Линклар

Хорватия президент сайлади


Хорватиялик сайловчиларнинг 60,3 фоиз овозини қозонолган Йосипович мамлакат иқтисодиётини ўнглаш ва коррупцияга қарши аёвсиз кураш олиб боришга ваъда берди.

Хорватиялик сайловчиларнинг 60,3 фоиз овозини қозонолган Йосипович мамлакат иқтисодиётини ўнглаш ва коррупцияга қарши аёвсиз кураш олиб боришга ваъда берди.

Хорватияда 10 январ куни ўтказилган иккинчи давра президентлик сайловида мухолифатдаги социал-демократлар партиясидан номзоди илгари сурилган Иво Йосипович ғалаба қозонди.МСК хулосасига кўра, Йосипович сайловчиларнинг 60.3 фоиз овозини қозонган.

Йосиповичнинг рақиби, Загреб шаҳри ҳокими Милан Бандич эса, Хорватия Марказий сайлов комиссияси хулосасига мувофиқ, овозларнинг 39.7 фоизини тўплаган.

27 декабр кунги президентлик сайловида номзодлардан ҳеч бири сайловчиларнинг 50 фоизидан кўпроқ овозини қозона олмагани боис сайлов қайта ўтказилди.

Якшанба куни ўз тарафдорлари олдида қилган чиқишида Иво Йосипович: "Президентлик сайлови пойгасида қатнашиш мен учун шараф ва мен сайловнинг биринчи босқичида мени қўллаган барча сайловчиларга миннатдорчилик билдираман", деди.

Ислоҳотлар тарафдори бўлган ва мамлакатда коррупцияга қарши жадал кураш олиб боришни ваъда қилаётган ҳуқуқшунос-профессор Иво Йосипович Хорватияда иккинчи беш йиллик президентлик муддати тугаётган Стипе Месич ўрнини эгаллайди.

Хорватияда президент кенг ваколатларга эга эмас.

Лекин янги президент олдида Хорватиянинг Европа Иттифоқига аъзолиги бўйича музокаралар олиб бориш ва мамлакатни иқтисодий бўҳрондан олиб чиқиш каби муҳим вазифалар турибди.

Президентлик тарғиботи давомида Иво Йосипович Хорватия унинг президентлиги даврида Европа Иттифоқига аъзо бўлиши, мамлакатда илдиз отган коррупцияга қарши астойдил курашилажаги ва иқтисодиёт кўтарилишини ваъда қилган.

Шунингдек, Йосиповия Хорватия Европа Иттифоқига аъзо бўлиши кутилаётган 2012 йилга қадар коррупцияга чек қўйишини билдирган.

Мамлакатдаги иқтисодий вазиятга келсак, 2009 йилда ички ялпи маҳсулоти 6 фоизга камайди, ишсизлик эса 16 фоизни ташкил этади.
XS
SM
MD
LG