Линклар

logo-print

Ўзбекистон матбуотида янги "қаҳратон" бошланди

  • Садриддин Ашур

Сўз эркинлигини ҳимоя қилувчиларга кўра¸Ўзбекистонда босма нашрлардан тортиб интернетдаги блогларгача ҳукуматнинг қаттиқ назорати остида қолмоқда.

Сўз эркинлигини ҳимоя қилувчиларга кўра¸Ўзбекистонда босма нашрлардан тортиб интернетдаги блогларгача ҳукуматнинг қаттиқ назорати остида қолмоқда.

Янги йилнинг илк кунларидан Ўзбекистон ҳукумати оммавий ахборот воситалари ва мустақил журналистларни бирма бир чиғириқдан ўтказишни бошлади. Мустақил кузатувчилар¸ бу ҳаракатнинг эркин матбуот қолдиқларини ҳам йўқ қилишга қаратилганини айтмоқдалар.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида бир қанча жиддий кадр ўзгаришлари рўй берди. Бир ҳафтанинг орасида мустақил деб аталадиган “Ҳуррият” газетасининг бош муҳаррири Абдурасул Жумақулов ва унинг ўринбосари Ҳосил Каримов ишдан бўшатилди, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев нафақага чиқарилди, Ўзбекистон мустақил матбуот нашрлари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш жамоатчилик фонди директори Жамолиддин Ҳакимов ишдан олинди.

Бундан бир неча муддат олдин эса, ўқитувчилар газетаси “Маърифат”нинг бош муҳаррири Ҳалим Саидов ва Ўзбекистон президенти девонидаги ОАВ билан ишлаш бўлими ходими Фатҳиддин Муҳиддинов ҳам ўз вазифаларидан четлатилган эди.

Мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов фикрича, бу ўзгаришлар остида сўз эркинлиги билан боғлиқ масала туради. Зеро, "Ҳуррият" газетасининг бош муҳаррири Абдурасул Жумақулов муҳаррирлиги даврида газета тиражи яқин 20 мингга етган бўлса ҳам, ҳукуматга ёқмайдиган баъзи мақолаларнинг газетада чоп этилиши бош муҳаррир ва унинг ўринбосарининг ишдан бўшатилишига сабаб бўлди, дейди Абдураҳмон Ташанов.

- Албатта, битта сабаб кўрсатиш қийин. Масалан мен, "Ҳуррият" газетасида узоқ йиллар ишлаган журналист сифатида айтишим мумкин¸ газета тарихида Абдурасул Жуамқуловдай газета тиражини юқорига кўтара олган муҳаррир ҳали келмаган эди. Газетанинг ўзига хос манфий томонлари ҳам бўлган. Эсда қоларли жиҳати, улар қўрқмасдан танқидий мақолаларни ҳам бераëтган эди. Масалан, ўтган йилнинг 12 августдаги “Солиқчи нега айбдорга айланди?” деган жуда ҳам жиддий мақола чоп қилинган эди. Бу Самарқанд вилояти¸ Пастдарғом туманидаги катта солиқ инспекторининг коррупцион доиралар билан кураши натижасида жавобгарликка тортилгани ва унинг каръераси сингани ҳақида эди. Газета мана шу солиқчини ҳимоя қилиб чиққан эди. Афсуски¸ ҳозир газета мухбирининг ва солиқчининг устидан Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси¸ яъни газета орқали туҳмат қилиш билан айбланиб¸ янги йил арафасида солиқчи қамоққа олинди. Мақолани ëзган Аъзам Рустам дегани ҳам қайсидир идораларда жавоб бериб юрган эмиш. "Ҳуррият" таҳририяти мана шу мақоланинг орқасидан жуда қаттиқ гап эшитганини¸ республика прокуратураси газетани қаттиқ текширганини мен яхши биламан¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Абдураҳмон Ташанов тилга олган “Солиқчи нега айбдорга айланди?” мақоласи қаҳрамони, солиқ инспекцияси ходими Акбар Исломовга газета орқали туҳмат қилиш айби ҳам қўйилган. Акбар Исломовнинг ўғли Абдулла эса "Ҳуррият" газетаси унинг отасини ҳимоя қилганини айтади.

Абдулла: Бу мақоладаги ҳамма нарса тўғри¸ лекин ҳозир замон нотўғри. Обший қозондай бир гап бўлиб қолди. Ҳамма нарсани тайëрлаб¸ дадамнинг бўйнига шундай осиб қўйдида.

Озодлик: Сизнинг дадангизни ҳимоя қилган "Ҳуррият" газетаси тўғри ҳимоя қилганмиди?

- 100 фоиз тўғри ҳимоя қилган эди. Дадамни ҳозир булар “Шундай ëзув-чизув қилмасин” деб қамаб қўяяпти. 228-модданинг биринчи¸ иккинчи қисми¸ 139-модданинг биринчи қисми билан айблаб қамоққа ташлаяпти¸ дейди Абдулла.

“Ҳуррият” газетаси ходимлари эса бош муҳаррир ва унинг ўринбосарининг нима сбабдан ишдан бўшатилгани ҳақида муносабат билдирмасликни маъқул билишди.

“Ҳуррият” газетаси журналист Карим Баҳриев томонидан Ўзбекистонда илк ташкил этилган мустақил газеталардан бири эди. Абдураҳмон Ташанов фикрича, гарчи бу газета мустақил деб аталсада, лекин ўтган йиллар давомида ўз исмига мос ҳурриятга талпинган газета муҳаррирлари¸ ҳар сафар эркин руҳдаги мақолалар газета юзини кўриши билан¸ алмаштирилаверарди.

- Биринчи бош муҳаррир журналист Карим Баҳриев “Қора икра емаган журналист” деган танқидий мақола¸ телевидениени қаттиқ танқидлари учун газета бирданига оммалашиб кетди. Ўша пайтда у 5- сондан бошлаб ишдан олинди. Ундан кейин Хуршид Дўстмуҳаммад. Хуршид аканинг даврида уни олмоқчи бўлишди. Жуда катта арбоб бўлгани учун танқидларни бостириб юрди. Охири барибир бўлмади. Ундан кейин Амирқул Каримов келди. Амирқул Каримов Қозоғистонда мусурхонада ўзбек болаларининг қимматбаҳо рудаларни териб тирикчилик қилаëтгани тўғрисида “Тирикчилик” деган мақола берган эди. Ўша мақоладан кейин ишдан олинди. Ундан кейин Исмат Худоëров қўйилди. Исмат Худоëров ўзига яраша эҳтиëткор¸ ҳушëр одам эди. Лекин барибир газетанинг руҳи бор эдида. Таҳририят ходимларининг қандайдир руҳи бор эди. Барибир у ҳам эплай олмади. Ҳар хил мақолалар чиқиб кетаверди. Фақат муҳаррирга боғлиқ эмасда¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Республикадаги атоқли газеталардан бири бўлган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев нафақага чиқарилиб, унинг ўрнига “Туркистон-пресс” нодавлат ахборот агентлиги Бош директори бўлиб ишлаб келган Саъдулла Ҳакимов тайинланди. Абудраҳмон Ташанов фикрича, бу шахснинг бош муҳаррирлиги остида газетада ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди.

Бироқ ўзбекистонлик таниқли журналист Шароф Убайдуллаев Саъдулла Ҳаким, бу газетани бир пайтлар бўлганидек, “туғ” даражасига кўтаришига умид билдиради:

- Менинг назаримда “Ўзбекистон адабиëти ва санъати” газетасида ўзгариш бўлишининг ўзи зарурат. Эҳтиëжга¸ миллатнинг эҳтиëжига айланган. 80-йилларда Асқад Мухтор бошчилигида бу газета миллат байроғига айланган бўлса¸ ундан бу байроқни Одил Ëқубов қабул қилган эди. Одил Ëқубов бу газетани миллатнинг туғига айлантирди. Бу газетани миллатнинг туғи сифатида Аҳмаджон қабул қилган эди. Аҳмаджон Мелибоев хафа бўлмасин¸ мен унинг ўзига ҳам¸ юзига ҳам илгари бир неча марта айтганман¸ бу нашриëтдан чиққан ношир йигит қанча президент аппаратида¸ марказқўмда¸ ишлади¸ топшириқларни бажариб юрди. Аммо “Ўзбекистон адабиëти ва санъати” газетасини туғ даражасидан лой даражасига олиб тушди. Инсондан излайверса хатолар топиш мумкин¸ лекин Саъдулла Ҳаким талантли журналист¸ талантли шоир. Албатта¸ бугунги журналистиканинг муҳити ўзини намоëн эта оладиган минбарга¸ майдонга эга эмас. Лекин шунда қарамай¸ мен ўйлайман¸ “Ўзбекистон адабиëти ва санъати” орқага қараб кетмайди. Олдинга кетиши мумкин. Бунга Саъдулла Ҳакимда жамики кучлар¸ иқтидорлар¸ етарли тажриба бор. Бундан умид қиламиз¸ дейди Шароф Убайдуллаев.

Мустақил журналистлар ва дунёдаги халқаро ташкилотлар Ўзбекистонни сўз эркинлиги аёвсиз бўғилган мамлакат сифатида эътироф этадилар. Улар фикрича, Ўзбекистонда гарчи цензура расман бекор қилинган бўлса-да, бироқ барча ОАВ ҳукумат томонидан қаттиқ назорат қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG