Линклар

logo-print

Малайзия ўзбек талабаларини чорламоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Малайзия расмийлари¸ ўз олийгоҳларининг Ғарб даражасида¸ бироқ ғарбдагидан арзон таълим беражагини таъкидламоқда.

Малайзия расмийлари¸ ўз олийгоҳларининг Ғарб даражасида¸ бироқ ғарбдагидан арзон таълим беражагини таъкидламоқда.

Мустақилликдан бери минглаб ўзбек талабалари асосан Ғарб¸ хусусан АҚШ ва Британия университетларида таълим олган бўлса¸ тез фурсатда Осиë¸ хусусан Малайзия олийгоҳларида ўқиганлар сони ҳам уларга етиши мумкин.

Малайзиянинг Ўзбекистондаги элчиси Абдул Азиз Хорун Малайзияда таълим олиш АҚШ ва Британиядагига қараганда анча арзонлиги ва бу Ўзбекистондаги ўрта табақа оилаларига ўз фарзандларини четда ўқитиш учун яхши имконият эканини айтди.

- Ўзбекистонлик ёшлар Малайзиянинг ҳам xусусий, ҳам давлат олийгоҳларида ўқиб¸ бакалавр ёки магистр даражаларини олишлари мумкин, дейди Малайзиянинг Ўзбекистондаги элчиси Абдул Азиз Хорун.

Сўнгги йиллар мобайнида Малайзия элчихонаси ўзбекистонлик ёшларни ўзидаги олийгоҳларга ўқишга жалб этиш мақсадида Тошкент ва Самарқандда жами учта таълим кўргазмаси ўтказди.

Малайзиянинг Чехиядаги элчихонаси биринчи котиби Фирдавс Ибаруслиннинг Озодликка билдиришича, ўзбекистонлик талабалар Малайзияга келиб нисбaтан арзонроқ нархда Британия даражасидаги таълимни олишлари мумкин.

- Бизда таълим Британия услубида. Британияда қандай таълим олишса, бизда ҳам деярли шундай. Университетларимиз дипломлари Британия собиқ мустамлакаси бўлган Австралия, Янги Зеландия, Бирлашган Қироллик ва бошқа давлатларда тан олинади, дейди Малайзия расмийси.

Малайзия университетларига ҳужжат топшириш эса жуда оддий, деб сўзида давом этади Фирдавс Ибаруслин:

-Абитурент ёки талаба университет веб саҳифасига кириб ўқиш нархлари ва лозим бўлган талаблар билан танишиб чиқиши ва ариза топшириши мумкин, дейди Малайзия элчихонасининг биринчи котиби.

Бугунги кунда юзлаб ўзбекистонлик талаба ёшлар Малайзия ўқув юртларида таҳсил олмоқда. Шулардан бири ўзбекистонлик Сардор.

Сардорнинг айтишича, сўнгги пайтларда Малайзияда ўзбекистонлик талабалар сони анча кўпайиб қолган.

- Илгари оз бўлса¸ ҳозир кўпайишиб қолди. Баъзилар компьютер соҳаси бўйича¸ баъзилар иқтисод¸ бизнес соҳаси бўйича келаяпти. Ўқиш инглиз тилида бўлади. Ҳар қалай ўқиш яхши бу ерда¸ дейди Сардор.

Сардор ҳам ўзбекистонлик талабаларнинг кўпайиши Малайзияда таълим олишнинг арзонлиги билан боғлиқлигини айтади.

- Ўқиш контракти Ўзбекистон билан бир хил. Ўзбекистонда қанча тўласак¸ бу ерда ҳам худди шу пул. Просто бу ерда яшаш анча қийин. Биринчидан¸ ота-онадан узоқ¸ кейин бу ерда кўп пул кетади. Хусусий университетлар қиммат. Давлат унивеерситетлари арзон. Давлат университетлари ҳам ҳар хил жойда жойлашган. Чеккароқда жойлашганлари арзон. Масалан¸ бир семестри 700 доллар. Бу дегани бир йилга 1400 доллар дегани. Хусусий университетлар 12-15 минг долларларга тўғри келади. Қани эди ҳамманинг имкони бўлсаю¸ келиб ўқиса.

Озодлик: Сиз у ерга ўқишга қандай кетдингиз?

- Интернетдан университет сайтига кирдим. Керакли босқичларидан ўтдим. Бу ерга келиб озгина инглиз тилини ўқидим ва шу билан ўқишни бошлаганман. Бу ерда акам ўқиган. Шу тавсия қилган аниқроғи¸ дейди Сардор.

Малайзия Бош вазири Абдулла бин Ҳожи Аҳмад Бадавий 2008 йилда Тошкентга келган ва икки томонлама музокараларда илм-фан ва технология¸ олий таълим, энергетика соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилган эди. Ўша учрашув чоғи Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Малайзия имкониятларига катта баҳо бериб шундай деган эди.

- Малайзияга ишончимиз катта. Малайзиянинг ҳам ўзи имкониятлари катта. Бизлар Малайзия учун очиқмиз. Орамизда ҳеч қанақа муаммо йўқ. На сиëсий¸ на иқтисодий¸ на гуманитар соҳасида бирорта муаммо йўқ. Борди-келдиларимиз кўпроқ бўлиши керак¸ деган эди Ислом Каримов.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг "Истеъдод" жамғармаси билан Малайзия университетлари ўртасида ҳам бевосита ҳамкорлик йўлга қўйилган. "Истеъдод" жамғармаси орқали ҳам ўзбекистонлик талаба ва мутахассислар Малайзияда таҳсил олиб қайтишди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG