Линклар

Oxus Gold улушлари Хитойга ўтди

  • Фаррух Юсуфий

Айтилишича¸ Хитой ширкати Қизилқумдаги олтин конларига сармоя ëтқизишни мўлжалламоқда.

Айтилишича¸ Хитой ширкати Қизилқумдаги олтин конларига сармоя ëтқизишни мўлжалламоқда.

Ўзбекистонда олтин қазиш билан шуғулланадиган Британиянинг Oxus Gold ширкати Хитой сармоядорлари консорциумига ўз акцияларининг 185 миллион долларлик катта қисмини сотиш бўйича келишув имзолади.

Oxus Gold ширкати 1998 йилда Ўзбекистон ҳукумати билан “Amantaytau Goldfields” қўшма корхонасини тузиш бўйича келишувни имзолаганидан бери Қизилқумда олтин қазиш билан шуғулланиб келади.

Андижон воқеаларидан кейин, 2006 йилда Ўзбекистон ҳукумати Oxus Gold ва мамлакатдаги олтин конларини ўзлаштириш билан шуғулланиб келган яна бир хорижий ширкат – АҚШнинг Newmont Mining ширкатларини солиқдан бўйин товлаганлик айби билан судга берган эди.

Ўшанда Newmont Mining Ўзбекистон ғазнасига 48 миллион АҚШ доллари миқдоридаги солиқни тўламагани важидан ширкатнинг “Зарафшон-Нюмонт” қўшма кохонасидаги улуши тортиб олинган эди.

Бироқ америкаликлардан фарқли ўлароқ, Oxus Gold ширкати Ўзбекистондаги судда ғолиб чиқди. Бунинг эвазига Британия ширкати президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнорага тегишли экани айтиладиган "Зеромакс" ширкатига 16 фоиз акцияларни хатлаб беришга мажбур бўлган эди.

Душанба куни Oxus Gold ширкати Хитой сармоядорлари консорциуми билан ширкатнинг қарийб 60 фоиз акциялари хитойликларга ўтишини назарда тутадиган, жами 185 миллион АҚШ долларига тенг шартнома имзолаш ниятида эканини эълон қилди.

Oxus Gold масъуллари шартнома Ўзбекистон билан Хитой ҳукуматлари ўртасида келишиб олинмагунича бу масалани изоҳлашдан бош тортди.

Зеромакс ширкати вакили ҳам Oxus Gold нинг катта улуши хитойликларга ўтаётганини изоҳламади.

- Биз матбуотга бу ҳақда ҳеч қандай маълумот бермаймиз, деди Зеромакс вакили.

2006 йилда Ўзбекистон ҳукумати билан Oxus Gold ўртасидаги тортишувларни ёритган журналист, ҳозирда Москвада чиқадиган "Оазис" журналининг бош муҳаррири Дмитрий Аляев, Хитой сармоядорларига ўз акцияларининг назорат пакетини сотишга қарор қилган Британия ширкати ўзи учун бош оғриғига айланган ўзбек проектидан қутилишга ҳаракат қилаётган кўринади, дейди

- Боиси¸ Ўзбекистонда олтин ҳукумат назоратида, тўғрироғи президент Каримовнинг оиласи бу соҳани ўз қўлида ушлаб келади. Олтинни ё Каримовга яқин шахслар ёхуд унинг қариндошлари, хусусан тўнғич қизи Гулнора Каримова назорат қилиб келади. Oxus Gold 2007 йилда маълум миқдордаги акцияларини Гулнорага тегишли бўлган "Зеромакс" ширкатига сотишга мажбур бўлган эди. Энди эса, афтидан Oxus Gold га яна босим ўтказилмоқда ва бу ширкат ҳеч бўлмаса бир нарсали бўлиб қолиш учун ўз акцияларига харидор топган кўринади¸ дейди Дмитрий Аляев.

Акс ҳолда, Каримов оиласи ширкатнинг бор будини тортиб олиши¸ хусусан, АҚШнинг Newmont Mining куни ўз бошига ҳам тушиши мумкинлигини яхши билади, деб давом этади москвалик журналист.

- Яна худди ўша воқеа такрорланаяпти. Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Бу бизнес юритишнинг каримовча усулидир, дейди Дмитрий Аляев.

Oxus Gold 50 фоизига эгалик қиладиган “Amantaytau Goldfields” қўшма корхонаси Қизилқумдаги конлардан олтин қазиб олади. Бундан ташқари, қўшма корхона заҳиралари бўйича жаҳонда тўртинчи ўринда туриши айтиладиган Тяншан тоғлари олтин конларини ўзлаштириш ишларини амалга оширади.

2010 йилда “Amantaytau Goldfields” қўшма корхонасининг йилига қазиб оладиган олтин миқдори 300 минг унция, яъни 9 тоннадан ортиқроқни ташкил этиши башорат қилинаётган эди.

Хитойлик сармоядорлар бераётган пулларнинг ҳам айнан “Amantaytau Goldfields” корхонасининг ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга сарфланиши айтилмоқда.

Хўш, Oxus Gold ширкати акциялари назорат пакетининг хитойликларга ўтиши нимани англатади?

"Оазис" журнали бош муҳаррири Аляев фикрича, бу биринчи навбатда Ўзбекистон президенти оиласи манфаатига жавоб беради.

- Бугун Хитойнинг Ўзбекистон билан йирик лойиҳалари борлигини биласиз, буларга Ўзбекистон орқали ўтадиган Туркманистон-Хитой газ қувурини мисол қилиш мумкин. Oxus Gold акцияларига келсак, 185 миллион долларлик инвестиция Марказий Осиёга миллиардлаб сармояларни ётқизаётган Хитой учун катта пул эмас, менимча, хитойликларнинг олтин соҳасига кўрсатаётган қизиқиши шунчаки Ўзбекистонда яна бир соҳада белги қозиғини қоқиб қўйиш билан баробардир. Улар бу соҳада ўзбеклар илгари сурган ҳар қандай шартга кўнишини, менимча, Ўзбекистон раҳбарияти ҳам яхши тушунади. Oxus Gold га ўз акцияларини хитойликларга сотиш ғояси Ўзбекистон раҳбариятидан келган бўлса ҳам ажабмас. Чунки Ўзбекистон учун хитойликлар билан келишиб олиш осонроқ бўлади, дейди Москвада чиқадиган Оазис журналининг бош муҳаррири Дмитрий Аляев.
XS
SM
MD
LG