Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:25

Грузияда Мухровани исёнчилари жазоланди


Мухровани ҳарбий базасида уюштирилган исёнда асосий гумондор бўлган шахс - махсус кучлар собиқ қўмондони Коба Кобаладзе маҳкама чоғида айбсиз топилиб, суд залида озод қилинди.
Мухровани ҳарбий базасида уюштирилган исёнда асосий гумондор бўлган шахс - махсус кучлар собиқ қўмондони Коба Кобаладзе маҳкама чоғида айбсиз топилиб, суд залида озод қилинди.

Ўтган йили май ойида Грузиянинг Мухровани ҳарбий базасида кўтарилган исён ташкилотчилари ва қатнашчилари узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилдилар.

Грузия маҳкамаси исён ташкилотчиларидан уч нафарини ҳукуматни ағдаришга уринганликда айблаб, уларни 19 йилдан 29 йилгача бўлган муддатларга озодликлар маҳрум этди.

Яна 16 кишига 3 йилдан 15 йилгача бўлган қамоқ жазолари тайинланди.

- Бу шахслар ҳукумат тўнтариши амалга оширишга уринганлик, ноқонуний тарзда қурол ва портловчи моддалар сақлаганлик ва бошқа турдаги жиноятларда айбдор, деб топилди, деди Грузия маҳкамаси расмийси Эка Арешидзэ.

Бу ишда асосий гумондор бўлган шахс - махсус кучлар собиқ қўмондони Коба Кобаладзе эса айбсиз деб топилиб, суд залида озод қилинди.

Аммо суд Кобаладзега қўйилган ноқонуний қурол сақлаганлик айбини ўз кучида қолдирди ва унга 8 ойлик қамоқ жазоси белгилади. Кобаладзе ҳибсга олинганидан буён бу муддатни аллақачон ўтаб бўлгани боис у озод қилинди.

2009 йил 5 май куни Кобаладзе қўмондонлиги остидаги Грузия Миллий гвардиясининг бронетанк батальони ҳарбий хизматчилари ҳарбий машқларда қатнашишдан бош тортиб, Тбилисидан 30 километр узоқликдаги Мухровани ҳарбий базасини ўз назорати остига олган ҳолда ҳукуматга бўйсунмаслик амалига қўл урган эдилар.

Тўрт соатдан зиёд давом этган сўзлашувлар ортидан Мухровани ҳарбий базаси хизматчилари қуролларини ташлашга қарор қилганди.

Ушбу ҳодиса ортидан Грузия ички ишлар вазирлиги исёнчилардан бир қанчасини, жумладан, генерал-майор Коба Кобаладзени, ўтган асрнинг 90-йилларда Грузиянинг "Делта" махсус кучларига қўмондонлик қилган Гиа Гваладзени ва танк батальони қўмондони Мамук Горгиашвилиларни ҳибсга олди.

Исён чоғида Мухровани ҳарбий базасида 500 нафар грузин аскари бўлган. Аммо улардан қанчаси исёнда қатнашгани маълум эмас.

Мухровани исёни Грузияда НАТО ҳарбийлари иштирокида ўтказилган ҳарбий машқлар билан боғлиқ бўлгани айтиб келинади. Ушбу машқлар Россиянинг кескин норозилигига сабаб бўлган эди.

Расмий Тбилиси амалга ошмай қолган исённинг ҳукуматни ағдаришга қаратилганини таъкидлаб, Россияни бу исëнга алоқадорликда айблаган. Аммо Россия томони бу айбловни кескин рад қилган.
XS
SM
MD
LG