Линклар

Украинада 17 январ куни президентлик сайлови ўтказилади. Сўнгги сўров натижаларига кўра¸ иқтидордаги президент Виктор Юшченко президентликка даъвогарлар пойгасида рақибларидан ортда қолмоқда.

Президент Юшченко Украинада сайловолди кампанияси сўнгги қизғин паллага кирган айни кезда Лвивда Озодлик мухбирлари билан суҳбатлашди.

Бундан беш йил аввал инқилоб қанотида ҳокимиятга миллий қаҳрамон сифатида келган Юшченконинг ҳозирга келиб мамлакатдаги эътибори тушиб кетди ва сўралган аксар украиналиклар жорий президент бошқарувидан норози эканларини билдирмоқдалар.

Сайловолдидаги сўровларда сўнггги ўринда судралаëтганига қарамай Юшченко¸ ўзининг беш йиллик бошқарувига ютқизиқ деб баҳо бераëтганлар фикрига қўшилмайди.

- Президент сифатида мен ҳеч қачон бошимни эгмайман ва кейинги беш йил давомида қайсидир йўлда мағлубиятга учрадим¸ деб асло айтмайман. Мен Украина халқига у муҳтож бўлган нарсаларнинг барини олиб келдим. Агар халқ буни англаса¸ бу унинг учун нажотдир. Англай олмаса¸ биз Кучма давридаги каби яна 15-20 йилни януковичлар ва тимошенколар билан Кремл лойиҳалари остида ўтказамиз. Бундай қадам оқибатсиз қолмайди¸ дея огоҳлантирди украиналикларни Юшченко сайловлар арафасида.

17 январ кунги президентлик сайловида Юшченконинг бундан беш йил аввалги ашаддий рақиби Виктор Янукович ва унинг "зарғалдоқ инқилоби" давридаги ҳамкори Юлия Тимошенконинг аксар овозларни қозониб¸ етакчилик қилиши кутилмоқда.

Бу иккала сиëсатчи ҳам Юшченконинг Киев ва Москва ўртасига кескин совуқчилик солиб келаëтган ғарбпараст сиëсатидан кескин фарқланувчи сиëсий низом эвазига оддий украиналиклар орасида анча шуҳрат топди.

Озодлик билан суҳбат давомида Юшченко сайловчиларни ўз асосий рақиблари Янукович ва Тимошенкога овоз бериш Украинани қайтадан Россия қарамлигига ташлаш бўлажагидан огоҳлантирди.

- Украина авторитаризмга қайтиш таҳликаси олдида турибди. Чунки Тимошенко ҳам¸ Янукович ҳам Москвада ҳозирланган лойиҳалар асосида иш юритмоқда. Бу лойиҳанинг асосида эса¸ озодлик¸ демократия ва "украинлик"ни тортиб олиш мақсади ëтибди. Бугунги танлов моҳияти жуда оддий – ë кремлпараст бу жуфтлик¸ яъни кремлпарастлик сиëсати ғалаба қозонади ë бўлмаса¸ европапаратс сиëсат устун келади¸ деди Юшченко Озодлик билан суҳбат давомида.

Украинани "зарғалдоқ инқилоби" домига ташлаган аввалги президентлик сайловида Юшченконинг асосий рақиби бўлган собиқ Бош вазир Виктор Янукович¸ мамлакат шарқидаги русийзабон украиналиклар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Юшченконинг собиқ "инқилобдош"и¸ жорий Бош вазир Юлия Тимошенко ҳам¸ мамлакатдаги аксар муаммолар учун Юшченкони¸ унинг аксил-Россия сиëсатини айблаб¸ сайловолди пойгасида ундан сезиларли равишда олдинга чиқди.

Юшченко рақиблари президентни Украинани Ғарб билан¸ ҳам сиëсий-иқтисодий¸ ҳам ҳарбий жиҳатдан яқинлаштириш ваъдасининг муваффақиятсизликка учрагани ва ўзлари ҳокимиятга келса¸ кейинги беш йил давомида совуқлашиб кетган Россия билан муносабатларни яхшилашни айтмоқдалар. Юшченко эса¸ Бош вазир¸ ҳозирда эса¸ президентликка жиддий даъвогар Тимошенко хонимни ислоҳотлар¸ хусусан Ғарб билан интеграция йўлига тўғаноқ бўлганликда айблади.

- Украинанинг бугунги ҳолида Европа иттифоқи учун жуда ҳам жозибали эмаслиги¸ ҳаммага кўриниб турибди. Бу ЕИ нинг эмас¸ балки бизнинг муаммомиздир. Украинда ислоҳотларни фақат Бош вазир амалга ошириши мумкин¸ аммо биз йиллардан бери ислоҳотларсиз яшамоқдамиз. Бугун мамлакат ўз тарихидаги энг катта инқорозни бошдан кечирмоқда. Бунинг сабаби эса¸ ЕИ ëхуд глобал иқтисодий таназзулда эмас. Бўҳрон манбаи Хрушëвский кўчасидаги ҳукумат биносининг 7-қаватида¸ Украина Бош вазири кабинетидадир¸ деди Юшченко.
XS
SM
MD
LG