Линклар

Эрмак учун битта мушук боласини боқиб олдим. Жайдари мушук.

Сарғимтир, йўл-йўл. Хонаки мушукнинг боласи экан, дарҳол элакишиб кетди. Ҳар куни хизматдан қароргоҳимга қайтган заҳотим миёвлаб оёқларимга суйкалади. Бошини силайман, тиззамга олиб ўйнатаман. Ҳасаналига тайинлаб қўйганман: ман келгунча унга овқат берилмайди; ўзим овқатлантираман, ўзим шампунлаб чўмилтираман. Шу йўсинда эгаси ким эканини таниб-билиб олди. Боғни сайр этгани чиқсам орқамдан эргашиб юради. Кейинги пайтларда жунлари ялтираб, думини тикка қилиб юрадиган бўлган. Семирган. Уни овқатлантириш учун ҳеч қандай қатъий рационга амал қилмайман. Кўпинча холодильникдан сосиска олиб бераман. Сосисканинг пўстини ўзи арчиб ейди. Баъзан пўстлоқни ҳам ютиб юборади; битта учи оёғига ўралашиб қолган пўстлоқни қайт қилиб ошқозонидан чиқариб ташлайди, сўнг қусуғини ялайди. Бундай чоғда кўнглим ағдарилиб кетади, ўхчиб-ўхчиб юзимни тескари буриб оламан.

Боғчамдаги дам олиш жойларига тўп-тўп тоза қум тўкиб қўйилган. Ҳордиқ чиқариб ўтирган пайтимда мушугим қумга бағрини бериб ётади. Заҳартанг қиладиган бўлса, дарҳол қумни кавлайди: манга кетини буриб бўшанади. Қаранг, шу жонивор ҳам уятни билади. Бемалол бўшаниб бўлгач, нажас тўкилган чуқурчанинг устига олд оёқлари билан қум тортиб кичик гумбаз ҳосил қилади. Гумбаз тепасини шиббалайди. Сўнг думини хода-хода қилиб уч-тўрт қадам нари кетади; кўтанини шамоллатгач илкис орқасига қайрилиб гумбазга тикилиб қолади ва аста-аста қадам ташлаб ўзи барпо этган иншоотга яқинлашади. Гумбазни обдон ҳидлаб кўради; тўрт томонига айланиб ўтиб ҳидлайверади. Нима бало, нажасининг ҳиди ўзига ёқиб қолдимикан¸ деб ўйлайман. Аслида, у бадбўй ҳид қай даражада таралаётганини текшириб кўраётган бўлади. Охири меъёридан ортиқ миқдорда бадбўй ҳид чиқаётганига ишонч ҳосил қилади шекилли, яна гумбаз устига қум тортиб, устини эринмасдан шиббалайди.

Нажас ҳидини ташқарига чиқармаслик кераклигини шу мушук бола ҳам билади. Дилмурод Сайид, Ершов, Юсуф Жума каби мустақил журналистлар мушукдан ўрнак олса ўладими?!

Оқшом чоғи электр фонар атрофида тунги қўнғизлар парвона бўлади. Баъзан шишага урилиб тап этиб ерга тушади. Чўнқайиб ўтирганча қўнғизларнинг ағдарилиб тушишини пойлаётган мушукча югуриб бориб ўлжасини битта панжаси билан таппа босади. Аввал уни оёқлари орасида у ёқдан-бу ёққа ирғитиб роса ўйнайди, сўнг ғарч этказиб тишлаб қисир-қисир этказиб чайнаб ютиб юборади. Яна юзимни четга буриб оламан.

Ётадиган пайтимда мушукча ман билан ўйнашмоқчи бўлади. Пижама этагидан тишлаб тортади. Шиппагимни ечиб қўйсам дарҳол ичига кириб олади. «Алифбе» китобида сичқонни қуваман деб этикни кийиб олган мушук сурати бўларди. Инондимки, рассом ҳаёт ҳақиқатини рост акс эттирган экан. Қизиқ, ўша сурат ҳалиям бормикан ёки маҳаллий авторлар томонидан бартараф этилганмикан? Манимча, ўша сурат қолдирилиши керак. Совет давлатининг ёмон томонлари кўп эди, аммо баъзан яхши томонлари ҳам учраб қоларди.

Ҳаёт ҳақиқатини қандай акс эттиришни этик кийган мушук суратини ўхшатиб чизган номаълум рассомдан ўрганиш керак. Ҳақиқат акс эттирилаётганда сих ҳам, кабоб ҳам куймаслиги лозим. Бизга шундай ўртамиёна ҳақиқат зарур. Ўтиш даврининг талаби ҳам, эҳтиёжи ҳам шундай.

Узун калтак топиб учига бир қулоч ип боғладим. Ип учига латта-путтадан муштдек коптокча ясаб маҳкам боғлаб қўйдим. Ҳасанали дарҳол остимга табуретка келтирди. Астойдил ўтириб коптокчани гилам устида аста судрадим, гоҳида уни сапчитиб қўярдим. Дастлаб, бепарво ўтирган мушукчанинг қулоқлари динг бўлди; аста ўрнидан туриб ўзини бошқа нарсага алаҳсираётгандек кўрсатишга ҳаракат қилдию¸ бирдан сапчиб коптокчани таппа босди. Оёғим билан туртиб коптокчани мушук чангалидан ажратиб олдим. Коптокчани баландроқ кўтариб гоҳ-гоҳ мушукчанинг бошига теккизиб ғашини келтирдим. Мушукча уни чангаллаб олишга ҳарчанд уринмасин, лекин тутқич бермадим. Охири бир сакраб коптокчани тишлаб олди. Ман калтакни баланд кўтардим, атрофимда чирпирак этиб айлантира бошладим. Мушукча чангалини бўшатиб юборди, коптокчани тишлаган ҳолатда чир-чир айланаверди. Ҳайрон бўлдим: нега бир сапчиб ерга тушмаяпти? Ахир у илгари ҳеч қачон чирпирак бўлиб айланиб кўрмаган-ку?!

Мушукчани атрофимда айлантиравериб охир-оқибат ўзим чарчадим. Калтакни пасайтириб, мушукчамни гилам устига юмалатиб юбордим: энди у зўр бериб тишларининг орасига кириб қисилиб қолган латта-путтани оғзидан чиқариб ташлашга уринарди. Бечора мушукча атайлаб чир-чир айланмаган, балки тишлари билан тузоққа илиниб қолгани туфайли «айланмачоқ» ўйнаётган экан.
Одам боласи ўзи билиб-билмасдан тузоққа тушиб қолиши мумкин.

Жаноб пайғамбаримиз ҳам мушукнинг бошини силаган экан. Ман ўзимни пайғамбарга тенглаштирмоқчи эмасман, шунчаки эрмак учун мушук боласини боқиб олдим, холос.

Ман мушук боласини эрмак қилиб ҳордиқ чиқаряпман деб ўйласам, аслида, мушукча мани эрмак қилиб вақтини чоғ этади, шекилли.
XS
SM
MD
LG