Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:46

Тожикистонда коррупция йил сайин кучаймоқда


Тожикистонлик таҳлилчиларнинг айтишларича, коррупцияга қарши курашга ҳуқуқ-тартибот ходимларидан тортиб Президент ҳузуридаги махсус идораларгача жалб этилган бўлса-да, ҳозирча бу ишлар ижобий самара бермаяпти.

Тожикистонда ер масаласи жуда жиддий муаммо ҳисобланади. Чунки мамлакат ҳудудининг 93 фоизини тоғли жойлар ташкил этади. Балки шунинг учундир, Сўғд вилояти прокуратураси ходимлари фикрича, ер тақсимловчи тизимлар энг коррупциялашган идоралар ҳисобланади. Сўғд вилоят прокурори ўринбосари Музаффар Бокиевнинг айтишича, жорий йил бошида бир қатор мансабдор шахслар коррупцияда айбланиб, қўлга олинган.

- Хўжанд, Бобожон Ғафуров, Панжакент, Конибодом, Жаббор Расулов шаҳар ва туман ҳукуматларида раҳбарлик лавозимида ишловчи шахслар, Бобожон Ғафуров туманидаги Домулло Азизов номли хўжалик касаба уюшмаси раиси Илҳом Ваҳобиддинов, Саидхўжа Ўринхўжаев номли ҳиссадорлик жамияти раиси Абдуҳолиқ Бобожоновлар катта миқдорда пора олганлик айби билан қўлга олинган, дейди Музаффар Бокиев.

Расмийнинг айтишича, мазкур раҳбар шахслар ўз хизмат мансабларини суиистеъмол қилган ҳолда, фуқароларга қарийб 900 гектар ерни 1,5 миллион АҚШ доллари эвазига хўжалик ерлари ҳисобидан ажратиб берганлар. Ҳозир бу шахслар устидан жиноий иш қўзғатилган бўлиб, мазкур ҳодисалар юзасидан тергов-суриштирув ишлари давом этмокда.

Таҳлилчи Пўлат Умаров фикрича, ер тақсимлашда пора олганликда айблаб, бир-иккита раҳбарни қамоққа олиш билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди.

- Бугун давлат ерга муҳтож одамларнинг эҳтиёжини қондириш борасида аниқ бир дастурга эга бўлиши керак. Масалан, вилоятнинг бир қанча туманларида бекор ётган ерлар кўп. Ана ўша ерларни ўзлаштириш ва одамларга тақсимлаб бериш лозим. Бу ҳам ер тақсимлашдаги порахўрликни йўқотишда катта ёрдам беради, дейди Пўлат Умаров.

Сўғд вилоят прокуратурасидан олинган маълумотларга кўра, 2009 йил давомида ҳукумат идораларидан бошлаб то олий ўқув юрти ўқитувчиларигача, мактаблардан тортиб ҳуқуқни муҳофаза этиш идоралари ходимларигача пора олганликда айбланганлар.

- Афсуски, коррупцияга оид жиноятларнинг аксарияти мансабдор шахслар ва тартиб посбонлари томонидан содир этилаяпти, дейди вилоят прокурори ўринбосари Муҳаббат Уринова.

Кузатувчилар фикрича, мансаби юқори, лекин оладиган маоши тушликка ҳам етмайдиган раҳбар ходимнинг ўзини порахўрликдан тийиши камдан-кам учрайдиган ҳодиса. Тожикистон социал-демократик партияси раиси Раҳматулла Зоиров сўзларига кўра, асосий коррупционерлар юқори лавозимларни эгаллаб турибди. Республика ҳукумати ва куч ишлатиш салоҳиятига эга тизимларга ҳеч кимнинг кучи етмайди.

- “Тожикистонда коррупция борми ёки йўқми?” деган саволга фақат битта жавоб бор ва бунга шак-шубҳа йўқ. Айтиш керакки, республикадаги коррупция йил сайин аждаҳодан динозаврга айланаяпти. Мамлакатда коррупцияни йўқ қилиб бўладими ёки йўқми? Бу муаммо давлат системасининг идора қилинишига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Агар биз тизим назоратини таъминлай олмасак, коррупцияни йўқотиб бўлмайди. Даҳшатлиси шундаки, мансабдор шахслар - улар эса камида 60 фоизни ташкил этади - коррупциянинг бевосита субъекти бўлиб қолган, дейди Раҳматулла Зоиров.

Журналист Жамолиддин Саидовнинг фикрича эса коррупция илдизлари тамоман бошқа жойда.

- Биз уни қўшма корхоналардан, давлат мулкини хусусийлаштириш идораларидан излашимиз керак. Бу 300, 200 доллар ушлаш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Коррупцияга қарши курашиш учун аввало шунга қарши курашадиган идораларда ислоҳот ўтказиш керак. У ерда ишлайдиган одамларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш керак, токи улар пора олишга мажбур булишмасин, дейди Жамолиддин Саидов.

Сўғд вилоят прокуратураси маълумотларига кўра, вилоятда 2009 йилда 60 дан ортиқ мансабдор шахсларга нисбатан жиноий иш очилган. Уларнинг 7 нафари халқ депутатлари. Ўтган давр ичида коррупционерлардан давлат ҳисобига қарийб 30 миллион АҚШ доллари микдорида маблағ ундирилди, ноқонуний сотилган ва берилган қарийб минг гектар ер давлатга қайтарилди.
XS
SM
MD
LG