида 2 миллион сўмга қимматлаганини айтади.

Абдулла ака:
Мана¸ 27 миллион 800 мингга 30 декабр куни бизнинг фирмамизга машина олишди. Ҳозир ўша машиналарнинг нархи 14 фоизга ошди¸ деган гап бўлаяпти. Шунинг ҳисобига қора бозорда ҳозир долларлар ошди. Уч куннинг ичида 100 доллар 200 мингдан дан 215 га чиқди. 100 доллар 215 минг бўлди. Янги йил арафасида 200 минг эди. 100 долларга 15 минг фарқ қилган тақдирда¸ машина 14 минг доллар бўлган бўлса¸ ҳар 1000 ига 150 минг бўлса¸ 10 минггига бир ярим миллион уже деярли икки миллион қўшилиб қолаяпти.

Озодлик: Доллар машина қимматлайди¸ деган гап пайдо бўлгани учун ошдими?

- Ҳар йили йил янгиланганда машина нархи кўтарилади. 1996 йилдан бери шу иш бўлиб келаяпти¸ дейди Абдулла ака.

Ўзбекистондаги айрим интернет нашрларига кўра, ўзбекистонликлар орасида катта талабга эга бўлган “Матиз”, “Нексия”, ва “Дамас” автомобиллари нархи 12 фоизга кўтарилиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG