Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:53

"Аҳолининг турмуш даражаси пастлигича қолмоқда"


Тожикистон расмийлари мамлакатда қашшоқлик даражаси пасайгани, турли соҳаларда ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини қайд этмоқдалар. Аммо, маҳаллий кузатувчиларга кўра, бу маълумотлар Тожикистондаги реал воқеликни акс эттирмайди.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Тожикистон аҳолиси 18 йилдан буён чет ўлкалар иқтисодий ёрдами туфайлигина турмуш кечирмоқда. Жумладан, БМТ Тараққиёт дастури орқали туманларда амалга оширилган лойиҳалар ўз самарасини бераяпти. Бу лойиҳалар туфайли одамларнинг даромад манбаини кўпайтиришда аҳолининг ҳимояланмаган қатламини бирлаштириш, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик самарадорлигини ошириш, ишсиз одамларни маҳаллий лойиҳаларга жалб қилишда маълум кўрсаткичларга эришилди. Шунингдек, мамлакатда иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданият ва истироҳат каби қатор масалаларда ижобий ўзгаришлар бор.

Тожикистонда Халқаро ташкилотлар лойиҳалари билан қамраб олинмаган жабҳаларда аҳвол қандай? Республикада бошқа соҳалар қандай ривожланмоқда? Бу соҳалар расмий маълумотларда қандай акс этмоқда?

Нуфузли “International Living” Халқаро журналининг аҳоли турмуш даражаси бўйича рўйхатида Тожикистон 194 давлат орасида 134-ўринни эгаллаган.

БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бўйича бошқармаси ҳисоботларида ёзилишича, Тожикистонда 2009 йилда 600 мингдан ортиқ киши озиқ-овқат танқислигига дучор бўлган. Мамлакатда қатор жабҳаларда ҳали ҳам катта муаммолар мавжуд.

Бироқ, Тожикистон Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатда қашшоқлик даражаси 70 фоиздан 50 фоизга камайган. Иқтисодиёт, аввалги йилларга қараганда, 15 фоизга кўтарилган. Соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданият, туризм ва умуман бошқа соҳаларда ҳам ўсиш кузатилмоқда.

Сўғд вилоят статистика бошқармасининг берган маълумотида кўрсатилишича, вилоятда ўртача маош ўтган йилларга нисбатан 30 фоизга ошган. Ўртача ойлик 200 сомоний ёки тақрибан 45 долларга етган. Саноат молларини ишлаб чиқариш ҳажми 104 фоизга бажарилган. Соғлиқни сақлаш, маданият, маориф, туризм соҳалари йил сайин ривожланиб бормоқда. Вилоятда 30 дан ортиқ мустақил электрон оммавий ахборот воситалари, 20 та мустақил газета мавжуд.

Айни пайтда сўғдликлар орасида вилоят статистика бошқармаси тақдим этган бу маълумотларга шубҳа билан қаровчи кишилар ҳам анчагина. Улардан бири Тожикистон Демократик партияси аъзоси Абдураҳмон Исроиловдир.

- Мен бу рақамларга ишонмайман. Масалан, маошларни олсак. Ойликлар ошаяпти, лекин аҳоли турмуш даражаси пастлигича қолмоқда. Чунки бугунги истеъмол саватчасига назар ташласангиз, ҳаммаси аён бўлади. Оширилган ойликни бозор нархалари билан солиштирсак, озиқ-овқат маҳсулотлари маошга нисбатан уч тўрт мартта кўтарилди. Одамларнинг дам олиш ёки соғлигини тиклаш учун пули йўқ. Шундай экан, бу соҳалар ниманинг ҳисобидан ривожланиши мумкин. Бироқ бирорта ОАВ мана шу муаммоларга боғлиқ бирорта таҳлилий мақола чоп қилмаяпти, дейди Абдураҳмон Исроилов.

Тожикистон Демократик партияси вакили фикрича, Тожикистонда ҳозир фақат икки табақа - бойлар ва қашшоқлар қолди. Шу важдан статистика бошқармаси томонидан тақдим этилмиш “Тожикистонда ўртача маош 45 доллар” экани ҳақидаги маълумотлар аҳоли реал турмушини акс эттира олмайди.

- Агар энг кўп ва энг кам маош олаётганларнинг ойликлари фарқи ҳисобланса, ҳукумат келтирган рақамлар келиб чиқиши мумкин. Лекин аҳолининг аксарият қисми маоши бу кўрсаткичларга тўғри келмайди. Шўролар даврида ҳам, умуман бошқа жамиятда ҳам ўртача ойлик ўрта табақанинг маоши билан белгиланади. Тожикистонда эса ўрта табақа йўқ ҳисоби. Бугун оммавий ахборот воситалари мамлакатда бошқа муаммо йўқдек, асосан, Роғун ГЭСи акцияларини сотилишига боғлиқ тадбирлар ҳақидагина ёзмоқда, дейди Абдураҳмон Исроилов.

Таҳлилчи Ботир Қобиловнинг фикрича, мамлакатда яккаҳокимлик мавжуд экан, иқтисодий жиҳатдан эркин турмуш ҳақида ҳам, сўз эркинлиги ҳақида ҳам гапиришга эрта.

- Бугун наинки қашшоқликни камайтириш, балки барча соҳаларни ривожлантириш имкониятлари бор. Бунинг учун чет эл инвестицияларини жалб қилиш керак. Жалб қилганда ҳам, мана шу лойиҳаларда тожикистонликлар иштирок этишини таъминлаш лозим. Бугун биргина вилоят йўл қурилиши ишларида икки мингдан зиёд хитойлик меҳнат қилмоқда. Шу қурилишларда тожикистонликлар ишласа бўлади-ку? Ёки соғлиқни тиклайдиган курортлар, ҳордиқ чиқарадиган масканларни олсак. Давлатда бу соҳани ривожлантириш учун маблағ йўқ. Шундай экан, бу иншоотларни одамларга сотиш керак, ана шундагина ривожланиш бўлади, дейди Ботир Қобилов.
XS
SM
MD
LG