Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:43

Эрон парламенти "айбдор"ни топди


Теҳрон собиқ прокурори депутатлар томонидан қонунга хилиф ҳаракат қилганликда айбдор деб топилди.
Теҳрон собиқ прокурори депутатлар томонидан қонунга хилиф ҳаракат қилганликда айбдор деб топилди.

Эрон парламентi комиссияси Теҳрон собиқ прокурори Саид Муртазавийни ўтган йили президентлик сайловларида Маҳмуд Аҳмадинажоднинг сайланишига қарши намойишларда қатнашган камида уч шахс ўлимига жавобгар, деб топди.

Парламент махсус комиссиясининг бу борадаги ҳисоботи 10 январ куни оммага ошкор қилинди. Унда айтилишича, маҳбусларни сақлаш хоналари йўқлигига қарамай Саид Муртазавий аксил-ҳукумат намойишлари чоғида қўлга олинган 147 шахсни Қаҳризак қамоқхонасига юбориш тўғрисида қарор қабул қилган.

-Маҳбуслар ҳеч қандай шароити бўлмаган 70 квадрат мертлик хонада озиқ-овқат ва тиббий ёрдамсиз тўрт кун мобайнида сақланган, дейилади парламент комиссияси ҳисоботида.

Ҳисобот муаллифлари, шунингдек, Саид Муртазавийнинг уч маҳбус, Муҳсин Руҳоламиний, Муҳаммад Камроний ва Амир Жаводифар Қаҳризак қамоқхонасида менингит касалидан ўлди, деган иддаоларини инкор қилдилар.

-Маҳбусларнинг ўлимига тоза ҳаво етишмаслиги, санитария нормаларига риоя қилинмагани ва қамоқ нозирлари томонидан калтакланиши сабаб бўлган, дейилади мазкур ҳисоботда.

Парламент ҳисоботига кўра, Муртазавий аксил-ҳукумат намойишлари чоғида ҳибсга олинган шахсларни Теҳрондаги Эвин қамоқхонасида сақлаш ўрнига, уларнинг барчасини Қаҳризак камоқхонасига юборган.

Маълум бўлишича, Эвин қамоқхонасида бу маҳбусларни сақлаш учун барча шарт шароитлар бўлган ва қамоқ расмийлари бу ҳақда Теҳрон прокурорини ҳам хабардор қилган.

Айтилишича, Қаҳризак қамоқхонаси расмийлари қўшимча маҳбусларни қабул қилишдан бош тортган, бироқ Теҳрон прокурори босимидан сўнг, расмийлар ўз розилигини берган.

Эрон расмийларига кўра, Қаҳризак қамоқхонаси маҳбусларни вақтинча сақлаш мақсадлари учун қурилган ва у ерда расмий қамоқхоналардаги каби тартиб жорий қилинмаган.

Парламент тафтиш қўмитаси матбуот вакили Козим Жалолий Қаҳризак қамоқхонаси хавфли жиноятчилар, жумладан, ноқонуний наркотик савдосида гумон қилинган шахсларни сақлаш учун қурилганини билдирди.

12 июн кунги президент сайловидан сўнг бўлиб ўтган намойишлар чоғида қўлга олинганлардан камида уч нафари қамоқхона нозирлари томонидан калтаклаб ўлдирилгани маълум бўлгандан сўнг Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ҳоманайи Қаҳризак қамоқхонасини ёпиш тўғрисида топшириқ берди. Мухолифат вакиллари қамоқ нозирларини маҳбусларни зўрлаганликда ҳам айблаганлар.

Бироқ парламент комиссияси ўз ҳисоботида бу каби иддаоларни рад этди.
XS
SM
MD
LG