Линклар

Қозоқ расмийлари ўз учувчиларини қутқариш ҳаракатида


Қозоғистонлик учувчилар бошқарган самолёт ноқонуний қурол ташиганлик айблови билан 12 декабр куни Бангкок аэропортида ушлаб қолинганди.

Қозоғистонлик учувчилар бошқарган самолёт ноқонуний қурол ташиганлик айблови билан 12 декабр куни Бангкок аэропортида ушлаб қолинганди.

Бангкок қамоқхонасида сақланаётган 4 нафар қозоғистонлик учувчи иши бўйича суриштирувлар давом этмоқда. Бу ҳақда Озодликка Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Илёс Умаров маълум қилди.

- 6 январ маҳкама мажлиси бўлиб ўтди. Унда терговни ниҳоясига етказиш учун яна 12 кун муҳлат берилди. Кейинги маҳкама мажлиси 18 январ куни бўлиб ўтади. 8 январ куни сўроқ бўлиб ўтди, деди матбуот котиби.

Эслатиб ўтамиз, 12 декабр куни Шимолий Кореядан Украинага келаётган Ил-76 самолёти Бангкокнинг Дон Мианг аэропортида ёқилғи қуйиш учун тўхтаган пайтида ушлаб қолинганди. Ўшанда 40 тоннадан зиёд қурол-аслаҳа ортилгани айтилаётган самолёт учувчилари бўлмиш бир Белорус фуқароси ҳамда 4 нафар қозоғистонлик Бангкок полицияси томонидан ҳибсга олинганди. Расмий Остонанинг ўз фуқароларини товон пули эвазига озод қилиш илтимосига Таиланд ҳукумати рад жавоб берди.

Суриштирув натижаларига кўра, учувчилар самолёт бортида қурол-аслаҳа борлигидан ва юкка ким томонидан буюртма берилганидан хабарлари бўлмаганини айтганлар. Баъзи хорижий ОАВ ларининг хабар қилишича, ИЛ-76 самолети Грузиядаги Air West Georgia Ltd. шахсий компаниясига тегишли бўлиб, қозоғистонлик ва белоруслик учувчилар самолетдаги юкни Шимолий Кореядан Украинага олиб келиш учун ёлланганлар.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Илёс Умаров Бангкок қамоқхонасида сақланаётган қозоқ учувчилари билан боғлиқ ишни Таиланддаги Қозоғистон дипломатик миссияси вакиллари кузатиб бораётганларини маълум қилди.

Унинг айтишича, қозоқ учувчилари устидан сўроқ жараёни Таиланддаги Қозоғистон элчихонаси ходимлари иштирокида бўлиб ўтади.

- Учувчиларимизни таиландлик адвокатлар ҳимоя қиладилар. Улар тай қонунчилигидан яхши хабардорлар. Адвокатлар инглиз тилида яхши сўзлаша оладилар, учувчиларимиз ҳам инглиз тилида яхши гаплашишади. Бизнинг Таиланддаги элчихонамиз ҳам бу иш юзасидан иш олиб бормоқда, деди Илёс Умаров.

Аввалроқ Қозоғистон транспорт вазирлиги қошидаги фуқаролик авиация қўмитаси аслида ҳар бир учувчи халқаро сертификатга эга эканлиги ва уларни исталган хориж авиаширкати ишга ёллашга ҳақли эканини билдирганди. Айни пайтда, кузатувчилар фикрича, халқаро қонунчиликка мувофиқ учувчилар самолет бортига ортилган юкдан хабардор ҳам бўлмасликлари мумкин ва шу сабабли уларни бу иш юзасидан жиноий жавобгарликка тортиб бўлмайди.

Ҳозирда Таиланд қамоқхонасида сақланаётган қозоқ учувчиларининг қариндошлари президент Нурсултон Назарбоев ва мамлакат бош вазири Карим Масимовга хорижий ўлка қамоқхонасида сақланаётган Қозоғистон фуқароларининг ҳимояси учун ёрдам беришларини сўраб очиқ хат йўлладилар. Таиланд қамоқхонасида сақланаётган қозоқ учувчиси Илёс Исақовнинг қизи Наталья Исақова гапиради.

- Биз бошқаларга нисбатан анча кам маълумотга эгамиз. Сабаби биз яқинларимиз билан боғлана олмаяпмиз. Биз президент ва бош вазирга хат йўллаб, улардан учувчиларимизга ёрдам беришларини сўраяпмиз. Ҳозирча йўллаган хатимизга жавоб олганимиз йўқ, аммо яхшиликка умид қилаяпмиз, деди учувчининг қизи.

Маълум бўлишича, Қозоғистон омбудсмени Таиланддаги ҳамкасбига хат йўллаб, Бангкок қамоқхонасида сақланаётган қозоқ учувчиларининг иши халқаро қонун меъёрлари доирасида кўриб чиқилишига кўмак беришини сўраган.

- Қозоғистон омбудсмени Асқар Шакиров Таиланд омбудсменига хат ёзишни лозим топди. Ўз хатида қозоқ омбудсмени қозоғистонлик учувчилар иши гуманизм ва инсон ҳуқуқларига риоя қилинган ҳолда кўриб чиқилишини сўради. Биз Таиланд омбудсмени бу масаланинг одилона ҳал қилиниши учун ўз таъсиридан фойдаланишига умид қилмоқдамиз. Ҳозирча йўллаган хатимизга жавоб келгани йўқ, сабаби бу осон иш эмас, деди Қозоғистон омбудсмени ўринбосари Вячеслав Колюжний.

Қўшимча қилиш жоизки, Қозоғистон аввал ҳам Шимолий Кореяга қурол-аслаҳа етказиб бериш билан боғлиқ можарога аралашиб қолганди. 1999 йилда Қозоғистон Шимолий Кореяга бир неча қирувчи самолёт сотгани аниқланганди. Пировардида мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Нуртай Абикаев ва мудофаа вазири Мухтар Алтинбаев бир муддатга истеъфога чиқарилгандилар. Ўша амалиётнинг асосий ижрочилари енгил жазо билан қутулгандилар.
XS
SM
MD
LG