Линклар

logo-print

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган хабарларга кўра, айни пайтда мамлакатда силга чалинмиш 6 минг киши расман қайдга олинган. Норасмий маълумотларда эса бу кўрсаткич уч-тўрт баробар кўплиги айтилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги икки йил давомида бу мамлакатнинг 500 дан ортиқ фуқароси силдан вафот этган. Расмийлар таъкидича, силга чалиниш Тожикистоннинг Кўлоб минтақасида кўпроқ кузатилади.

Шўро замонидан бу касалликнинг олдини олиш ва уни даволашга алоҳида эътибор қаратилган эса-да, бу ҳудудда сил илдизи қуримади. Аксинча бутун бошли оилаларни дунёдан олиб кетган сил хасталиги Тожикистон жанубидан, аниқроғи, Кўлобнинг Восеъ туманидан мамлакатнинг барча ҳудудларига кенг тарқала бошлади.

Тожикистон ҳукумати бундан беш йил аввал силга қарши кураш миллий дастурини йўлга қўйган эди. Кузатувчиларга кўра, ҳукумат ва Соғлиқни сақлаш халқаро ташкилоти сўнгги беш йил давомида силга чалинганларни даволаш ва бу касалликнинг аҳоли орасида кенг тарқалиши олдини олиш учун қатор чора-тадбирларни қўллаётганига қарамай, тожик жамиятида силга чалинганлар сони ортиб бормоқда.

Расмийларга кўра, мамлакатда силнинг кенг тарқалишидаги асосий омил бу энг аввало аҳолининг тиббий саводсизлиги бўлса, иккинчи томондан меҳнат муҳожирлигидан қайтган тожикистонликларнинг шу касалликни ичкарига олиб кираётгани экан.

Мавзу яқиндан ўрганиш мақсадида Душанбе шаҳрига туташ Ваҳдат туманидаги Мачитон касалхонасига йўл олдик. Маълум бўлишича, бу ерда даволанаётган беморларнинг кўпчилигини Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлиб қайтган ёшлар ташкил қилади.

- Беш йил Москва шаҳрида ишладим. Вагон юклардик. Соат эрталабки 9 дан кечки 9 гача ишлардик. Биз кўпчилик эдик, ҳаммамиз шароити унчалик яхши бўлмаган ётоқхонада яшардик. Сўнгги пайтлар борган сари қувватсизланиб, оёқларим қақшайдиган бўлиб қолди, дейди Жиликўл туманидан Россияга ризқ ахтариб борган Шамшод исмли суҳбатдош.

Ватанига қайтиб, тиббий кўрикдан ўтгач, силга чалинганидан хабар топган бу йигитнинг ягона орзуси бутунлай соғайиб кетиш экан.

Мачитон касалхонаси бош врачи Сайидаҳтам Рустамов бу ерда даволанаётган 180 яқин беморнинг тузалиб кетиши учун барча шарт-шароит муҳайёлигини маълум қилди.

- Республикада ягона бу касалхона 1964 йилда ишга туширилиб, 2008 йилгача бирор марта таъмирланмаганди. Беморларни ташхисдан ўтказиш ва даволаш учун етарли шароитимиз ҳам йўқ эди. Аммо ўтган йили Германия тараққиёт банки кўмагида касалхонамиз умумий таъмирдан чиқарилди. Беморларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш учун замонавий техник ускуналар билан жиҳозланди. Ҳозир эса беморлар учун ҳамма шароит муҳайё, деди Сайидаҳтам Рустамов.

Мачитон касалхонаси бош шифокори беморларга барча турдаги дори-дармонлар Халқаро Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисобидан текин берилаётганини билдирди.

Аммо Хатлон вилоятининг Москва туманидан келиб даволанаётган Садора хола ҳамма дорилар ҳам шифохона томонидан берилмаётганини айтади.

- Бу ерда даволаш усули аввалги йиллардагидан анча яхши йўлга қўйилган. Худога шукур, мана икки ой давомида анча соғайдим. Лекин томирга чаккилатиб юбориладиган дориларни ўзимиз оламиз. Шифокорларнинг айтишича, бу дори бу ерларда топилмас экан. Ўғилларим шаҳар аптекаларидан олиб келишади, дейди бемор.

Суҳбатдошимиз сил касалига чалинишининг сабабини оиладаги иқтисодий, ижтимоий аҳволнинг ёмонлигида, деб билади. Унинг гапига қараганда, оилада ўзидан ташқари яна икки келини ҳам айнан шу дардга чалинган экан. Суҳбат давомида Садора хола келинлари уй шароитида даволанаётганларини қистириб ўтди.

Мачитон касалхонаси ҳамшираси Аслия ҳам тожик жамиятида кенг тарқалаётган сил касали ижтимоий касаллик эканига оид фикрларни қувватлар экан, аксарият оилалар маблағ муаммоси важидан касални уй шароитида даволаётгани натижасида силга чалинганлар сони тобора ортаётганидан ташвишдалигини айтди.

- Республика чекка туманларидан келиб даволанаётган беморларнинг яқинлари ҳар кун хабар олиш, унга егулик ташишдан қийналишади. Шу туфайли бемор бутунлай шифо топиб кетмасдан, уни уйга олиб кетиб даволаш ҳаракатида бўлишади. Натижада келгуси йил шу оиладан яна икки, баъзида уч киши силга чалингани аниқланади. Мана шу тариқа республикамизда сил билан оғриганлар кўпайиб бормоқда, дейди Аслия.

Ҳамшира тожик жамиятида сил касаллигининг кенг тарқалиши олдини олиш йўлида мамлакат аҳолиси ҳам ҳукумат ва халқаро ташкилотларга астойдил ёрдам бериши лозим, дея мулоҳаза билдиради.
XS
SM
MD
LG