Линклар

Африкадаги энг кучли футбол жамоалари ўзаро куч синашадиган турнирда Того терма жамоаси иштирок этмайдиган бўлди. Бунга Того спортчиларининг Анголада айирмачилар ҳужумига учраши сабаб бўлди.

10 январ куни Ангола пойтахти Луанда шаҳрида ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиладиган футбол бўйича Африка кубоги баҳсларига старт берилади ва турнирнинг дастлабки баҳсида Ангола терма жамоаси Мали терма жамоасига қарши майдонга тушади.

Бироқ 8 январ куни ушбу турнир иштирокчиларидан бири Того терма жамоасининг Анголада қуролли ҳужумга учраши ушбу жамоанинг Африка кубоги баҳсларидаги иштирокини савол остига қўйди.

Того терма жамоаси кетаётган автобус жума куни Анголанинг Кабинда вилоятида айирмачилар ҳужумига учради.

Бу ҳужумда терма жамоа бош муррабийи ёрдамчиси, терма жамоа матбуот вакили ва автобус ҳайдовчиси нобуд бўлди. Камида етти киши, жумладан, миллий терма жамоа ўйинчиси тан жароҳати олди.

Бу ҳужум учун масъулиятни Кабинда вилояти мустақиллиги учун кураш олиб бораётган маҳаллий айирмачилар гуруҳи ўз зиммасига олди.

Мазкур воқедан сўнг Того терма жамоасининг Африка қитъасида ўтказиладиган нуфузли турнирда иштирок этиш-этмаслиги савол остида қолаётган эди.

Того бош вазири Жилбер Унгбо мамлакат терма жамоаси ўйинчиларидан Анголада бошланаётган Африка кубогида иштирок этмаслик ва зудлик билан ўз ватанига қайтишни талаб қилди.

- Агар жамоа ёки кимдир Того байроғи остида турнирнинг очилишида ёки бирон бир баҳсда иштирок этгудек бўлса, аниқ қилиб айтмоқчиманки, бу Того миллий терма жамоаси бўлмайди, деди бош вазир.

Того бош вазири, шунингдек, Африка футбол конфедерацияси ва Ангола ҳукуматини спортчилар хавфсизлигини таъминлай олмаганликда айблади.

Бош вазирнинг ушбу баёнотидан бир неча соат ўтиб миллий терма жамоа сардори, Англиянинг таниқли Манчестер Сити клуби ҳужумчиси Эмануэл Адебайёр тоголик футболчиларнинг Анголани тарк этишини эълон қилди.

Бундан бир оз аввал бир қатор ахборот агентликлари Того футболчиларига таяниб, тоголик спортчилар қурбон бўлган дўстлари хотираси учун ҳам мазкур турнирда иштирок этишга қарор қилганликлари тўғрисида хабар тарқатган эди.

Бундан ташқари, Африка кубоги ташкилотчилари матбуот вакили Кодзо Самлан ҳам тоголик футболчилар турнирда иштирок этишини тасдиқлаганини ҳам билдирган эди.

9 январ куни эса маҳаллий телевидение орқали чиқиш қилган Ангола Спорт вазири жума куни рўй берган нохуш ҳодисага қарамай, нуфузли турнир режага мувофиқ ўтказилишини билдирди.
XS
SM
MD
LG